XV асрда сарой кутубхонаси қандай ишлаган?

 

 

 

Бу саволга жавобни беназир ҳужжат “Арзадошт” ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойиш этилаётган анимацион фильм беради.

 

“Арзадошт” ҳужжати Бойсунғур Мирзо сарой кутубхонасининг фаолиятини тарихий жиҳатдан ёритувчи ва беназир манба ҳисобланади. Бойсунғур Мирзо кутубхонаси нафақат китоб олами билан аҳамиятли, балки санъатнинг турли йўналишлари бўйича етук мутахассислар тўпланган, билим ва маҳорати бирлашган устахона эканлигини ҳам кўрсатади. Бу ерда усталар фақат безакли қўлёзма яратиш билан чекланмай, турли бадиий ва амалий ҳунармандчилик маҳсулотларини ҳам тайёрлашган. Шу жиҳати билан “Арзадошт” нафақат тарихий манба, балки Шарқ маданияти ва санъат мероси сифатида ҳам юксак қимматга эга.


Ҳужжат кутубхона раҳбари Камолиддин Жаъфар Бойсунғурий томонидан тахминан 1427–1431 йилларда Бойсунғур Мирзо учун тайёрланган расмий ҳисоботни ўз ичига олади. Ушбу ҳисоботда кутубхонада фаолият юритган китобат усталаридан 25 нафари аниқ қайд этилган. Бу маълумотлар сарой кутубхонасида амалга оширилган ишлар ва ундаги усталарнинг кўпқиррали маҳорати ҳақида бевосита тасаввур беради.

 

Бойсунғур Мирзо, китобат ҳомийси сифатида танилган шаҳзода бўлиб, Шарқ китобат тараққиётида янги даврни бошлаб берган сарой илмий муассасаси ва кутубхонасига асос солган. У 1397–1433 йилларда яшаб, атиги 36 йил ҳукмронлик қилган. Ёшлигидан хаттотлик ва мусаввирликни ўрганган, туркий ва форсий тилларда шеърлар ҳам ёзган.


1420 йилда отасининг қўллаб-қувватлаши билан Ҳиротда ўз китобхонасини ташкил этган. Ўша вақтда Ҳиротда Шоҳрух Мирзо саройида кўплаб хаттотлар, мусаввирлар, муқовасозлар ва наққошлар фаолият юритган. Маълумотларга кўра, Бойсунғур Мирзо китобхонасида 40 нафар хаттот фаолият олиб борган. Ушбу масканда Саъдийнинг “Гулистон”, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Жувайнийнинг “Тарихи Жаҳонкушо”, Хожу Кирмонийнинг “Ҳумой ва Ҳумоюн” асарлари кўчирилган.

 

“Арзадошт” ҳужжатининг тўлиқ нусхаси ҳозиргача топилмаган бўлса-да, унинг мавжуд қисмлари Бойсунғур Мирзо сарой кутубхонасининг фаолияти ва санъат мероси ҳақида муҳим маълумотлар беради.

 

1912 йилда швед дипломати Фредрик Мартин бу муассасани илк бор “Бойсунғур академияси” деб таърифлаган. Бу таъриф кутубхонадаги фаолиятнинг илмий аҳамияти ва унинг тарихий мерос сифатидаги ўрнини кўрсатади.

 

Китобхонанинг бош хаттоти Жаъфар Али Табризий Бойсунғур Мирзога усталар фаолияти ва уларнинг ижодий ютуқлари ҳақида доимий равишда ахборот бериб турган.


Бойсунғур Мирзо сарой кутубхонаси ва “Арзадошт” ҳужжати нафақат хаттотлик ва мусаввирлик санъати, балки бадиий ҳунармандчиликнинг турли йўналишларида яратилган маҳсулотлар билан ҳам аҳамиятлидир. Ушбу муассаса Шарқ китобат тарихида янги даврни очган, илмий ва маданий мерос сифатида замонавий тадқиқотчилар эътиборига лойиқ. 

 

Бугунги кунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Бойсунғур Мирзо китобхонаси номли анимацион фильм тайёрланмоқда, бу эса унинг аҳамиятини янада кўрсатиб, янги авлодга китобат ва сарой маданияти сирларини етказади.

 

 

Дурдона Расулова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин