Европа хариталарида тан олинган муҳим ҳақиқат Ўзбекистондаги мега лойиҳа экспозициясида
XVII–XVIII асрларда яратилган Европа хариталари Марказий Осиёни ноаниқ ҳудуд эмас, балки Бухоро, Самарқанд ва Хива каби аниқ илмий ва савдо марказлари жойлашган макон сифатида тасвирлай бошлаган. Бу хариталар орқали Европа илм-фани Ўзбекистонни қандай англаганини бугун Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида кўриш мумкин.
Европа хариталарида Бухоро, Самарқанд, Хива каби шаҳарларнинг мунтазам акс этиши бу ҳудуднинг сиёсий, савдо ва маданий аҳамияти юқори баҳоланганидан далолат беради.

Янги кузатувларга асосланиб тузилган. Дунё харитаси ёки Ер шарининг тасвири. Жан-Батист Луи Клуэ (тахм. 1730–1790). Париж, 1787-йил. 65 х 42 см.
XVIII аср охирига оид европалик Жан-Батист Луи Клуэ томонидан тузилган дунё харитасида Ер шари Ғарбий ва Шарқий яримшарларга ажратиб кўрсатилган бўлиб, Марказий Осиё “Grande Tartarie” номи остида берилган. Бу умумлаштирувчи атама орқали Европа илмий муҳитида минтақа яхлит географик макон сифатида тасаввур қилингани англашилади. Шу билан бирга, харитада Бухоро, Самарқанд ва Хива каби шаҳарларнинг аниқ қайд этилиши Ўзбекистон ҳудудининг географик ноаниқлик ичида ҳам алоҳида ажралиб турганини кўрсатади. Харита атрофини безаб турган глобуслар, астрономик асбоблар ва рамзий ҳайкаллар илм ва санъат уйғунлигини ифодалайди.

Ер шарининг умумий тавсифи. (Квадрат шаклга келтирилган дунё харитаси). Антонио Затта (1757–1797). Венеция, 1774-йил. 29 х 42 см.
Антонио Затта томонидан 1774 йилда Венецияда нашр этилган “Ер шарининг умумий тавсифи” харитаси эса Европа картографиясида илмий тажриба сифатида муҳим аҳамият касб этади. Квадрат шаклдаги проекция географик кенглик ва узунликларнинг аниқ ҳисобини беришга қаратилган бўлиб, бу харита Клуэ харитасига нисбатан аниқлик даражасининг ошганини кўрсатади. Унда ҳам “Tartarie” атамаси сақланган, Ўзбекистон ҳудудига тегишли шаҳарлар янада равшан ва тизимли ҳолда берилган.

Тарихий харита. Осиё харитаси. Гийом Делил (1675–1726) Париж, 1805-йил. 61,8 х 65,2 cм.
XVII асрларда илмий асосланган энг аниқ хариталар муаллифи Гийом Делилнинг Осиё харитаси Европа картографиясида илмий асосланган ёндашувнинг юқори босқичини акс эттиради. У араб географик мероси ва Европа экспедициялари маълумотларини уйғунлаштириб, Марказий Осиёнинг мураккаб географиясини нисбатан аниқ кўрсатган. Харитада “Grande Tartarie” марказий ўринни эгаллаган бўлса-да, Бухоро, Самарқанд, Хива каби шаҳарларнинг алоҳида белгиланиши Ўзбекистоннинг савдо йўллари, айниқса, Буюк Ипак йўли тизимида муҳим тугун эканини англатади.

Буюк Тартария ва унинг асосий қиcмларга бўлиниши. Жованни Жакома де Росси (1627–1691)Рим, 1683-йил. 44 х 55 см
XVII аср охирида Жованни Жакома де Росси томонидан тузилган “Буюк Тартария” харитасида эса Марказий Осиё турли қисмларга ажратилиб кўрсатилади. “Tartaria Moscovitica”, “Tartaria Chinensis” ва “Tartaria Indépendante” каби номланишлар Европа картографларининг минтақани сиёсий нуқтаи назардан фарқлашга уринаётганини кўрсатади. Бу харитада ҳам Ўзбекистон ҳудудига тегишли шаҳарлар доимий географик нуқталар сифатида акс эттирилган.

Тарихий харита. Тартария тавсифи. Николя Сансон (1600–1667) Париж, 1654-йил. 35,7 х 57 см
Николя Сансoн томонидан тузилган хариталарда Марказий Осиё ва Ўзбекистон янада умумлаштирилган ҳолда “Tartarie” номи остида берилган. Бироқ Каспий денгизи, Орол денгизи, Амударё ва Сирдарё каби муҳим географик объектларнинг қайд этилиши минтақа ҳақидаги билимлар аста-секин аниқлашиб бораётганини кўрсатади. Бухоро ва Самарқанднинг алоҳида кўрсатилиши эса бу шаҳарларнинг илмий ва сиёсий марказ сифатидаги нуфузини яна бир бор тасдиқлайди.

Тарихий харита. Осиё. Шарқ давлатлари. Иоганн Баптист Гоманн (1664–1724) Нюрнберг, 1710–1720-йиллар. 49 х 57 см
XVIII асрга келиб Иоганн Баптист Гоманн ва Николя де Фер хариталарида Ўзбекистон ҳудуди нафақат географик, балки геосиёсий нуқтаи назардан ҳам муҳим макон сифатида намоён бўлади. Бу хариталарда ҳудудлар ранглар орқали ажратилган, шаҳарлар ва савдо йўллари аниқ кўрсатилган. Де Фер харитасида Россия империясининг Шарққа қараб кенгайиши фонида Марказий Осиёнинг стратегик аҳамияти янада ёрқин акс этади.

Тарихий харита. Каспий денгизи ва Ўзбек мамлакати. Абрахам Маас (1641–1729) Нюрнберг, 1735 йил. 48 х 60 см
Абрахам Мааснинг 1735 йилда Нюрнбергда нашр этилган “Каспий денгизи ва Ўзбек мамлакати” харитаси эса Европа картографиясида Ўзбекистон номининг очиқ ва мустақил равишда қўлланиши билан алоҳида аҳамият касб этади. Унда “Usbeck” номи остида Хива, Бухоро, Самарқанд, Фарғона ва Туркистон воҳалари бир бутун ҳудуд сифатида тасвирланган. Бу ҳолат XVIII асрда Европа илм-фани Ўзбекистонни мустақил, аниқ географик ва сиёсий макон сифатида қабул қила бошлаганидан далолат беради.
– XVII-XVIII асрларга оид Европа тарихий хариталари юртимиз шаҳарларини Марказий Осиёнинг илмий, савдо ва стратегик маркази сифатида акс эттиради. Хариталар ўртасидаги қиёслар географик билимлар ривожлангани даражасини, Европа олимларининг минтақа ҳақидаги тасаввурлари умумлаштирувчи тушунчалардан аниқ илмий қарашларга ўтганини яққол намоён қилади. Бу хариталар нафақат география тарихи, балки Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрнини англашда ҳам қимматли манба ҳисобланади, – деди марказ катта илмий ходими Равшан Худайберганов.
Юқорида келтирилган хариталарнинг барчасини Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Иккинчи Ренессанс даври экспозициясида кўриш мумкин.
Дурдона Расулова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа