Буюк муҳаддиснинг илмий сафар харитаси билан тарихга саёҳат қилинг

Ислом илмлари тарихида муҳаддисларнинг илм излаб сафарга чиқиши анъана ҳисобланган. Уламолар бошқа юртларга йўл олишдан аввал, аввало, ўз шаҳридаги барча ишончли ровийлардан ҳадисларни эшитиб, ёзиб олишни бурч деб билганлар. Ана шу шарафли илмий анъанага содиқ қолган буюк муҳаддислардан бири Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий эди.
Манбаларга кўра, Имом Бухорий ўн олти ёшга етгунига қадар Бухорода яшаб, ўз юртидаги машойихлардан ҳадис тинглаб, уларни ёзиб олган. Шу қисқа муддат ичида у илмда камол топиб, ишончли ровий даражасига етган. Кейинчалик эса ҳадис илмини мукаммал жамлаш йўлида бутун мусулмон оламини кезган улуғ алломага айланди.
825 йилда Имом Бухорий онаси ва акаси Аҳмад билан Маккага бориб, ҳаж ибодатини адо этади. Ҳаждан сўнг онаси ва акаси Бухорога қайтади, Имом Бухорий эса илмга бўлган чексиз ташналик сабабли Маккада қолишни афзал кўради. Бу қарор унинг бутун умрига татигулик илмий сафарларини бошлаб беради.
Имом Бухорийнинг яқин шогирди ва котиби Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорийнинг гувоҳлик беришича, Имом Бухорий ўн олти ёшидаёқ Имом Абдуллоҳ ибн Муборак ва Вақиъ ибн Жарроҳнинг асарларини ёд олган эди. Айнан шу далиллар унинг илк илмий сафари ҳижрий 210 (милодий 826) йилда бўлганини кўрсатади.
Макка ва Мадина ўша даврда ислом илмларининг энг муҳим марказлари эди. Имом Бухорий Маккадаги барча етук муҳаддисларнинг илмий мажлисларида қатнашиб, ҳадислар тинглади. 212/828 йилда, ўн саккиз ёшида Мадинага келиб, машҳур уламолар – Иброҳим ибн ал-Мунзир, Мутриф ибн Абдуллоҳ, Иброҳим ибн Ҳамза ва бошқалардан сабоқ олди.
Айнан Мадинада, Пайғамбар алайҳиссалом масжиди атрофидаги нурли кечаларда, Имом Бухорий ўзининг машҳур “Ат-Тарих ал-кабир” асарининг дастлабки қораламаларини ёзишга киришади.
Тарихчиларнинг якдил фикрича, Имом Бухорий гарчи узлуксиз бўлмаса-да, жами олти йилга яқин вақт давомида Ҳижоз – Макка, Мадина, Тоиф ва Жидда шаҳарларида бўлган.
Ҳижоздан сўнг Имом Бухорий илмий сафарини Ироқ томон давом эттиради. Басра, Куфа ва Бағдод ўша даврда йирик илм марказлари саналарди. Басрада у Имом Абу Осим Набил ва Сафвон ибн Исо каби машҳур уламолардан таълим олади. Имом Бухорийнинг ўзи: “Мен Басрага тўрт марта борганман”, дея эслаган.
Куфа ва Бағдодга эса бир неча бор сафар қилган. Аббосийлар халифалигининг пойтахти бўлган Бағдод илм-фан марказига айланган эди. Бу ерда Имом Бухорий Имом Аҳмад ибн Ҳанбал билан учрашиб, ундан чуқур илмий таъсир олган.
Манбаларда келтирилишича, Имом Бухорий Бағдодга саккиз марта сафар қилган. Охирги хайрлашув чоғида Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг: “Илмни ва илм аҳлини тарк этиб Хуросонга кетаяпсизми?” деган сўзлари кейинчалик Имом Бухорий томонидан чуқур изтироб билан эсланган.
Имом Бухорий илм излаб Шомга бориб, Муҳаммад ибн Юсуф Фирёбий каби уламолардан таълим олди. Мисрда эса Усмон ибн Солиҳ ва Абдуллоҳ ибн Солиҳ сингари муҳаддислардан ҳадислар ёзиб олди.
Шунингдек, Жазира минтақасида – Ҳаррон, Руҳо, Раққа ва Мавсил атрофида бўлиб, Аҳмад ибн Абдулмалик Ҳарроний каби забардаст ровийлардан сабоқ олди.
Хуросон ва унинг атрофидаги Марв, Балх, Ҳирот, Нишопур, Рай, Жибол ва Восит шаҳарлари Имом Бухорий энг кўп бўлган ва илм тарқатган масканлар ҳисобланади. Хатиб Бағдодий: “Имом Бухорий Хуросон, Ироқ, Ҳижоз, Шом ва Мисрнинг барча шаҳарларида ҳадис ёзган”, дея таъкидлайди.
Имом Бухорий бутун умрини ҳадис илмини мукаммал ўрганиш, текшириш ва жамлашга бағишлади.
Бугун ушбу буюк илмий риҳлатлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг “Биринчи Ренессанс даври” бўлимида махсус харита орқали намойиш этилиб, ташриф буюрувчиларни Имом Бухорийнинг илм йўлидаги буюк сафарлари билан таништирмоқда.
Шаҳноза Раҳмонова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа