Қибла компаси: Голландиядан махсус олиб келинган асбоб экспозицияда!

 

 

Ислом илмида қиблани аниқлаш масаласи астрономия ва геометрия тараққиётига туртки берган. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозициясидаги Қибла компаси ана шу илмий изланишларнинг юксак намунасидир.

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозициясидаги энг муҳим экспонатлар орасида Голландиядан махсус олиб келинган Қибла компасси ҳам бор. Ислом динида қибла йўналишини аниқлаш муҳим амалий аҳамиятга эга бўлган. Шу боис, асрлар давомида ислом олимлари, хусусан Марказий Осиё мутафаккирлари бу йўналишда жиддий илмий тадқиқотлар олиб боришган.

 

Экспозициядаги замонавий қибла кўрсатгич XVII–XVIII асрларда Исфаҳонда яратилган нусхалардан илҳомланган ҳолда тайёрланган. Асбоб илмий жиҳатдан Беруний томонидан ишлаб чиқилган ретро-азимутал проекцияга асосланган. Бу проекция қибла йўналишини юқори аниқликда аниқлаш имконини берган. Асбобда 100 дан ортиқ шаҳар координаталари акс эттирилган бўлиб, уларнинг катта қисми XV асрда Марказий Осиёда тузилган географик манбалардан олинган. Қибла кўрсатгичнинг эстетикаси ҳам ўзига хос: тўғри ва эллиптик чизиқлар, геометрия қонунларига асосланган безаклар уни нафақат амалий асбоб, балки юксак бадиий қимматга эга санъат намуналари сирасига киритади. Асбоб диаметри — 18 см, шаҳарлар инглиз тилида берилган, масофа кўрсаткичи километрларда ҳисобланган.