Биринчи Ренессанс нима ва у нега бугун ҳам долзарб?
“Биринчи Ренессанс даври” экспозицияси
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилган “Биринчи Ренессанс даври” экспозицияси минтақамиз тарихида алоҳида ўрин тутган ислом уйғониш даврининг илмий, маънавий ва маданий юксалишини кенг қамровда намоён этади. Ушбу экспозиция орқали ташриф буюрувчи ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши натижасида бу ҳудуд қисқа фурсат ичида мусулмон дунёсининг етакчи илмий-маърифий ва диний-маънавий марказларидан бирига айланганига гувоҳ бўлади.
Экспозицияда акс эттирилишича, айнан шу заминда аниқ ва табиий фанлар, ижтимоий-гуманитар соҳалар жадал ривожланиб, таълим тизими янги босқичга кўтарилган. Шаҳарсозлик, меъморчилик ва санъат соҳаларида эса инсоният цивилизацияси тарихида муҳим ўрин эгаллаган оламшумул ютуқларга эришилган. Бу заминдан етишиб чиққан буюк алломалар ўзларининг илмий кашфиётлари ва маънавий мероси билан жаҳон тараққиётига беқиёс ҳисса қўшдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур масаланинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, қуйидагича фикр билдиради:
“…халқимизнинг яратувчилик даҳоси билан бунёд этилган ноёб меросни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақида яхлит тасаввур уйғотиш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш, бугунги мураккаб даврда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш муҳим вазифадир.”
Маълумки, ислом дини Арабистон яриморолида пайдо бўлган бўлса-да, ислом илм-фани ва тафаккурининг энг йирик намояндалари бизнинг заминимиздан етишиб чиққан. VIII–XIII асрларни қамраб олган мазкур тарихий давр экспозицияда “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” орқали ёритилган.
Бу бўлимда Умавийлар, Аббосийлар, Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар ва Чингизийлар каби йирик сулолалар ҳукмронлиги даври, уларнинг сиёсий, илмий ва маданий мероси билан яқиндан танишиш мумкин. Витриналарда нодир қўлёзмалар, амалий санъат намуналари ҳамда муҳим тарихий ҳужжатлар намойиш этилган.
Икки бошли бургут тасвири туширилган Салжуқийларнинг ҳукмдорлик рамзи
Экспозицияда сулолалар даврига оид ўзига хос меъморий ва бадиий мерос алоҳида ўрин эгаллайди. Салжуқийлар сулоласи белгиси ҳисобланган ХI–XII асрларга мансуб икки бошли бургут тасвирланган артефакт қадимдан куч-қудрат, донишмандлик ва илоҳий ҳимоя тимсоли сифатида эътироф этилган рамзлардан бири ҳисобланади.
Иброҳим алайҳиссаломнинг турган ўринлари
Шунингдек, экспозицияда Мақоми Иброҳим ёпинчиғи ҳам намойиш этилган. Ушбу ноёб артефакт 1859 йилда Усмонийлар империяси султони Абдулмажид фармони асосида тайёрланган.
Маҳмил - Кисвани ташиш учун безакли ёпинчиқ билан қопланган махсус замбил-мослама
Энг нодир экспонатлардан яна бири — Каъбапўшни тантанали тарзда ташиш учун мўлжалланган маҳмилдир. Илгари ҳар йили Мисрда тайёрланган кисва катта эҳтиром билан Макка шаҳрига олиб борилган. 1836 йилда султон Маҳмуд II буйруғи билан яратилган мазкур маҳмил ҳаж анъаналарининг бебаҳо тарихий гувоҳи сифатида эътироф этилади.

Кисва - Каъба эшигининг ёпинчиғи
Экспозициянинг марказий қисми ислом динининг энг муқаддас маскани — Каъбага бағишланган. Бу ерда Каъбапўшнинг парчалари ҳамда тарихий манбалар асосида қайта яратилган олтин эшик нусхаси намойиш этилади. Шунингдек, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз томонидан Ислом цивилизацияси марказига ҳадя қилинган каъбапўш парчаси ҳам алоҳида қимматли экспонат сифатида ўрин олган. Каъба эшигидаги катта кисва эса 1988 йил — қирол Фаҳд ибн Абдулазиз ҳукмронлиги даврига мансуб.
Бундан ташқари, XIII асрга оид Каъба дарвозаларининг асл калитлари ҳам экспозициядан ўрин олган бўлиб, мамлуклар даврига тегишли.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) томонидан ёзилган мактубнинг аниқ нусхалари
Экспозицияда Пайғамбаримиз Муҳаммад (s.a.v.) томонидан турли давлатлар ҳукмдорларига йўлланган тинчлик, адолат ва ҳамжиҳатликка даъват этувчи мактубларнинг аниқ нусхалари ҳам намойиш этилмоқда.
Гўзалхон Ваҳобова, катта илмий ходим:
– Ушбу бўлим экспозициясида тайёрланган “Байт ал-Ҳикма” — “Донишмандлик уйи” капсуласида Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний каби буюк алломаларнинг илмий мероси кенг ёритилган. Нил дарёси сув сатҳини ўлчаш учун яратилган нилометр макети эса илм-фаннинг амалий аҳамиятини яққол кўрсатади.
Аниқ ва табиий фанлар капсуласида Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний сингари алломаларнинг ноёб қўлёзмалари, илмий асарлари, шу жумладан, “Тиб қонунлари” асари, қибла компаси ва XII асрга оид астурлоб намойиш этилган.
Ислом илоҳиёти ва ҳадис илмига бағишланган капсулаларда эса Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг бебаҳо илмий-маънавий мероси кенг ёритилиб, уларнинг диний бағрикенглик, илмий тафаккур ва маърифатли жамият барпо этишдаги ўрни алоҳида таъкидланади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг “Биринчи Ренессанс” экспозицияси ислом уйғониш даврининг илмий, маданий ва маънавий юксалишини замонавий талқинда намоён этиб, ўтмиш билан бугун ўртасида мустаҳкам маънавий кўприк вазифасини бажармоқда.
Шаҳноза Раҳмонова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа