“Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”да 550 йиллик тарихнинг муҳим лаҳзалари муҳрланган

 

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейининг “Иккинчи Ренессанс даври”га оид “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”да соҳибқирон Амир Темурдан Бобурийларгача бўлган 550 йиллик тарихни миниатюралар ва визуал образлар орқали кўз олдингизда жонлантиради.


Бу қисм Амир Темурнинг ҳокимият тепасига чиқишидан тортиб, ўзбек хонликларининг шаклланишигача бўлган даврни қамраб олади ва тарихий шахслар, архитектура, илм-фан ва бадиий асарлар орқали воқеаларни жонли саҳнага айлантиради.

 

Рустам Жабборов, Марказ илмий котиби:

 

– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг “Иккинчи Ренессанс даври” экспозицияси “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”да миниатюра санъатига алоҳида ўрин берилган. Бу бўлимда Камолиддин Беҳзод, Маҳмуд Музаҳҳиб, Муҳаммад Мурод Самарқандий сингари кўплаб рассомларнинг ижодий ишларидан намуналар берилган. Шу билан биргаликда замонавий рассомларнинг ҳам тасвирий санъат намуналарига алоҳида ўрин ажратилган. Ушбу миниатюралар орқали “Иккинчи Ренессанс даври” муҳити, таълим тизими, ижтимоий ҳаёт, маданий юксакликлар ҳақида муайян тасаввур олиш имконияти мавжуд. Шунингдек, ушбу миниатюра намуналари айнан Амир Темур, Темурийлар, Шайбонийлар, Аштархонйлар ва бошқа сулолалар даврида санъат ва маданият қай даражада тараққий этганини яққол кўрсатиб беради.

 

Амир Темур: Мовароуннаҳрнинг илҳом берувчиси

 

Музейнинг “Иккинчи Ренессанс даври” бўлими “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”нинг асосий шахси соҳибқирон Амир Темурдир. Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”сидаги миниатюралар орқали Самарқанднинг ёрқин манзаралари, Бибихоним масжиди қурилиши ва Темурий иморатлари нафақат тасвирланади, балки тарихий воқеаларни ҳис қилиш имконини беради. Бу тасвирий санъат асарлари орқали томошабин Амир Темурнинг маърифатпарвар ҳукмдор сифатидаги шахсий ва сиёсий қиёфасини кўз олдига келтириши мумкин.


Амир Темурнинг даврида Мовароуннаҳрда фаолият кўрсатган меъмор, архитектор ва бадиий ижодкорлар орқали шаҳар ва масжидлар нафақат қурилган, балки маданий уйғонишнинг асосий марказларига айлангани барчага аниқ ва визуал равишда намоён этилади.

 

Улуғбек Мирзо ва жаҳон илм-фани


Экспозициянинг яна бир марказий қисмида Улуғбек Мирзонинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссасига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Темурийлар сулоласининг энг маърифатпарвар ҳукмдорларидан бири бўлган Улуғбек Мирзонинг даври жуда кўплаб кашфиётларга бой бўлган, унинг кутубхонаси ва тажрибасини Али Қушчи Истанбулга Усмонийлар саройига олиб келган. 1638 йилда Истанбулга инглиз олими Жон Грейвс ўзи билан Зижи Кўрагоний асарини Оксфордга олиб кетади ва уни таржима қилади. Буюк Британияда Бодлеан кутубхонасида Зижи Кўрагонийнинг қайдлари киритилган нусхаси, Оксфорд илм-фан тарихи музейида Улуғбек даври устурлоби сақланади. 

 

Катта эҳтимол билан 1671 йилда Лондонда бунёд этилган Гринвич айнан шу қўлёзма асосида бунёд этилган. Бугун Гринвич соати дунё вақтини белгилайди. 

 

Улуғбекнинг шахсий нефрит косаси ва миниатюралари, шунингдек Низомий “Хамса”си ва Ас-Суфийнинг “Китаби сиварил-кавакиб ас-сабита” китобидан олинган тасвирлар унинг шахсий ва илмий қиёфасини янада жонли кўрсатади. Бу миниатюралар томошабинга тарихий шахсни нафақат факт сифатида, балки воқеа марказида турган инсон сифатида ҳис қилиш имконини беради.

 

Алишер Навоий ғойибона устозлари билан суҳбатда

 

Ҳусайн Бойқаро ва Ҳирот маданий муҳити


Темурийлар Ренессансида Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоийнинг ҳиссаси ҳам алоҳида урғу билан берилган. Ҳирот манзаралари, Камолиддин Беҳзоднинг миниатюралари, Навоий ва Жомийнинг шахсий портретлари орқали шу даврдаги маданий ҳаёт нафақат кўрсатилади, балки томошабинда жонли саҳна яратилади. Ҳусайн Бойқаро илм ва маданий ҳомий сифатидаги қиёфаси билан шу тарихий саҳнага киритилган, ҳар бир миниатюра ва барельеф унга шижоат ва ҳаёт ҳиссини бағишлайди.

 

Бобур ва Бобурийлар мероси


Экспозициянинг яна бир муҳим қисми – Бобур ва Бобурийлар мероси. Марказ томонидан нашр қилинган Бобур куллиётининг 6 жилди, Бобур алифбосидаги Қуръони карим қўлёзмаси ва тарихий миниатюралар орқали экспозиция Бобурнинг шахсий ҳаёти ва авлодлари билан боғлиқ тарихини визуал равишда тақдим этади. Амир Темур ва унинг авлодлари билан боғлиқ миниатюралар шу қадар реал ва жонли бўлиб, тарихий воқеалар ҳақиқий саҳнада бўлиб тургандай ҳис қилинади.

 

Шайбонийлар ва Аштархонийлар даври


Темурийлардан кейинги давр – Шайбонийлар ва Аштархонийлар вақтидаги илм-фан, таълим ва маданий ҳаёт ҳам экспозицияда ўз ўрнини топган. Бу қисм орқали Марказий Осиёнинг XV-XVI асрлардаги сиёсий, илмий ва маданий ривожланишини тақдим қилинади.

 

Визуал ва маънавий таъсир


Экспозициянинг энг муҳим афзаллиги шундаки, у нафақат тарихий фактларни кўрсатади, балки миниатюралар орқали тарихий шахсларни ва воқеаларни ҳаётдаги саҳна каби жонлантиради. Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро, Навоий ва Бобур ҳар бири нафақат шахс сифатида, балки тарихий жараённинг жонли гувоҳи сифатида намоён қилинади.

 

“Иккинчи Ренессанс даври” миниатюралар композицияси – бу тарихнинг жонланган намойиши. Бу жонли саҳна орқали томошабин нафақат тарихий билимга эга бўлади, балки Темурий ренессанс руҳи ва Ўзбекистоннинг бой маданий меросини ҳис қилиб, таълимий ва маърифий таассуротга эга бўлади.

 

 

Дурдона Расулова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин