Каъба эшиги калитлари – Ўзбекистонда!

 

 

Ислом тарихидаги энг масъулиятли ва муқаддас омонатларнинг икки нодир намунаси бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олган. У томошабинни Маккаи Мукаррамадан бошланиб, бутун ислом тарихини қамраб олган маънавий саёҳатга етаклайди.

 

Ислом оламидаги энг улуғ ва муқаддас маскан Каъба ибодат рамзи, бутун мусулмон уммати учун ишонч ва масъулият тимсолидир. Ана шу улуғ масканнинг эшигини очувчи калит эса асрлар давомида ўзига хос муқаддас буюм сифатида эъзозланиб келинади. Каъба эшиги калити оддий металл буюм эмас,  у тарих, эътиқод ва омонат тушунчасини мужассам этган ноёб рамздир. Бугун ана шу ноёб рамзнинг икки намунаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг “Биринчи Ренессанс даври” бўлими экспозициясида жойлаштирилган.

 

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам давридан буён Каъба эшиги калитини сақлаш ва Каъбага қоровуллик қилиш шарафи Бани Шайба қабиласига ишониб топширилган. Бу масъулиятли вазифа бир неча асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб, бугунги кунга қадар узлуксиз давом этиб келмоқда.


Каъбага хизмат қилиш ва уни очиб-ёпиш вазифаси араб тилида “Сидана ва ҳижоба” деб аталади. Ушбу шарафли вазифа илк бор Исмоил алайҳиссалом қўлида бўлган, кейинчалик эса Журҳум, Хузоъа қабилалари орқали Қурайш етакчиси Қусай ибн Килобга, ундан эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврига қадар етиб келган.

 

Ҳижрий саккизинчи йилда Макка фатҳ этилгач, Пайғамбаримиз Каъба калитини вақтинча олиб, Каъбани очиб кирдилар. Аммо улар бу масалада адолат ва омонатга содиқликни устувор деб билиб, Қуръон оятига амал қилган ҳолда калитни яна аввалги эгасига – Усмон ибн Талҳа (р.а.)га қайтариб бердилар. Бу воқеа Қуръони каримдаги: “Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга буюради…” (Нисо сураси, 58-оят) оятининг амалдаги ёрқин намунаси бўлди.

 

Каъба эшиги калитлари ўзининг санъаткорона ишланиши, зарҳал безаклари ва Қуръон оятлари билан безатилгани билан алоҳида ажралиб туради. Улар кўпинча Каъбанинг очилиш маросимларида ишлатилган бўлиб, диний маросимларнинг ажралмас қисми саналади. Ҳар бир калит ўз даврининг муҳитини акс эттиради.

 

Бугунги кунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг “Биринчи Ренессанс даври” бўлими экспозициясида Каъба эшиги калитларининг икки ноёб намунаси намойиш этилмоқда. Ушбу экспонатлар милодий ХIII асрга оид бўлиб, Мамлуклар даврида ясалган.

 

 

Абдурасул Яхшибоев, Марказ илмий ходими:

 

“Экспозицияда намойиш этилаётган Каъбанинг икки калити мамлуклар даврига мансуб бўлиб, мисдан, жездан ясалиб, кумуш билан қадама усулида безатилган ва Ҳаж сурасининг 27-ояти ўйиб ёзилган. Иккинчиси эса Тоҳо сурасининг 14-ояти билан безатилган. 


Ушбу калитларнинг узунлиги 17 ва 17,5 сантиметрни ташкил этади. Калитлар ва ундаги битиклар – бу шунчаки музей экспонатлари эмас. Улар вақт ва макон чегараларини ошиб ўтган, ислом тарихининг жонли гувоҳларидир.


Маккаи Мукаррамадан, Байтуллоҳнинг қоқ юрагидан келтирилган бу табаррук ёдгорликлар эндиликда Ўзбекистон заминида, Ислом цивилизацияси марказида турибди. Бу эса бежиз эмас. Бу – Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк муҳаддисларни тарбиялаган юртимизга бўлган юксак эҳтиром ва ишонч рамзидир.”

 

 

Ҳозирги кунда Каъба эшиги калити Бани Шайба авлодлари қўлида сақланмоқда. Бугунги кундаги замонавий калит соф олтиндан ясалган бўлиб, узунлиги қарийб 40 сантиметрни ташкил этади ва махсус ипак қутида сақланади. Ушбу қути ҳар йили Каъба кисваси тайёрланадиган махсус фабрикада янгиланади.

 

Каъба эшигининг ҳозирги қулфи эса тарихий анъаналарга содиқ қолган ҳолда, 1891 йилда Усмоний султони Абдулҳамид томонидан ясалган қулф асосида 1979 йилда қайта ишланган. Унда Саудия Арабистони қироли Холид ибн Абдулазиз номи ўйиб ёзилган.

 

Бугун ушбу муқаддас буюм Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойиш этилар экан, у томошабинни тарих саҳифаларига, эътиқод, адолат ва ислом меросининг теран маънавий қатламларига етаклайди.

 

Шаҳноза Раҳмонова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин