Янги Ўзбекистон қандай қурилмоқда?

Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодий очиқлик, ижтимоий адолат ва технологик тараққиёт йўлига қатъий қадам қўйди. Валюта эркинлаштирилди, солиқлар камайди, “яшил” энергетика ривожланди, камбағаллик икки баробарга қисқарди... Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилган “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” экспозициясида ана шу тарихий ўзгаришларга оид қарорлар ва рақамлар реал натижалар ва интерактив ечимлар орқали намоён этади. Бу экспозицияда мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва технологик ўзгаришларини ягона концепцияда кўрсатилган.
Мамлакатимиз тараққиётининг сўнгги саккиз йиллик босқичи, аввало, янгича иқтисодий муносабатлар ва янгича иқтисодий дунёқарашларга кенг йўл очди. Яъни бу давр Ўзбекистон тарихида бозор иқтисодиётига чуқур интеграция, очиқлик ва ижтимоий адолат тамойилларига асосланган туб ислоҳотлар даври бўлди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейининг “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” бўлим экспозициясида буни яққол аниқ факт ва далиллар билан кўриш мумкин.
Валюта ва молия тизимида тарихий бурилиш
2017 йилда Ўзбекистонда валюта бозори тўлиқ эркинлаштирилди. Натижада аҳоли ва тадбиркорлар илк бор банклар орқали чекловсиз валюта олди-сотдиси имкониятига эга бўлди. Бу қарор иқтисодий эркинликни таъминлабгина қолмай, хорижий инвестициялар оқимини сезиларли даражада оширди.
Солиқ тизими ҳам тубдан ислоҳ қилинди: жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 22,5 фоиздан 12 фоизга, ижтимоий солиқ 25 фоиздан 12 фоизга, қўшилган қиймат солиғи эса 20 фоиздан 12 фоизга туширилди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тага қисқартирилди. Бу ўзгаришлар бизнес муҳитини енгиллаштириб, тадбиркорликни рағбатлантирди.
Бюджет шаффофлиги ва жамоатчилик иштироки
Сўнгги йилларда бюджет тизимида очиқлик ва ҳисобдорлик мутлақо янги босқичга кўтарилди. Маҳаллий бюджетларнинг 10–30 фоизи жамоатчилик иштирокида тақсимланмоқда. Мол-мулк ва ер солиғи тушумларининг тўлиқ маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қолиши ҳудудларнинг молиявий мустақиллигини кучайтирди.
“Фуқаролар учун бюджет” нашри ҳамда openbudget.uz портали орқали фуқаролар ўз солиқлари қаерга ва қандай мақсадларда сарфланаётганини бевосита кузатиш имкониятига эга бўлди.
Ташқи савдо ва инвестициялар: очиқ иқтисодиёт сари
Ташқи савдонинг эркинлаштирилиши Ўзбекистонни минтақадаги энг жозибадор иқтисодий майдонлардан бирига айлантирди. 2017–2024 йилларда экспорт ҳажми 2,2 баробар, ташқи савдо айланмаси эса 2,7 баробар ошди. Товарларнинг 60 фоизи бўйича бож ставкалари «ноль» даражага туширилди.
80 дан ортиқ давлат билан инвестиция шартномалари имзоланди. Мамлакат бўйлаб 743 та саноат зонаси, жумладан 39 та махсус иқтисодий зона, 503 та кичик саноат зонаси ва 201 та ёшлар саноат ҳамда тадбиркорлик зоналари ташкил этилди.
Ижтимоий ҳимоя ва камбағалликка қарши тизимли ёндашув
Ўзбекистонда илк бор миллий камбағаллик чегараси жорий этилди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” каби механизмлар орқали 1,5 миллиондан ортиқ эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манзилли қўллаб-қувватланди.
Натижада 2021 йилда 17 фоизни ташкил этган камбағаллик даражаси 2024 йилга келиб 8,9 фоизга тушди. Бу рақамлар ижтимоий сиёсатнинг амалий самарадорлигини яққол кўрсатади.
Қишлоқ хўжалиги ва пахта ислоҳотлари
Аввалги йилларда давлат буюртмаси ва мажбурий шартномалар билан чекланган қишлоқ хўжалиги соҳасида бозор механизмлари жорий этилди. 2021 йилдан бошлаб ерлар фермерларга электрон аукцион орқали ижарага берила бошланди, давлат буюртмаси бекор қилинди.
2017–2024 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 1,7 баробар ошди. 2024 йилда Ўзбекистон сабзавот ва меваларини импорт қилувчи давлатлар сони 73 тага етди.
Энергетика ва «яшил» иқтисодиёт
Қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Қуёш панеллари ўрнатган хонадонлар учун субсидия ва компенсациялар жорий этилди, «яшил» энергетика объектлари ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинди.
Бугунги кунда мамлакатнинг 10 та вилоятида умумий қуввати 4 119 мегаватт бўлган қуёш ва шамол электр станциялари фаолият юритмоқда. 2025 йилнинг биринчи ярмида «яшил» манбалардан ишлаб чиқарилган электр энергияси жами генерациянинг 20,3 фоизини ташкил этди.
Уй-жой қурилиши ва урбанизация
Урбанизация илк бор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. 2017–2024 йилларда 35 миллион квадрат метр уй-жой қурилиб, 500 мингдан ортиқ оила янги хонадонга эга бўлди. Ипотека кредитлари учун 67,7 триллион сўм ажратилди.
57 та “Янги Ўзбекистон” уй-жой массивлари барпо этилиб, улар замонавий инфратузилма, ижтимоий объектлар ва яшил ҳудудлар билан таъминланди. Урбанизация даражаси 51 фоизга етди.
Транспорт ва шаҳарсозликда янги қиёфа
Тошкентда узунлиги 30,22 км бўлган ер усти ҳалқа метро линияси ишга туширилди. Тезюрар “Talgo-250” поездлари туфайли Тошкент–Қарши ва Тошкент–Бухоро йўналишларида қатнов вақти деярли икки баробар қисқарди.
Экспозицияда намойиш этилган “Toshkent City” мажмуаси пойтахтнинг замонавий қиёфаси, инвестициявий очиқлик ва урбанистик ривожланиш рамзи сифатида акс этади.
Миллий ва замонавий архитектура уйғунлигида барпо этилган ушбу мажмуа Ўзбекистоннинг инвестициявий очиқлиги ва иқтисодий салоҳиятини ифодалайди.

Шунингдек, BYD компанияси билан ҳамкорликда барпо этилган электромобил заводи макети мамлакат саноатининг янги, экологик тоза босқичга ўтаётганини кўрсатади.
Республика масъул вазирилик ва ташкилотлар томонидан ҳамжиҳатликда жамланган маълумотлар, таҳлиллар асосида шаклланган “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” бўлимида ушбу ислоҳотлар интерактив ва қизиқарли тарзда намойиш этилган. Экспозиция мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва технологик тараққиётини ягона концепцияда мужассам этади. Бу нафақат бугунги кун ютуқлари, балки Ўзбекистоннинг келажакдаги барқарор ривожланиш йўлини белгилаб берувчи тарихий босқичдир.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа