Буюк саркарда яратган энг мураккаб ақлий ўйин намойиши ҳайратларга сабаб бўлмоқда

 

Амир Темур шахмати Ислом цивилизацияси марказида


Нодир тафаккур маҳсули — Амир Темур даврига оид шахмат тахтаси ва доналари муляжи Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейида намойиш этилмоқда. Ушбу экспонат муаллифларидан бири Сардор Маҳмудовнинг қайд этишича, ушбу шахмат орқали Амир Темур давлат ва жамиятни доналар эмас, балки улар ўртасидаги муносабатлар белгилашини рамзий тарзда ифодалаган.

 

Инсоният тафаккури яратган энг нозик ва мураккаб ақлий ўйинлардан бири бўлган шахмат ўзининг чуқур фалсафаси, стратегик моҳияти ва юксак интеллектуал қиймати билан минг йиллар давомида турли цивилизациялар ҳаётида муҳим ўрин эгаллаб келган. Тарихий манбаларга кўра, шахматнинг илк кўриниши бўлган “чатуранг” ўйини беш минг йил аввал Ҳинд заминида пайдо бўлиб, ҳарбий тузилманинг тўрт асосий қисмини ифода этган. Бу ҳолатнинг ўзиёқ шахматнинг тасодифий ўйин эмас, балки ҳарбий тафаккур, стратегия ва давлат бошқаруви билан узвий боғлиқ эканини кўрсатади. Вақт ўтиши билан “чатуранг” Эрон орқали араб оламига кириб, “шатранж” номи билан кенг тарқалди. Араб халифалиги даврида шахмат ёзма анъанага солиниб, қоидалари тизимлаштирилди ва айнан шу жараён туфайли шахмат тарихига оид қимматли манбалар бизгача етиб келди. 

 

Шахмат ўйинининг бугуни ҳам, ўтмиши ҳам жуда долзарб аҳамият касб этгани билан бошқа ақлий ўйинлар ичидан алоҳида ажралиб туради. Амир Темур даврида шахмат оддий ўйин ёки вақтни мазмунли ўтказиш воситаси эмас, балки олам тузилишини англаш, ҳокимият ва масъулият моҳиятини тушунтириш ҳамда тафаккурни тартибга солиш учун яратилган рамз сифатида ҳам қаралган. 

 

Амир Темур даврида шаклланган шахмат тахтаси ва доналари реал ҳаётнинг ихчам, аммо чуқур маънога эга тимсоли бўлиб, унда давлат, жамият ва инсон ўртасидаги мувозанат мужассам этилган.

 

Айниқса, Амир Темур учун махсус ясатилган шахматлар ўзининг рамзий тузилиши билан ажралиб турган. Амир Темур шахматининг энг муҳим хусусияти — унинг уч қаторли (уч поғонали) концептуал тузилишидир. Бу тузилиш шунчаки техник жойлашув эмас, балки шарқона тафаккурга хос учлик фалсафасига асосланган. Шахмат тахтасидаги ҳар бир томон уч асосий қатламни ифодалаган бўлиб, улар бир-бирини тўлдирувчи ва мувозанатда ушлаб турувчи тизим сифатида талқин этилган. 

 

Юқори қатлам — бошқарув ва қарор маркази, ўрта қатлам — ҳаракат ва ҳимоя макони, қуйи қатлам эса таянч ва давомийлик тимсоли сифатида англанган. Юқори қаторда жойлашган шахмат доналари ҳокимият, масъулият ва тартиб рамзи эди. Шоҳ бу ерда шунчаки энг муҳим дона эмас, балки бутун тизимнинг маънавий маркази сифатида қаралган. Унинг чекланган ҳаракати ҳокимиятнинг чегараси, эҳтиёткорлиги ва масъулиятини англатган. Шоҳ атрофидаги кучли доналар эса марказлашган бошқарув, яқин маслаҳат ва ҳимоя тизимини ифодалаган. Бу қатлам Темурий давлат тафаккурида “марказ мустаҳкам бўлса, тузилма барқарор бўлади” деган ғояни рамзий тарзда акс эттирган. 

 

Европада Амир Темур яратган мураккаб шахмат тури ҳақида биринчи марта 1860 йили англиялик тилшунос олим Дункан Форбс “Шахмат тарихи” китобида маълум қилади. 

 

Сардор Маҳмудов, Марказ музейида жойлаштирилган Амир Темур шахмати муляжи муаллифларидан бири: 

 

– Буюк саркарда яратган шахматнинг замонавий шахматдан фарқи шундаки, “Темур шахмати” тахтаси овалсимон кўринишга эга бўлиб, катакхоналари бир хил рангда бўлган, ўн қатор, ўн бир устун ва 112 катакдан иборат (замонавий шахмат эса 64 катак ва 8 устун ҳамда қаторга бўлинган). Шахмат тахтасига иккита қўшимча катак ҳам қўшилган. Улардан бири чапдаги тўққизинчи қаторда, иккинчиси эса ўнгдаги иккинчи қаторда. Бу қўшимча иккита катак ўйин давомида суянч “қўрғонча” вазифасини ўташи кўзда тутилган ва у мазкур шахмат турида жуда муҳим ўрин тутган.

 

 

Амир Темур шахматининг энг муҳим хусусияти — унинг уч қаторли (уч поғонали) концептуал тузилишидир

 

Қайд этилишича, ўрта қатлам шахматнинг энг фаол ва динамик қисми бўлиб, у ҳаракат, стратегия ва мувозанат тимсоли ҳисобланган. Бу қаторда жойлашган доналар турли йўналишларда юриш имконига эга бўлиб, Темурий тафаккурда ҳарбий ва сиёсий маневр, вазиятга мослашув ва олдиндан режалаш ғояларини ифодалаган. Айнан шу қатлам шахматни тафаккур машқига айлантирган: бу ерда куч эмас, тўғри жойлашув, вақт ва фикр устувор бўлган. Амир Темур шахматни айнан шу жиҳати учун қадрлаган — у инсонни тез қарор қабул қилишга эмас, балки оқибатни кўра билишга ўргатган. Қуйи қатлам эса шахматнинг энг сокин, аммо энг муҳим рамзий қисмидир. Бу қатордаги доналар таянч, барқарорлик ва давомийликни англатган. Улар секин ҳаракат қилса-да, охир-оқибат юқори мақомга кўтарилиш имконига эга бўлгани билан алоҳида маъно касб этган. Бу тушунча Темурий даврда инсоннинг хизмат, садоқат ва сабр орқали юксалиши мумкинлиги ҳақидаги ғоя билан уйғунлашган. Шахматда айнан қуйи қатлам келажакни белгиловчи куч сифатида талқин этилган.

 

– Амир Темур даврида ясатилган шахмат доналарининг шакли ва материали ҳам рамзий маънога эга эди. Улар тасодифий безак эмас, балки тартиб, вазифа ва мақомни ифодаловчи аниқ белгилар асосида яратилган. Ҳар бир дона ўз чегарасини билган, ўз вазифасидан чиқмаган ва умумий тизимга хизмат қилган. Бу ҳолат Темурий давлат фалсафасининг шахматдаги аксидир: куч — тартиб билан, эркинлик — масъулият билан, ҳаракат эса мақсад билан уйғун бўлиши керак. Шу боис Темурий шахмат тахтаси кичик майдон бўлса-да, унда бутун бир олам модели мужассам эди. Уч қатордан иборат тузилма орқали ҳокимиятнинг манбаи, кучнинг ҳаракати ва барқарорликнинг асоси рамзий тарзда ифодаланган. Амир Темур учун шахмат доналари эмас, балки уларнинг ўзаро муносабати муҳим эди — чунки айнан шу муносабатларда давлат, жамият ва инсон тақдири акс этади, – дейди Сардор Маҳмудов. 

 

 

Уч қатордан иборат тузилма орқали ҳокимиятнинг манбаи, кучнинг ҳаракати ва барқарорликнинг асоси рамзий тарзда ифодаланган

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейининг Иккинчи Ренессанс даври бўлимидан жой олган Амир Темур шахматининг муляжи ташриф буюрувчиларнинг ҳар бирида алоҳида ҳайрат уйғотмоқда.

 

 

Лайло Абдукаххарова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин