Минг йиллик карвонлар йўли замонавий музейда яна “ҳаракатланмоқда”

 

"Буюк ипак" йўли

 

Қадимги карвонлар изи, Буюк Ипак йўли, Ложувард йўли, Буюк Шоҳ йўли, Кумуш йўли ва Буюк Ҳинд йўли, цивилизациялар ўртасидаги алоқалар ва маданий алмашув жараёнлари, интерактив лойиҳалар, экспонатлар ҳамда замонавий видеороликлар... Яъни қачонлардир ўтган карвонлар бугун Ислом цивилизацияси марказида яна “ҳаракатланмоқда”...

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига қадам қўйган ташриф буюрувчи тарихни томоша қилибгина қолмай, балки унинг бевосита иштирокчисига айланади. Айниқса, Марказ музейининг “Исломдан аввалги давр” экспозициясида жойлашган Қадимги савдо йўллари зали меҳмонни минг йилликлар қаърига етаклайди.

 

“Қадимги савдо йўллари” экспозицияси


Марказ экспозициясининг марказий мавзуларидан бири бўлган “Қадимги савдо йўллари” экспозицияси бугунги музейшуносликнинг энг илғор ёндашувларини ўзида мужассам этган. Экспозицияда Буюк Ипак йўли, Ложувард йўли, Буюк Шоҳ йўли, Кумуш йўли ва Буюк Ҳинд йўли каби тарихий йўналишлар кенг қамровда ёритилмоқда. Рақамли хариталарда карвонлар ҳаракати аниқ йўналишлар бўйлаб намоён бўлади, экранларда эса савдо йўллари туташган шаҳарлар, бозорлар ва карвонсаройлар навбатма-навбат гавдаланади.

 

Залда ҳар бир детал бежиз танланмаган. Хариталар, рақамли панеллар ва визуал эффектлар орқали Марказий Осиё ҳудуди асрлар давомида қандай қилиб Шарқ ва Ғарбни боғлаб турган муҳим тугун бўлгани очиб берилади. 

 

“Ўзбекистон пахта Ватани” инсталляцияси


Шу маънода, залда намойиш этилаётган “Ўзбекистон пахта Ватани” инсталляцияси қадимги иқтисодий ва маданий алоқаларнинг ёрқин намунаси сифатида алоҳида эътиборни тортади. Исломдан аввалги давр экспозициясида, айнан Қадимги савдо йўллари залида жойлашган ушбу инсталляция мамлакатимиз ҳудудларида пахта қадимдан етиштириб келинганини яққол намоён этади.

 

Инсталляция ҳақиқий ғўзапоялар ва ундаги пахта чаноқлари кўринишида ишланган бўлиб, у табиийлик ва тарихий ишонч уйғотади. Хорижий меҳмонлар ва тадқиқотчиларда бу экспозиция пахта ўсимлигининг келиб чиқиши, уни қадимда етиштириш усуллари, деҳқончилик анъаналари ҳақида аниқ ва визуал тасаввур ҳосил қилмоқда. Бу манзара орқали пахтанинг шунчаки қишлоқ хўжалиги маҳсулоти эмас, балки асрлар давомида савдо, ҳунармандчилик ва иқтисодий тараққиётга хизмат қилган стратегик бойлик бўлгани англашилади.

 

Интерактив панеллар орқали ташриф буюрувчи муайян йўлни танлаб, у орқали ташилган товарлар, бир неча халқлар ўртасида ўрнатилган алоқалар, савдо марказига айланган шаҳарлар ҳақида маълумот олади. Бу жараён тарихий фактларни қуруқ санаб ўтиш эмас, балки визуал ва аниқ тажриба сифатида қабул қилиш имконини беради.

 

Марказий Осиё сопол кўзалари. Исломдан аввалги давр

 

Экспозициянинг яна бир муҳим жиҳати — моддий маданият намуналаридир. Бу ерда намойиш этилаётган археологик топилмалар, нумизматик ашёлар, тўқимачилик ва ҳунармандчилик буюмлари қадимги савдо йўлларининг реал, кўзга кўринадиган далили ҳисобланади. Бадахшон ложуварди, ипак матолар, чарм буюмлар, металл ва кулолчилик маҳсулотларининг карвонлар орқали бошқа ҳудудларга тарқалиш жараёни видеороликлар ва инфографикалар билан уйғунлаштириб кўрсатилади.


Айниқса, экспозициядаги мультимедиа ва видеоконтент алоҳида таъсирга эга. 3D-анимациялар орқали қадимги шаҳарлар қайта тикланган, карвонлар йўлга чиқади, бозорларда ҳаёт қайнайди. Панорамали видеолар эса ташрифчини гўё Самарқанд, Марв ёки Бақтрия бозорига олиб киргандек таъсир қолдиради. Бу видеолар тарихни фақат кўрсатмайди, балки уни ҳис қилишга ундайди.

 

Марказда амалга оширилаётган интерактив лойиҳалар экспозицияни янада жонлантирди. Махсус ишлаб чиқилган видеоўйинлар ва рақамли симуляциялар орқали ташрифчи қадимги карвон бошлиғи ролини бажаради, савдо йўлини режалаштиради, товар айирбошлайди ва турли маданиятлар билан алоқа ўрнатади. Бу эса ёш авлод учун тарихни ўрганишнинг мутлақо янги, қизиқарли усулини яратган.

 

Қадимги савдо йўллари марказда тўқимачилик ва ипакчилик тарихи билан чамбарчас намойиш этилган. Исломдан аввалги даврга оид тўқимачилик анъаналари, ипак, жун, пахта, намат, чарм ва зандана матолари ишлаб чиқариш жараёнлари визуал равишда кўрсатилади. Экспозицияда тўқимачилик ускуналарининг эскизлари ва реконструкциялари ҳам ўрин олган.

 

Ислом цивилизацияси марказида қадимги савдо йўлларининг бундай кенг ва замонавий тарзда ёритилиши уларнинг фақат иқтисодий аҳамияти билангина чекланмаганини кўрсатади. Балки савдо йўлларини илм-фан, дин, санъат ва ғоялар тарқалган маданий мулоқот майдони сифатида талқин этади. Айнан шу йўллар орқали цивилизациялар ўзаро таъсирлашган, бойиган ва ривожланган.

 

Бугун Ислом цивилизацияси маркази ушбу тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни янги авлодга замонавий тилда етказмоқда. Интерактив технологиялар, экспонатлар ва видеороликлар уйғунлиги бу маконни оддий музей эмас, балки тарих билан мулоқот қиладиган тирик майдонга айлантирмоқда.

 

 

Дурдона Расулова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин