МАРКАЗИЙ ОСИЁ ВА КОРЕЯ ПАРЛАМЕНТЛАРИ РАҲБАРЛАРИ ТОШКЕНТДАГИ ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Тошкент шаҳри яна бир йирик ва нуфузли халқаро тадбир – халқаро парламент мулоқотига мезбонлик қилди. Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир доирасида делегация аъзолари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Мазкур делегацияга Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилик қилди.
Иштирокчилар марказ экспозицияларини тўлиқ кўриб чиқди. Улар бу ерда Ислом дини ва цивилизациясининг бой тарихига оид турли экспонатлар, нодир Қуръон қўлёзмаси, меъморчилик, нафис ёзув ва безаклар билан танишди. Шунингдек, заминимизда етишиб чиққан буюк алломалар мероси ҳам тақдим этилди.
Марказда қўлланган замонавий технологиялар, интерактив экранлар ва визуал ечимлар ахборотни тушунарли ва таъсирчан тарзда етказиш имконини бериши меҳмонларда қизиқиш уйғотди. Бу ерда исломга муҳаббат, Ватанга садоқат, илм-фанга эҳтиром ва бой тарихимизга ҳурмат уйғунлашгани эътироф этилди.
Яқинда қурилиши ва безаш ишлари якунланган Ислом цивилизацияси маркази менда жуда кучли таассурот қолдирди. Бу ерда ислом дини билим, нур ва илм-фанга илҳом бағишловчи буюк цивилизация сифатида ёритилган. Марказда қўлланган замонавий технологиялар, интерактив экранлар ва визуал ечимлар ахборотни жуда тушунарли ва таъсирчан тарзда етказади. Бу марказни барпо этиш учун улкан меҳнат, чуқур тафаккур ва катта саъй-ҳаракат сарфлангани яққол сезилади. Ҳозирги мураккаб иқтисодий шароитларга қарамай, бундай йирик ва маънавий аҳамиятга эга лойиҳанинг амалга оширилгани таҳсинга сазовор. Бу ташаббус минтақамиз учун ҳам ўрнак бўлади. Чунки биз ягона тарих ва умумий цивилизацион меросга эгамиз, — деди Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилисининг халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Айгул Куспан.
Ислом цивилизацияси маркази сўнгги йилларда барпо этилган ва омма учун тақдим қилинган энг муҳим марказлардан бири сифатида диққатимни тортди. Бу марказда Ислом тарихи дастлабки даврларидан тортиб замонавий давргача ҳар томонлама намоён этилган. Шу жумладан, Қуръоннинг турли нусхалари ва бошқа диний китоблар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик даврида эришган илмий ва маданий ютуқлари ҳам намойиш этилган. Мен шахсан бу бой мерос ва Исломнинг бой илмий ва маънавий аҳамияти билан танишиш имкониятидан чуқур таассурот олдим. Марказ олимлар ва файласуфларнинг, жумладан, Имом Бухорий, Ибн Сино, Абурайҳон Беруний ва VIII–XIV асрларда ўз ихтиролари ва билимларини европалик олимлардан аввал дунёга тақдим этган буюк шахсларнинг фаолиятини яқиндан кўрсатади. Бу марказ таълим, илмий мерос ва маданий бойликларнинг уйғунлиги орқали инсонларда илм ва маърифатга бўлган муҳаббатни уйғотади. Шу билан бирга, у Ўзбекистоннинг илмий, диний ва тарихий меросини глобал контекстда англаш ва қадрлаш имкониятини ҳам беради. Ҳар бир экспонат ва намойиш этилган асарлар диққат билан танлаб олинган бўлиб, улар орқали ташриф буюрувчилар нафақат Ислом цивилизациясининг бой тарихи, балки унинг замонавий ривожига ҳам гувоҳ бўладилар, — деди Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Намояндалар мажлиси аъзоси Сулҳиддин Нидо.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа