Ислом тафаккури ва меъморий юксалиш: Марказий Осиё тажрибаси


Ислом цивилизацияси таъсирида шаклланган Биринчи Ренессанс Марказий Осиёни нафақат илм ва маърифат, балки бетакрор меъморий ечимлар маконига айлантирди. Бухоро ва Самарқанддан чўл ўртасидаги Работи Маликкача бўлган обидалар ана шу юксалишнинг тош ва ғиштда мужассам ифодасидир.

 

Ўзбекистон инсоният тараққиётида камида икки бор буюк уйғониш — Ренессанс даврларини бошидан кечирган. Улардан биринчиси ислом дини минтақада кенг тарқалганидан сўнг, миллий қадриятлар ва халқимизнинг юксак интеллектуал салоҳияти билан уйғунлашиб, Марказий Осиёда ўзига хос, кенг қамровли маданий-маърифий юксалишни юзага келтирди.


Бу даврда Шарқда илм-фан, фалсафа, адабиёт ва маданият мисли кўрилмаган даражада равнақ топди. Ана шу маънавий юксалиш меъморчилик соҳасида ҳам яққол намоён бўлди. Тинчлик ва барқарорлик муҳити, маҳаллий ҳукмдорларнинг илм ва маданиятга ҳомийлиги натижасида шаҳарларда масжидлар, мадрасалар, кутубхоналар, карвонсаройлар ва зиёратгоҳлар қад ростлади. Халқ ичидан етишиб чиққан меъмор ва ҳунармандлар томонидан яратилган бу иншоотлар нафақат амалий, балки эстетик жиҳатдан ҳам юксак даражада бўлиб, бутун ислом оламига танилди.

 

Биринчи Ренессанс даври меъморчилигида хом ғишт ва пахсадан кенг фойдаланилган, бинолар оҳакли қоришмалар, ганч нақшлари, гажакдор безаклар билан зийнатланган. Айрим масжидлар меҳроблари эса силлиқ ғиштлар, ўйма нақшлар ва ҳатто тилло сувлари билан безатилган. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Биринчи Ренессанс бўлимида ана шу даврнинг энг ёрқин меъморий намунаси бўлган обидалар тарихи ва маънавий қиммати билан намойиш этилади.

 

Работи Малик мажмуаси 


Работи Малик мажмуаси ХI аср охири — ХII аср бошларида Қорахонийлар сулоласига мансуб ҳукмдор Шамс ал-Мулк Наср ибн Иброҳим (1068–1080) томонидан қурдирилган. Айрим тарихий манбаларга кўра, кейинчалик Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон (1102–1130) даврида мажмуага таъмирлаш ишлари олиб борилиб, қўшимча иншоотлар киритилган. Работи Малик дастлаб савдо карвонсаройи сифатида эмас, балки Чўл Малик ҳудудида сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий марказ вазифасини бажарган йирик мажмуа бўлган. 


ХIII асрдан бошлаб, мўғуллар истилоси ва Буюк Ипак йўли фаолияти билан боғлиқ ҳолда, у карвонсарой сифатида хизмат қилган. ХХ асрга келиб обида жиддий зарар кўрган, хусусан, 1966 йилда содир бўлган зилзила натижасида унинг катта қисми вайрон бўлган. Бугунги кунда Работи Малик мажмуаси ва унга туташ Сардоба иншооти UNESCOнинг “Silk Roads: Zarafshan–Karakum Corridor” номзод объектлари рўйхатига киритилган.

 

 

Мағоки Аттори масжиди 


Бухоро шаҳрида жойлашган Мағоки Аттори масжиди IХ–Х асрларга оид энг қадимий диний-меъморий ёдгорликлардан биридир. Тадқиқотчиларнинг фикрича, масжид ислом дини кириб келишидан аввал мавжуд бўлган ибодатхона эҳтимол, зардуштийликка мансуб «маҳ» (ой) ибодатхонаси ўрнида барпо этилган. Масжид номи «Мағоки» – форс-тожикча “чуқурда жойлашган” ва «Аттори» - доривор ўсимликлар, зираворлар ҳамда атир маҳсулотлари савдоси амалга оширилган бозор номидан келиб чиққан. Тарих давомида масжид бир неча бор ёнғинлар ва ер қатламларининг кўтарилиши туфайли қайта қурилган. ХII асрда йирик таъмирлаш ишлари амалга оширилган. ХVI асрда Бухоро ҳокими Абдуллазизхон томонидан бузиш режалаштирилган бўлса-да, Нақшбандия тариқати етакчиси Шайх Маҳмудий Аъзам бу ҳаракатни тўхтатган. Ҳозирда Мағоки Аттори масжиди музей сифатида фаолият юритиб, “Бухоро тарихий маркази” таркибида UNESCO Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

 

 

Чашмаи Аюб мақбараси


Чашмаи Аюб мақбараси Бухорода жойлашган, чуқур маънавий аҳамиятга эга қадимий зиёратгоҳлардан биридир. Мақбара дастлаб ХII аср бошларида Қорахонийлар даврида қурилган деб ҳисобланади. Кейинчалик Амир Темур даврида – ХIV асрда қайта таъмирланиб, қудуқ ва булоқ устидан қўшимча иншоотлар барпо этилган. Мақбара тўғри тўртбурчак шаклда бунёд этилган бўлиб, ички қисмида булоқ ва қудуқ мавжуд. Ушбу сув қадимдан мусаффо ва шифобахш деб эътироф этилиб келинади. Қудуқ устидаги конус шаклидаги гумбаз ХIV асрда хоразмлик усталар томонидан қурилган. Афсоналарга кўра, Пайғамбар Аюб ҳассаси билан ерга урганда, айнан шу жойдан булоқ пайдо бўлган. Бугунги кунда ҳам бу ерда зиёрат ва булоқ сувидан олиш анъанаси сақланиб қолган.

 

 

Сомонийлар мақбараси

 

Исмоил Сомоний мақбараси Х аср охирларига мансуб бўлиб, Марказий Осиё ислом меъморчилигининг энг қадимий ва мукаммал намуналаридан биридир. Мақбара Сомонийлар сулоласи асосчиси Исмоил Сомоний томонидан отаси Аҳмад ибн Асад хотирасига атаб қурдирилган. Кейинчалик Исмоил Сомоний ва унинг авлодлари ҳам шу ерда дафн этилган. Мазкур обида қадимги сўғд меъморчилик анъаналари билан исломий архитектура услубларининг уйғунлашуви маҳсули бўлиб, маҳаллий меъморчилик мактабининг юксак даражасини намоён этади. Сомонийлар мақбараси нафақат тарихий ва меъморий аҳамиятга эга, балки Бухоро воҳасининг илм-фан ва маданият маркази сифатидаги мавқеини ифодаловчи рамзий ёдгорлик ҳисобланади. У UNESCO Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

 

Қусамия мадрасаси 


ХI асрга оид Қусамия мадрасаси Самарқанд меъморчилик мактаби тарихида муҳим ўрин тутади. Абу Тоҳирхўжанинг «Самария» асарида қайд этилишича, мадраса Бани Ножия – ҳозирги Шоҳизинда ҳудудида жойлашган бўлиб, Салжуқийлар ҳукмдори Султон Санжар (1118–1157) томонидан қурдирилган. Археологик қазишмалар натижасида аниқланишича, ХI асрга келиб Самарқандда ҳовли-айвонли мадраса тарҳи тўлиқ шаклланган ва бу меъморий модель кейинги асрларда ҳам асосий тузилма сифатида сақланиб қолган. Қусамия мадрасаси меъмори мутаносибликнинг мукаммал тамойили – “олтин нисбат” қонуниятларидан маҳорат билан фойдаланган. Айнан ушбу мадраса ХV–ХVII асрлардаги мадрасалар учун универсал меъморий қолип вазифасини бажарган. Шу боис у Самарқанд меъморчилик мактаби тарихини ўрганишда беқиёс аҳамиятга эга.

 

Хулоса қилиб айтганда, Биринчи Ренессанс даври Ўзбекистон ҳудудида ислом цивилизацияси, миллий қадриятлар ва юксак интеллектуал салоҳият уйғунлашган тарихий босқич сифатида намоён бўлади. Ушбу даврда барпо этилган масжидлар, мадрасалар, карвонсаройлар ва зиёратгоҳлар нафақат меъморий жиҳатдан, балки маънавий-маърифий мазмуни билан ҳам юрт тарихида ўчмас из қолдирган. Бугун бу ноёб мерос Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази орқали илмий, маданий ва маърифий жиҳатдан кенг жамоатчиликка тақдим этилиб, ўтмиш билан бугунни, тарихий тафаккур билан замонавий ривожланишни боғлаб турувчи муҳим маънавий кўприк вазифасини бажармоқда.