Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва БМТнинг Цивилизациялар альянси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Жидда шаҳрига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқовнинг расмий сафари доирасида қатор муҳим учрашувлар ташкил этилди. Мазкур сафар Президент ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг бой маданий-маънавий меросини халқаро миқёсда тарғиб этиш, илмий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилди.
Сафар доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов Жидда шаҳрида Ислом санъати музеи директори Мамдуҳ Усмон билан учрашди. Унда Марказ фаолияти, унинг асосий мақсад ва вазифалари, ислом цивилизациясининг илмий, тарихий ва маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Учрашув иштирокчилари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан яқиндан танишиб, амалга оширилаётган ишларни юксак баҳолади.
Шунингдек, барча музокара ва учрашувлар давомида қўшма кўргазмалар ташкил этиш, илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш, халқаро анжуманлар ўтказиш, мутахассислар ва тадқиқотчилар ўртасида тажриба алмашиш масалалари кенг муҳокама қилинди. Томонлар ҳамкорликнинг амалий механизмларини ишлаб чиқиш бўйича ўзаро фикр алмашдилар.
Музокаралар якунида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Цивилизациялар альянси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат цивилизациялар ўртасида мулоқотни мустаҳкамлаш, маданий бағрикенгликни тарғиб қилиш, шунингдек, ислом цивилизацияси меросини жаҳон ҳамжамиятига кенг етказишга хизмат қилиши қайд этилди.
Томонлар мазкур учрашувлар икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишини таъкидлаб, келгусида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа