Ўзбекистонда илк тарихий-маданий атлас яратиш ишлари якуний босқичга кирди

 

Ўзбекистон тарихида илк маротаба мамлакатнинг тарихий-маданий атласи яратилмоқда. Ушбу атлас ўтмишда мавжуд бўлган сулолаларнинг ҳудудий чегаралари асосида, сиёсий ва маданий жараёнларни уйғун ҳолда акс эттирган ҳолда, сулолалар кесимида шакллантирилмоқда.

 

 

Мазкур лойиҳа Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозицияси учун тайёрланган 39 та сиёсий-маданий харита асосида амалга оширилмоқда. Хариталар тош давридан ХХ асргача бўлган тарихий босқичларни қамраб олиб, сулолалар, маданий марказлар, савдо йўллари ва тарихий ёдгорликлар кесимида ишлаб чиқилган.

 

 

Айни пайтда атласнинг асосий қисми шакллантирилган бўлиб, у олимлар ва соҳа мутахассислари иштирокида якуний муҳокамалар ўтказилмоқда.

Хариталар орқали қадимги Турон заминининг сиёсий манзараси, халқлар ўртасидаги алоқалар, савдо йўллари ва маданий марказлар яққол акс эттирилади. Жумладан, палеолит даври ғорлари, бронза даври маданиятлари, Бақтрия, Суғд, Хоразм ва Фарғона ҳудудлари алоҳида хариталарда тасвирланган. Кейинги босқичларда эса Кушонлар, Турк ҳоқонлиги, Эфталийлар ҳамда Ўзбек хонликлари даврлари қамраб олинган.

 


 

Муҳокама жараёнида атласдаги ҳар бир тарихий-маданий харита учун алоҳида илмий изоҳ ва шарҳлар тайёрлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Қайд этилишича, ушбу изоҳларда хариталарнинг концепцияси, мазмун-моҳияти, илмий ёндашувлари ва шаклланиш тамойиллари батафсил баён этилади. Бу эса келгусида юзага келиши мумкин бўлган саволларга аниқ ва асосли жавоб беришга хизмат қилади.

 

 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, тарихий хариталар билан ишлаш жараёни мураккаб ва баҳс-мунозараларга бой. Айниқса, Сомонийлар даври харитаси бўйича қизғин фикр алмашилиб, ҳудудларни янада тўлароқ қамраб олиш, даврга оид топилмаларни харитада тўғри акс эттириш бўйича қатор таклифлар билдирилди. Шунингдек, хариталарда бўш майдон қолдирмасдан, асосий сулола ва маданий ҳудудларга урғу бериш муҳимлиги қайд этилди.


Ушбу лойиҳа Ўзбекистон тарихшунослигида тарихий ва маданий жараёнларни комплекс тарзда бирлаштирган илк атлас тадқиқоти ҳисобланади. У нафақат музейга ташриф буюрувчилар учун, балки илмий тадқиқотлар олиб бораётган олимлар учун ҳам муҳим манбага айланиши кутилмоқда.