Интерактив харита, қўлёзмалар ва аватар билан Амир Темур салтанатига тарихий саёҳатга тайёрмисиз?

 

 

Ислом цивилизацияси маркази музейининг “Иккинчи Ренессанс даври” бўлимида ташкил этилган “Амир Темур сектори” меҳмонларни буюк Соҳибқирон даврига олиб киради. Интерактив харита, нодир қўлёзмалар, меъморий макетлар ва сунъий интеллект асосида яратилган аватар экспозицияни янада жонли қилади.

 

Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида Амир Темур ҳаёти, давлатчилик фаолияти ва темурийлар даврига оид бой тарихий меросни қамраб олган махсус “Амир Темур сектори” ташкил этилган. Ушбу сектор буюк Соҳибқироннинг сиёсий, ҳарбий, маънавий ва маърифий фаолиятини илмий асосда, замонавий экспозиция ва интерактив технологиялар орқали ёритиб беришга қаратилган.

 

Экспозициянинг марказий қисми — махсус тач-панелга жойлаштирилган Амир Темур салтанатининг интерактив харитаси ҳисобланади. Унда 1370 йилда Амир Темурнинг тахтга чиқишидан бошлаб, шайбонийлар давлати ташкил топишига қадар бўлган тарихий жараёнлар динамик контурлар ёрдамида акс эттирилади. Харита орқали темурийлар давридаги йирик шаҳарлар, стратегик аҳамиятга эга ҳудудлар, савдо йўллари ва маданий марказлар ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин. Бу экспозиция тарихий воқеаларни фақат кўриш эмас, балки уларни англаш ва ҳис қилиш имконини ҳам беради.

 

Марказ экспозициясида Амир Темур ҳақида Европада яратилган илмий, тарихий ва адабий асарлар алоҳида ўрин эгаллайди. Соҳибқирон ҳақида асарлар ёзиш унинг ҳаётлиги давридаёқ бошланган. Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг “Амир Темур салтанатига саёҳат кундалиги” асари шулар жумласидандир. Бу асар Амир Темур ҳаётлиги даврида ёзила бошланган ва унинг вафотидан кўп ўтмай Европада нашр этилган. Шунингдек, Марсель Брион, Эдгар Аллан По, Иоганн Шильтбергер каби тарихчи ва ёзувчиларнинг асарлари ҳам экспозицияда намойиш қилинган бўлиб, улар Европа жамоатчилигининг Амир Темур шахсига бўлган қизиқишини яққол кўрсатади. Жами 10 дан ортиқ нодир тарихий нашрлар ушбу бўлимдан ўрин олган.

 

Экспозициянинг муҳим қисмларидан бири — “Темур тузуклари” қўлёзмаси. Манбаларга кўра, мазкур асар Амир Темур томонидан ёзилган. Бобурийлар даврида қайта кўчирилиб, кенг ҳудудларга тарқатилган. Асарнинг турли нусхалари мавжуд бўлиб, унинг форсий қўлёзмалари Хоразм ва Қўқонда туркий тилга қайта таржима қилинган. Экспозицияда “Темур тузуклари”нинг факсимил нусхалари, турли таржималари ва электрон вариантлари билан танишиш мумкин.

 

Марказда Амир Темур даврига оид ёрлиқ ва вақф ҳужжатлари ҳам намойиш этилмоқда. Бизгача етиб келган бундай ҳужжатлар Соҳибқироннинг ижтимоий-иқтисодий ва диний сиёсатини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади. Улар орасида Темурийлар тарихи давлат музейида сақланаётган, Абу Муслим авлодларига берилган туркий тилдаги вақфнома алоҳида аҳамиятга эга. Экспозицияда ушбу ҳужжатнинг нусхаси тақдим этилган.

 

Умар Ақто томонидан кўчирилган улкан Қуръони карим ва парчаси

 

Амир Темур даври маънавий меросининг энг нодир намуналаридан бири — хаттот Умар Ақто томонидан Самарқандда 1400-йилларда кўчирилган улкан Қуръони карим ҳисобланади. Бу Қуръон ХХI аср бошларига қадар Ер юзидаги энг катта қўлёзма Қуръон сифатида эътироф этилган. Бугунги кунда унинг айрим саҳифалари Британия ва Нью-Йоркдаги Метрополитен музейида сақланади. Ислом цивилизацияси марказида эса мазкур Қуръон саҳифаларининг нусхалари намойиш этилмоқда.


Шунингдек, хаттот Нажмиддин Фаёзий томонидан қайта тикланган Амир Темур Қуръони ҳам экспозициядан ўрин олган. Бу иш Амир Темур даври хаттотлик санъати ва маънавий меросини қайта жонлантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланади.

 

Амир Темур ва Франция қироли Карл VI ўртасидаги ёзишмалардан нусха

 

Экспозицияда Амир Темур ва Франция қироли Карл VI ўртасидаги ёзишмалар нусхалари, шунингдек, Испания элчиси Клавихо эсдаликларининг совғабоп нашри ҳам жой олган. Клавихо ўз хотираларида Амир Темурни адолатли ҳукмдор, илм-маърифат ҳомийси сифатида тасвирлайди. Ушбу нашрлар Ислом цивилизацияси маркази ва WOSCU ҳамкорлигида тайёрланган.

 

Бибихоним мум ҳайкали

 

Секторнинг диққатга сазовор экспонатларидан яна бири — Бибихоним мум ҳайкалидир. Иккинчи Ренессанс даврида “Осиё рамзи” ассоциацияси томонидан тайёрланган мазкур ҳайкал буюк Соҳибқирон ва унинг завжаси Бибихонимнинг ташқи қиёфаси, кийиниш услуби ва тарихи манбалар асосида яратилган. Кийим дизайнида Клавихо эсдаликларига алоҳида эътибор қаратилган.

 

Амир Темур даврига оид меъморий ёдгорликлар макетлари

 

Шу билан бирга, экспозицияда Амир Темур даврига оид меъморий ёдгорликлар макетлари ҳам ўрин олган. Улар орасида Дорус-саодат мажмуаси, Аҳмад Яссавий мақбараси, Бибихоним масжиди, Гўри Амир, Оқсарой каби иншоотларнинг қайта тикланган макетлари мавжуд.

 

Амир Темур аватари

 

Замонавий технологиялар асосида яратилган махсус экран орқали меҳмонлар Амир Темур аватари билан тўрт тилда — ўзбек, рус, инглиз ва араб тилларида сунъий интеллект ёрдамида мулоқот қилиш имконига эга. Бу экспозицияни янада жонли ва интерактив қилади.

 

Айни пайтда 16 та давлат ҳудудида Амир Темур ва темурийлар даврига оид обидалар аниқланган. Улар қаторида Туркистондаги Аҳмад Яссавий мақбараси, Ҳиндистондаги Тож Маҳал, Эрондаги Гавҳаршодбегим масжиди, Афғонистондаги Мовий масжид каби ёдгорликлар бор. Экспозиция учун уларнинг айрим макетлари ва тарихий экспонатлар нусхалари олиб келинмоқда.

 

Амир Темурнинг қиз эвараси Шодмалик Хотун томонидан кўчирилган Қуръон қўлёзмаси

 

Сўнгги бир йил ичида Амир Темур ва темурийлар даврига оид янги қўлёзмалар ҳам аниқланди. Жумладан, Истанбулда Амир Темурнинг қиз эвараси Шодмалик Хотун томонидан кўчирилган Қуръон қўлёзмаси мавжудлиги маълум бўлди. Экспозицияда, шунингдек, Амир Темурнинг маърифатпарвар ҳукмдор сифатида шаклланишида устозлари ва пирларининг ўрни ҳам кенг ёритилди.

 

Дурдона Расулова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин