АСРЛАР БАҒРИДАН ЕТИБ КЕЛГАН НАФОСАТ: ХАЛҚ АМАЛИЙ САНЪАТИНИНГ БЕБАҲО НАМУНАЛАРИ НИМАДАН ДАРАК БЕРМОҚДА?
XVIII–XIX асрларга мансуб сўзаналар орқали ўзбек халқининг диди, ҳаёт тарзи ва бадиий тафаккурини англаш мумкин. Ислом цивилизацияси маркази музейида сақланаётган қадимий сўзаналар хонликлар давридаги маданий ҳаёт, ранг туйғуси ва бадиий анъаналар ҳақида ҳикоя қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейининг “Хонликлар даври” бўлимида сақланаётган қадимий сўзаналар ўзбек халқ амалий безак санъатининг бебаҳо намуналари ҳисобланади. XVIII–XIX асрларга мансуб ушбу асарлар нафақат бадиий жиҳатдан, балки тарихий ва маънавий мазмуни билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Сўзана халқнинг ҳаёт тарзи, диди, дунёқараши ва эстетик тафаккурини ифода этувчи маданий ёдгорлик сифатида қадрланади.
Сариқ юлдузсимон нақшли, ранглар мувозанати сақланган сўзана
Марказ экспозициясида намойиш этилаётган Пскент сўзанаси ранг ва услуб жиҳатидан Тошкент сўзаналарига яқин бўлса-да, мато юзасининг тўлиқ кашта билан қоплангани билан ажралиб туради. Композицияда ҳар бир гул сариқ майдонда алоҳида жой эгаллаган бўлиб, қизғиш-бинафша ва олтин-сариқ рангларнинг уйғунлиги асарга ўзига хос жозиба бағишлайди. Кейинчалик киритилган кўк ва тўқ сариқ ранглар эса умумий манзарани янада равшанлаштиради.
Каштачи усталар чуқурлик ҳиссини кучайтириш мақсадида сариқ юлдузсимон нақшлар атрофига иссиқ оҳангдаги қизил иплар билан ишлаган. Бу усул ранглар мувозанатини таъминлаб, асарнинг визуал таъсирчанлигини оширади. Пскент сўзаналарида ипак ва жун толали ипларнинг аралаш қўлланилиши уларнинг юмшоқлиги ва жилоранг кўринишини таъминлаган. Бу эса ўша давр каштачилик мактабларининг юксак даражада ривожланганидан далолат беради.

Қўчқор шохи шаклидаги нақшлар билан ўралган сўзана
Экспозициядан ўрин олган яна бир диққатга сазовор асар — XIX аср ўрталарига оид йирик нақшли сўзанадир. Унда олти бурчакли йирик нақшли безак тасвирланган бўлиб, унинг марказида бир-бирига киришган доиралар жойлашган. Ушбу безак атрофи “қўчқор шохи” шаклидаги нақшлар билан ўралган. Асарда пушти, тоқ сариқ ва қизил ранглар мувозанат билан ишланган бўлиб, натижада ранг-баранг яхлит композиция ҳосил бўлган.

Гулларининг атрофи олтин рангли чизиқлар билан қопланган сўзана
Марказ тўпламида XVIII асрга оид яна бир катта нақшли сўзана ҳам мавжуд. У қизғиш ва тоқ сариқ оҳанглардаги йирик гулгуёш нақшлари билан безатилган. Гуллар атрофида олтин рангли чизиқлар, ромб ва геометрик тасмалар жойлашган. Нақшларни боғлаб турувчи илонсимон излар асарга ҳаракат ва жонлилик ҳиссини бағишлайди.
Ҳажман кичик, аммо ипак ипларнинг ялтираши ва рангларнинг нозик ишлангани билан ажралиб турган сўзана
Бўлимдаги муҳим экспонатлардан бири — тахминан 1800-йилларга мансуб Каттақўрғон “ним сўзанаси”дир. Ҳажман кичик бўлишига қарамай, у техник ишланиши билан ажралиб туради. Асосий қисми кўк рангнинг турли оҳангларида “журма” тикиш усулида бажарилган. Ипак ипларнинг ялтираши ва рангларнинг нозик ўтишлари асарга юмшоқлик ва чуқурлик бағишлаган. Катта баргли, лотос гулини эслатувчи нақшлар композиция мувозанатини таъминлайди.
Тарих фанлари доктори, профессор Дилноза Жамолованинг таъкидлашича, сўзаналар орқали ўзбек каштачилигининг ҳудудий мактаблари ўртасидаги фарқларни яққол кўриш мумкин.
“Тошкент ва Пскент мактабларида кашта зичлиги ва рангларнинг тиниқлиги устувор бўлган. Фарғона водийсида эса майин ранглар ва нозик нақшлар кўп учрайди. Каттақўрғон сўзаналарида геометрик тартиб кучли, ранглар эса сокинроқ тусда ишланган. Бу фарқлар халқнинг турмуш тарзи ва маданий муҳити билан боғлиқ”, — дейди у.
Ислом цивилизацияси марказида намойиш этилаётган ушбу сўзаналар ўз даври санъат даражаси, ранг туйғуси ва техник имкониятларини ёрқин акс эттиради. Улар хонликлар давридаги маданий ҳаётда кенг қўлланилган бўлиб, тўй маросимлари, хонадон безаклари, совға-салом ва диний тадбирларда муҳим ўрин тутган.
Бугунги кунда бу сўзаналар халқ амалий санъатининг бой тарихини ёритувчи нодир ёдгорликлар сифатида қадрланади. Улар орқали ўзбек аёлларининг меҳнати, сабр-тоқати ва миллий маданиятга қўшган ҳиссаси яққол намоён бўлади. Марказ экспозициясида сақланаётган сўзаналар миллий меросни ўрганиш, ёш авлодда эстетик дидни шакллантириш ва ўзбек каштачилиги тарихини тадқиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа