Илк кашфиётлардан юксалиш давригача: цивилизацион тараққиётни ноодатий кўринг ва ҳис қилинг


Неолит давридаги илк меҳнат қуролларидан тортиб, Суғд ва Фарғона орқали ўтган жаҳон савдо йўлларигача бўлган цивилизацион тараққиёт “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” тарихий барельефида яхлит тақдим этилмоқда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилаётган “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” барельеф экспозицияси нафақат тарихий фактларни, балки инсон маънавияти ва ижодий салоҳиятини ҳам кўрсатадиган йирик визуал ҳужжат сифатида тайёрланмоқда. Ушбу экспозиция орқали ташриф буюрувчилар Ўзбекистон ҳудудида шаклланган цивилизациялар ва уларнинг маданий, илмий ва иқтисодий ривожланиш жараёнларини ибтидодан ислом давригача кузатиши мумкин.
Илк инсон ва маданий тараққиёт: неолитдан бронза давригача
Барельеф тош асридан бошланиб, неолит, энеолит ва бронза давридаги илк давлатчилик ва шаҳарсозлик жараёнларини қамраб олган. Мазкур даврларда Ўзбекистон ҳудуди бўйича Сополлитепа, Қўйқирилган қалъа, Зараутсой каби археологик ёдгорликлар пайдо бўлган. Бу ерда инсоннинг оловни бўйсундириши, илк меҳнат қуроллари ва сополчилик технологиялари ривожланиши ҳамда ғилдирак, металл эритиш ва тўқимачилик каби илк технологиялар пайдо бўлиши визуал равишда намоён этилади.
Барельефда марказий образ сифатида кулол меҳнат ва ижоднинг уйғунлигини ифодалайди. Унга ёндош тасвирлар эса Калтаминор ва Чуст маданиятига оид кулолчилик буюмлари орқали илк эстетик ва маънавий меросни кўрсатади. Шунингдек, Сийпантош ва Сармишсой қоятош суратлари (петроглифлар) илк инсон тасаввурларини ва тотемистик эътиқодларни акс эттиради.
Бақтрия цивилизацияси: Шарқ ва Ғарбнинг учрашуви
Бақтрия қисмида ҳудудда шаклланган маданий марказлар, заргарлик буюмлари ва тангалар орқали аҳолининг эстетик қарашлари ва диний маросимлари ёритилади. Фаёзтепа – Буддавийлик ибодатхона мажмуаси ва Будда триадаси орқали буддавийлик динининг маҳаллий анъаналар билан уйғунлашгани кўрсатилади.
Барельефнинг марказида шахмат ўйини, Далварзинтепадан топилган қадимги шахмат донаси намуналари билан бирга, ижодий ва стратегик фикрлашни ифодалайди. Шунингдек, Александр Македонский ва Бақтрия саркардаси Оксиартнинг қизи Рухшона билан бирга тасвирланиши тарихий туташув ва геосиёсий алоқаларни очиб беради.
Хоразм цивилизацияси: илм ва маънавият уйғониши
Қадимги Хоразм қисмида Авесто китобидан олинган парча ва Зардуштнинг тасвири орқали маънавий ва ахлоқий ғоялар намоён қилинади. Деворда Қўйқирилган қалъа астрономик кузатув маркази сифатида акс эттирилган бўлиб, осмон сирларини ўрганиш ва илмга бўлган қизиқиш тарихий воқелик сифатида намоён бўлади.
Шунингдек, Оқшахонқалъа ва Қирққизқалъа каби археологик ёдгорликлар орқали шаҳарсозлик, мудофаа тизими ва илк гидротехника технологиялари ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилинади. Милоддан аввалги IV–III асрларга оид оссуарийлар ва ҳайкаллар орқали эътиқод ва санъат даражаси ҳам намоён этилади.
Суғд ва Фарғона цивилизациялари: маданий мерос ва иқтисодий алоқалар
Барельефдаги Суғд экспозициясида Спитамен, Варҳуш ва Панжакент каби марказлар орқали шаҳарсозлик анъаналари ва маданий ҳаёт ёритилади. V–VIII асрларга оид Кофирқалъа панноси ва Вархуман тасвири сўғд халқининг ҳаёт тарзи, урф-одатлари ва эстетик қарашларини очиб беради.
Қадимги Фарғона ва Чоч цивилизациялари қисмида туркий халқлар тарихидаги йилқичилик анъаналари, от савдоси ва Мўғтепа манзараси орқали меҳнат ва қишлоқ хўжалиги тарзи, афросиёб деворий суратлари орқали тарихий муҳит намоён этилади. Култегин ва Билга хоқон тасвирлари орқали руҳий мерос ва ёзув анъаналари ҳам тақдим қилинади.
Жаҳон савдо йўллари ва халқаро алоқалар
Обиджон Тангиров, Марказ катта илмий ходими:
– Барельефда жаҳон цивилизациялари тараққиётида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган Буюк Ипак йўли ва унга боғлиқ савдо-иқтисодий алоқалар ҳам акс эттирилган. Харитада савдогарлар ва карвонлар ҳаракати кўрсатилган, улар орқали қадимий иқтисодий ҳаёт ва моддий маданият визуаллаштирилади.
IV–VII асрларга оид этнографик образлар, нефрит ва стеатитдан ясалган қадимги тоштахталар воситасида Ипак йўлидаги ҳаётнинг тарихий аниқлиги ва эстетик бойлиги намоён бўлади.
“Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” нафақат визуал санъат асари, балки таълимий ва маърифий аҳамиятга эга йирик ҳужжатдир. Ушбу барельеф орқали ташриф буюрувчилар, айниқса ёш авлод, ибтидодан то исломгача бўлган давр цивилизацияларини, уларнинг маданий, илмий ва иқтисодий ривожланишини тизимли равишда англаб олади. Девор тарихий факт ва бадиий талқинни уйғунлаштириб, жамоатчиликда тарихий хотира, миллий ғурур ва маънавий юксалиш ҳиссини уйғотади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа