Ҳеч қандай сир йўқ: Франция қироли Карл VI нинг Амир Темурга йўллаган мактуби очиқ-ойдин тақдим этилмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида намойиш этилаётган бир мактуб ўтмиш ва ҳозирни боғлайди. У Амир Темур ва Франция қироли Карл VI ўртасидаги дипломатик мулоқотнинг тирик гувоҳи ҳисобланади. Буюк саркарда Амир Темур тарихда қилич билан эмас, қалам билан ҳам ғалаба қозонган давлат арбоби сифатида намоён бўлади.
Соҳибқирон Амир Темур нафақат буюк ҳарбий ва давлат арбоби сифатида, балки дипломатик маҳорати ва давлатлараро муносабатларни самарали ривожлантириш қобилияти билан ҳам тарихда эътироф этилган. Унинг дипломатик фаолияти, айниқса Европанинг йирик давлатлари билан алоқалари, давлатлараро муносабатларнинг қонун-қоидалари ва савдо алоқаларини тартибга солишда муҳим аҳамият касб этади.
Буюк саркарданинг Европа қироллари билан муносабатлари, айниқса Франция қироли Карл VI билан ёзишмалари алоҳида тарихий аҳамиятга эга. 1394 ва 1399-йилларда Амир Темур ҳузурига келган Византия императорига ҳамроҳлик қилган Франсуга Сандронинг қўлида Франция қиролининг Соҳибқирон номига ёзилган мактуби бор эди. Карл VI Амир Темур орасидаги ёзишмаларнинг бир қисми ҳозирда Франция ҳужжатлар архивида сақланиб қолган.
Соҳибқироннинг Франция қиролига ёзган, лотинча таржимаси етиб келган иккинчи мактуби ҳам 1402 йил 1 август санаси билан белгилаган. Ҳар икки мактуб архиепископ Иоанн III томонидан Францияга етказилган.
Амир Темурнинг ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги ташаббуси Франция қироли томонидан мамнунлик билан қабул қилингани 1403 йил 15 июнда Карл VIнинг Соҳибқирон номига йўллаган мактубида ўз ифодасини топган. Амир Темур ҳам, Карл VI ҳам ўзаро дўстлик ва бирдамликдан ҳамда савдо битими тузишдан манфаатдор бўлганини мазкур мактублардан англаш мумкин.

Франция қироли Карл VI нинг Соҳибқиронга йўллаган мактуб нусхаси
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олган қирол Карл VI нинг Соҳибқиронга йўллаган мактуб нусхаси ана шулардан бири. Карл VI ўз мактубида ҳар икки давлат ўртасида ҳурмат ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш истагини билдириб, Амир Темурнинг Боязид устидан қозонган ғалабасига хурсандчилик билдирган. Шунингдек, у савдогарлар ва фуқаролар учун тинчлик ва хавфсизлик кафолатини бериб, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг барқарорлигини таъкидлайди. Карл VI нинг бу мактуби Амир Темурнинг сиёсий ва ҳарбий ютуқларига нисбатан ҳурмат ва дипломатик муносабатларни ривожлантиришдаги масъулиятни кўрсатади.
Унда жумладан шундай сўзлар ёзилган:
“Амиру кабир Темур Кўрагон, умрлари узоқ бўлсин! Малик Ре Де Франса ўзининг бу дўстидан юз мингларча салом ва эзгу ниятларни бир жаҳон орзулар билан бирга қабул қилгай! Дуоларни етказгандан сўнг, у улуғ амирга маълум бўлгайким, таълим берувчи (монах) Фри Франсискос бу тарафга етиб келди ва подшоҳона мактубни етказиб, у улуғ амирнинг шуҳрати, олийжаноблиги ва улуғворлигини сўзлаб берди. Биз ғоят хурсанд бўлдик. У яна сизнинг кўп сонли лашкар билан отланиб, Оллоҳ Таолонинг қўлларида бизнинг ва сизнинг душманларимизни забун этганлигимизни айтди. Сўнгра биз Султониянинг мор-хассе-архиепископи Фри Иоанни ҳузурингизга йўлладик, ҳар неки воқе бўлган бўлса, хизматингизга арз қилгай. Бизнинг у улуғ амирдан кутганимиз шулдурки, доимо бизга шоҳона мактубларни юбориб, саломатликларини билдириб турсалар, токи биз хотиржам бўлгаймиз. Яна, сизнинг савдогарларингиз бу тарафга қатнаб турсалар, биз бу ерда уларни азизу макаррам тутғумиздир, шунингдек, бизнинг савдогарлар у тарафга юборилса, сиз ҳам уларни азизу мукаррам тутсангиз, ҳеч кимса уларга зўрлик қилмаса ва зарар-заҳмат етказмаса! Чунки дунё савдогарлар билан ободдир! Бундан ортиқ нима таклиф қилай?! Давлат кўп йиллар ҳамкорликда бўлғай, вассалом! Саккиз юз бешинчи ҳижрий йили муҳаррам ойи бошида (1402 йил 1 август) битилди.
Франция қироли Карл VIнинг 1403 йилда ёзилган жавоб мактуби ҳам дипломатия тарихида катта аҳамиятга эга. Мактуб лотин тилида бўлиб, архиепископ Иоанн орқали Самарқандга етказилган.

Амир Темурнинг Карл VI га юборган мактуб нусхаси
Амир Темурнинг Карл VI га юборган мактублари дипломатиядаги самарали ва стратегик ёндашувнинг намоён намунаси бўлиб, улар орқали XV асрдаги давлатлараро муносабатлар, савдо ва сиёсий алоқалар ҳақиқий маънода очиб берилган.
Шунингдек, бу ёзишмалар Амир Темурнинг дипломатик маҳорати, халқаро сиёсатдаги фаоллиги ва давлат арбоби сифатидаги устунликларини яққол кўрсатади. Улар нафақат тарихий ҳужжат сифатида, балки халқаро алоқалар ва дипломатияни ўрганишда ҳам қимматли манба ҳисобланади. Амир Темурнинг Франция қироли Карл VI билан алоқалари XV асрдаги давлатлараро ҳамкорлик ва дипломатик муносабатларнинг ноёб намунаси сифатида тарихдаги аҳамиятли воқеалар қаторида сақланиб қолган.
Мактубларнинг Ислом цивилизацияси маркази музейи “Иккинчи Ренессанс даври” бўлими экспозициясида намойиш этилиши тарихий аҳамиятга эга бўлиб, давлатлараро дўстлик, савдо ва ҳамкорликнинг асрлар оша сақланиб келаётган қадриятлари ҳақида кенг тасаввур беради.
Дурдона Расулова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа