“Бу жаҳон аҳамиятига эга бебаҳо бойлик”

 

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Грузиянинг йирик энергетика компанияси — Petrocas вакиллари ташриф буюрдилар.

 

Ташриф давомида меҳмонлар марказда ташкил этилган илмий-маърифий экспозициялар, жумладан, исломдан аввалги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётига бағишланган бўлимлар билан яқиндан танишдилар.

 

Экспозицияларда аждодларимиз қолдирган бой маънавий ва илмий мерос, турли тарихий даврларга оид нодир артефактлар, шунингдек, замонавий рақамли технологиялар асосида тақдим этилган интерактив намойишлар меҳмонлар эътиборини тортди. Айниқса, жаҳон илм-фани тарихида муҳим аҳамиятга эга бўлган глобус каби илмий ихтиролар намойиши юқори баҳоланди.

 

 

Ташриф якунида ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан, компания вакили Алексей Догонкин қуйидагиларни таъкидлади:

 

"Бу масканда бир кунда барчасини тўлиқ англашга вақт етмаслиги аниқ. Бу жуда улуғвор бино, ҳақиқатан ҳам буюк меъморий иншоот. Бу ерда тарих, фан ва цивилизация тараққиёти бир маконда жамланган. Ислом цивилизациясининг шаклланишидан тортиб, Иккинчи Ренессанс давригача бўлган илмий ва маданий меросни яхлит ҳолда кўриш мумкин. Бу жаҳон аҳамиятига эга бебаҳо бойлик".

 

Мазкур ташриф Ўзбекистоннинг бой тарихий ва илмий меросини халқаро жамоатчиликка кенг тарғиб этиш, шунингдек, маданий-маърифий соҳадаги халқаро мулоқотни янада ривожлантиришга хизмат қилади.