Икки минг йиллик табассум: Сурхондарёдан топилган Кушон шаҳзодаси ҳайкали

Далварзинтепадан топилган Кушон шаҳзодасининг нодир ҳайкали нафақат санъат намунаси, балки давр ҳокимияти, идеал инсон қиёфаси ва маънавий дунёқарашнинг бадиий ифодасидир. Бугун Ислом цивилизацияси марказида намойиш этилаётган ушбу археологик топилма минтақанинг илк давлатчилик ва бадиий тафаккур тарихини ёритади.
Исломдан олдинги Марказий Осиё тарихида чуқур из қолдирган Кушонлар давлати санъатига оид нодир ёдгорликлар орасида Кушон шаҳзодасининг бош қисми ҳайкали алоҳида аҳамият касб этади. Милодий I–II асрларга мансуб ушбу ноёб археологик топилма бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан муносиб ўрин олган.
Археологик ва санъатшунослик таҳлилларга кўра, ҳайкал Кушонлар сулоласи ҳукмронлиги даврида яратилган бўлиб, у давр бадиий тафаккури, ҳокимият рамзлари ва идеал инсон қиёфасини ўзида мужассам этган. Бу топилма 1967-1968 йилларда Сурхондарё вилоятида жойлашган Далварзинтепа археологик ёдгорлигида олиб борилган қазишмалар чоғида топилган. Тадқиқотлар Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Санъатшунослик институтининг академик Галина Пугаченкова раҳбарлигидаги “Ўзбекистон санъатшунослик экспедицияси” томонидан амалга оширилган.
Кушон шаҳзодаси ҳайкалда ёш ва навқирон йигит қиёфасида тасвирланган. Унинг юзида даврга хос идеаллаштирилган, сокин ва ўйчан ифода акс этган. Шаҳзоданинг бошида тангачалар билан безатилган конуссимон бош кийими тасвирланган бўлиб, бу унинг юқори ижтимоий мақомга — шоҳ оиласи вакили эканига ишора қилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳайкал топилган мажмуа буддавийликка оид муқаддас иншоотнинг “Шоҳлар зали” деб аталувчи қисмига мансуб. Ушбу ҳудудда Будда, Девата ҳамда дунёвий образларга оид қатор ҳайкаллар ва уларнинг парчалари аниқланган. Бу эса Кушонлар даврида диний ва дунёвий санъат ўзаро уйғун ҳолда ривожланганини кўрсатади.
Ҳайкал сиртида сақланиб қолган оқ, зарғалдоқ ва қора ранг излари унинг дастлаб полихром, яъни ранг-баранг бўялган ҳолда бўлганини тасдиқлайди. Хусусан, бош кийими қора рангда, безак тангачалари олтин суви билан қопланган, шаҳзоданинг юзи эса оч қизил тусда бўялган. Бу ҳолат Кушон даври ҳайкалтарошлигида полихромия анъанаси кенг тарқалганидан далолат беради.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг етакчи илмий ходими Анвар Матниёзов ушбу ҳайкалнинг бадиий қиймати ҳақида қуйидагиларни таъкидлайди:
“Бу ҳайкал санъат нуқтаи назаридан жуда нозик ва юксак маҳорат билан ишланган. Айниқса, Кушон шаҳзодасининг юзидаги сокин ифода эътиборни тортади. Мутахассислар уни санъат тарихида машҳур бўлган “ним табассум” феномени билан қиёслайдилар. Бу ҳайкалтарош инсоннинг ички руҳий ҳолатини ташқи қиёфа орқали ифода этишда юксак даражага эришганини кўрсатади”.
Шунингдек, Кушон шоҳларига оид тангаларда, жумладан, Васишка I даври тангаларида кулоҳ кийган шоҳ қиёфаларининг тасвирланиши мазкур ҳайкал образи билан услубий уйғунликни намоён этади. Бу эса ҳайкал нафақат якка санъат асари, балки давр давлатчилик рамзларининг бадиий ифодаси эканини кўрсатади.
Кушон шаҳзодасининг бош ҳайкали орқали Марказий Осиёда шаклланган илк давлатчилик анъаналари, ҳокимият тимсоллари ва бадиий тафаккур тарихи ҳақида қимматли илмий хулосалар чиқариш мумкин. Бугун ушбу нодир ёдгорлик Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойиш этилиб, минтақанинг илк цивилизацион босқичларини кенг жамоатчиликка илмий асосда тақдим этмоқда.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа