Тарихни “ўйнаб” ўрганиш мумкин

 

 


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида интерактив ўйинлар орқали буюк алломалар мероси ва илмий кашфиётлар янги форматда намоён этилмоқда. Марказ музейининг “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”даги интерактив ўйинлар тарихни жонли тажрибага айлантириб, ёшларни илм ва миллий мерос билан яқинлаштирмоқда.

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи юртимизнинг қарийб 3000 йиллик бой тарихини ўзида мужассам этган ноёб илмий-маданий маскан ҳисобланади. Музей экспозициясининг муҳим қисмларидан бири узунлиги тахминан 260 метр, баландлиги 8 метр бўлган “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”дир.

 

Бу экспозициясининг энг муҳим жиҳатларидан бири — тарихни жонли, тушунарли ва таъсирчан тарзда етказишга қаратилган интерактив ечимлардир. Айниқса, ёш авлодни илм-маърифат ва миллий тарих билан бевосита мулоқотга чорлаш мақсадида музейда интерактив ўйинлар кенг жорий этилган. Бу ёндашув музейни оддий томоша маскани эмас, балки фаол ўқув-тадқиқот муҳитига айлантиришга хизмат қилмоқда.

 

 

Хусусан, “Биринчи Ренессанс даври” бўлимида жойлашган “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”да Абу Али ибн Сино меросига бағишланган махсус интерактив ўйин ишлаб чиқилган. У тарихий манбалар ва замонавий илмий тадқиқотлар асосида яратилган бўлиб, томошабинларга ўша даврда амалга оширилган жарроҳлик амалиётлари, қўлланилган асбоблар ҳамда муолажа жараёнларини виртуал тарзда бажариб кўриш имконини беради. Натижада, ташриф буюрувчи ўзини гўё тарихий операция жараёнида бевосита иштирок этаётгандек ҳис қилади.

 

Марказ катта илмий ходими Обид Тангиров интерактив ўйинлар мазмуни ҳақида қуйидагиларни таъкидлади:

 

“Ушбу интерактив ўйинлар буюк алломаларимиз — Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний ва бошқа кўплаб мутафаккирларимизнинг илмий меросига бағишланган. Ўйинлар савол-жавоб ва тест шаклида ишлаб чиқилган бўлиб, ташриф буюрувчиларга уларнинг илмий фаолияти ва кашфиётлари ҳақидаги билимларини синаб кўриш имконини беради. Бу, айниқса, ўқувчилар ва талабалар учун тарихий жараёнларни қизиқарли ва самарали ўрганишга хизмат қилади”.

 

Интерактив ўйинларнинг яна бир муҳим жиҳати — улар фақат ёшлар учун эмас, балки кенг аудитория, жумладан, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт соҳасига қизиқувчи томошабинлар учун ҳам мўлжалланганидир. Масалан, доривор ўсимликларга бағишланган интерактив ўйинлар орқали ташриф буюрувчилар ўсимликларнинг шифобахш хусусиятлари, уларнинг қўлланилиши ва тарихи билан яқиндан танишишлари мумкин.

 

Марказга дунёнинг турли мамлакатларидан меҳмонлар ташриф буюришини инобатга олган ҳолда, интерактив ўйинлар ўзбек, рус, инглиз, араб ва хитой тилларида тақдим этилган. Бу эса ҳар бир томошабинга ўзига қулай тилда тарихий билимларни ўзлаштириш имконини беради.

 

 

Умуман олганда, “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”да жойлашган интерактив ўйинлар экспозицияга алоҳида мазмун ва “жон” бағишлайди. Улар ёшларни музейга жалб этиш билан бирга, тарихни ўрганиш жараёнини қизиқарли, самарали ва эсда қоларли тажрибага айлантириб, миллий илмий-маданий меросни замонавий шаклда тарғиб этишга хизмат қилмоқда.