Илк бор тўрт нодир асарнинг асл қўлёзмаларини бир жойда кўриш мумкин

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олган "Хамса"лар
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида илк бор Шарқ адабиётининг тўрт нодир асарининг асл нусхалари бир маконда жамланди.
Хамсачилик — Шарқ халқлари адабиётидаги энг юксак ва мураккаб достоннавислик анъаналаридан бири. У бешта мустақил, аммо ғоявий жиҳатдан бир-бири билан узвий боғлиқ достондан иборат “Хамса” яратиш анъанасига таянади. Бу буюк адабий мактабга XII асрда озарбайжон шоири Низомий Ганжавий асос солган.

Низомийнинг “Панж ганж” (Беш хазина) деб ном олган “Хамса”си — ҳақиқий маҳорат мактаби
Низомийнинг “Панж ганж” (Беш хазина) деб ном олган “Хамса”си “Маҳзан ул-асрор”, “Хусрав ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Ҳафт пайкар” ҳамда “Искандарнома” достонларидан иборат. Кейинги асрларда ижодкорлар айнан шу асарларнинг мавзуи, сюжет қурилиши, образлар тизими ва ҳатто жойлашиш тартибини сақлаган ҳолда ўз “Хамса”ларини яратганлар.
Бу эса ҳар қандай шоир учун катта синов — ҳақиқий маҳорат мактаби бўлган.
Анъанага кўра, “Хамса”нинг биринчи достонида фалсафий ва ахлоқий масалалар илгари сурилади. Иккинчи ва учинчи достонлар муҳаббат орқали инсон ва жамият муносабатларини ёритади. Тўртинчи достон саргузашт руҳида бўлиб, унда адолатли шоҳ ғояси марказга чиқади.
Бешинчи, якунловчи достон эса барча ғояларни умумлаштириб, ижодкорнинг дунёқараши ва маънавий хулосаларини ифода этади.
Шарқ адабиёти тарихида бадиий қиммати турлича бўлган 50 дан ортиқ “Хамса” яратилган. Айрим ижодкорлар бутун “Хамса” ёзмасдан, фақат битта достонга жавоб битиб ҳам катта шуҳрат қозонган.
Фузулийнинг “Лайли ва Мажнун” асари ана шундай дурдоналардан бири ҳисобланади. Умуман олганда, “Лайли ва Мажнун” мавзуси хамсачиликда энг кўп қайта ишланган сюжет сифатида ажралиб туради.
Низомий ўз “Хамса”сини форс тилида ёзган бўлса, кейинги асрларда бу анъана туркий, урду, пушту, курд, арман ва бошқа тилларда давом эттирилди. Вақт ўтиши билан ижтимоий-сиёсий шароит ўзгарди, аммо “Хамса”нинг маънавий ўзаги сақланиб қолди.
Кавказорти, Ўрта Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон ва Покистон ҳудудларида бу анъана авлоддан-авлодга ўтиб келди.
– Туркий халқлар адабиётида хамсачиликни энг юксак поғонага олиб чиққан зот — Алишер Навоий бўлди. У туркий тилда “Ҳайрат ул-аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъаи сайёр”, “Садди Искандарий”дан иборат мукаммал “Хамса” яратди. Навоий Низомий Ганжавий, Амир Хусрав Деҳлавий ва Абдураҳмон Жомий анъаналарини давом эттирибгина қолмай, уларга инсонпарварлик ва миллий руҳ бағишлади, – деди марказ илмий котиби Рустам Жабборов.

Ўзбек адабий тилининг бойлиги, нафосати ва имкониятларини яққол намоён этган асар
Навоий “Хамса”си ўзбек адабий тилининг бойлиги, нафосати ва имкониятларини яққол намоён этди. Шу боис унинг таъсирида Фузулий, Ломий, Низорий, Хожа каби кўплаб шоирлар ўз достонларини яратишган.
Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойиш этилаётган ушбу “Хамса”лар шунчаки қўлёзмалар эмас. Улар нафақат тарихий далил, балки ўзбек адабий тили ва маънавий тафаккурини ўрганишда бебаҳо манба ҳисобланади. Улар бугунги авлодни ўтмиш билан боғлаб, келажакка маънавий йўл кўрсатиб турибди.
Дурдона Расулова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа