«ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИНИ ЯГОНА МАКОНДА ТИЗИМЛИ НАМОЙИШ ЭТИШ — НОЁБ ИМКОНИЯТ»
Мальта, Швейцария ва Қирғизистон вакиллари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари билан танишиб, уни маданиятлараро мулоқот ва тарихий хотирани асрашга хизмат қилувчи муҳим макон сифатида баҳолади.
Тошкент шаҳрида жойлашган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Мальта, Швейцария давлатлари ҳамда Қирғизистон Республикасидан келган хорижий меҳмонлар ташриф доирасида Шарқ ва Ғарб цивилизацияларини боғлаб турган бой тарихий, илмий ва маданий мерос билан яқиндан танишди. Меҳмонлар Марказнинг асосий экспозиция заллари, умумий концепцияси ва мазмун-моҳияти билан танишар экан, Ўзбекистон ҳудудида шаклланган илмий-маънавий мерос, шунингдек, ислом цивилизациясининг жаҳон тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида батафсил маълумот олди.
Эркин Бек, "All Here and World Meditation" ташкилотлари асосчиси (Швейцария):
– Мен ушбу марказни ислом цивилизациясининг жаҳон миқёсидаги аҳамиятини намоён этишга хизмат қиладиган ноёб ва беқиёс имконият, деб биламан. Тарихда шундай муҳим даврлар бўладики, маданий меросни асраб-авайлаш ва ислом цивилизациясининг жаҳон тараққиётига қўшган интеллектуал ҳиссасини чуқур англаш айниқса долзарб аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ушбу ташаббус ана шундай тарихий ва ғоят муҳим даврга тўғри келмоқда. Бундай улкан мега лойиҳа билан Президентингизни ва халқингизни чин қалбимдан табриклайман. Ислом цивилизацияси ўзининг улкан, чуқур ва беқиёс тарихига эга. Уни ягона маконда жамлаб, тизимли тарзда намойиш этиш одамларни бу бой меросни янада чуқурроқ ўрганишга ундайди. Ушбу марказ Ўзбекистон, Марказий Осиё ва бутун минтақанинг маданий, интеллектуал ва маънавий тараққиётида муҳим рол ўйнаши, шунингдек, ислом цивилизациясини глобал миқёсда англашга муносиб ҳисса қўшади. Амир Темур шахмат ўйнаётган манзара тасвирланган жуда қизиқарли экспозиция мени қизиқтирди. Шахмат ишқибози сифатида Амир Темурнинг турли мамлакатлардан келган элчилар билан шахмат ўйнаганининг рамзий маъносини яхши тушунаман. Бу — стратегик фикрлаш, вазиятни олдиндан кўра билиш ва узоқни кўзлаб қарор қабул қилиш тимсолидир. Иккинчи Ренессанс бўлими жуда катта таассурот қолдирди. Унда Ўзбекистон ва бутун минтақанинг юксалиш даври, қудратли илмий ва маданий марказга айланган замон жуда таъсирчан тарзда акс эттирилган. Исломдан аввалги даврдан Биринчи Ренессансга, ундан эса Иккинчи Ренессансга ўтиш жараёни изчил ва чуқур маънода ёритилган. Айнан шу бўлим мен учун энг эсда қоларли ва севимли қисм бўлди".
Мальта Республикаси вакили Зина Курманова Марказда тарих, илм-фан ва замонавий ёндашув уйғунлашган бетакрор маданий макон яратилганини қайд этди.
Зина Курманова, Мальта Республикаси вакили:
"Бу ерда тарих, илм-фан ва замонавий ёндашув уйғунлашган бетакрор маскан барпо этилганини кўриб, чинакам ҳайратга тушдим. Ушбу Марказ ислом цивилизациясининг ҳақиқий, чуқур ва бой тарихини очиб беради. Ҳар бир зал, ҳар бир экспонат инсонни ўйлантиради, ҳайратга солади ва фахр туйғусини уйғотади. Бу ерга келиб, нафақат тарихни кўрасиз, балки уни ҳис қиласиз. Бундай ноёб маданий маскан учун президентингизга раҳмат. Бундай марказнинг бунёд этилгани нафақат бугунги авлод, балки келажак авлодлар учун ҳам бебаҳо маънавий меросдир. Бу жойни кўриш — катта шараф ва унутилмас таассурот бўлди".
Ташриф якунида меҳмонлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, тарихий хотирани асраш ва илмий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилувчи муҳим майдон сифатида баҳолади. Улар бундай ташаббуслар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги маданий ва маънавий нуфузини янада мустаҳкамлашини алоҳида қайд этди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа