Россиялик бизнес вакиллари Ислом цивилизацияси марказида тарихга саёҳат қилди
Россиялик меҳмонлар Ислом цивилизацияси марказида қадимги тақинчоқлар, нодир заргарлик буюмлари ва рақамли реконструкциялар орқали Марказий Осиё маданияти сирларига гувоҳ бўлдилар.
Ташриф доирасида Россия Федерациясида фаолият юритувчи WRF Group (Novikov Group) компанияси вакиллари Марказ экспозицияларида намойиш этилаётган исломдан олдинги давр маданияти, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, шунингдек, Янги Ўзбекистон тараққиётига бағишланган илмий-маърифий материаллар билан яқиндан танишдилар.
Айниқса, исломдан олдинги Марказий Осиё маданиятига оид экспонатлар — қимматбаҳо тақинчоқлар, заргарлик буюмлари ва бадиий безаклар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу экспонатлар орқали қадимги жамиятларда эстетик дид, ижтимоий мақом ва маънавий қарашлар қандай шаклланганини кузатиш мумкинлиги таъкидланди.
Экспозицияларда намойиш этилган олтин, кумуш ва қимматбаҳо тошлар билан ишланган тақинчоқлар нафақат зеб-зийнат буюмлари, балки муайян давр ҳокимияти, урф-одатлари ва рамзий тафаккурининг бадиий ифодаси сифатида ҳам талқин этилди. Экспонатларнинг илмий тавсифи ва хронологик изчиллиги меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди.
Ташриф жараёнида рақамли технологиялар асосида ташкил этилган интерактив намойишлар, мультимедиавий ва визуал реконструкциялар тарихий жараёнларни чуқурроқ англаш имконини берди. Бу эса Марказда тарихий меросни замонавий усуллар орқали оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини намоён этди.
WRF Group (Novikov Group) вакилларидан бири ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан, қуйидагиларни таъкидлади:
“Исломдан олдинги даврга оид қимматбаҳо тақинчоқлар экспозицияси бизда катта таассурот қолдирди. Бу буюмлар орқали қадимги халқларнинг нафақат бойлиги, балки уларнинг дунёқараши, санъатга муносабати ва маънавий олами яққол намоён бўлади. Экспозициянинг замонавий технологиялар билан уйғунлиги тарихни жонли ҳис этишга хизмат қилади”.
Меҳмонлар, шунингдек, Марказда ислом цивилизацияси тарихи исломдан олдинги маданий мерос билан узвий боғлиқ ҳолда, яхлит цивилизациявий жараён сифатида ёритилаётганини алоҳида эътироф этдилар.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа