Эрон Товар биржаси раҳбари: "Бу ерда тарихни нафақат кўриш, балки ҳис қилиш мумкин"

Тошкент шаҳрида жойлашган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Эрон Ислом Республикаси Товар биржаси компанияси ижрочи директори Сайид Жавод Жаҳромий бошчилигида делегация келди.


Ташриф марказ фаолияти, экспозиция мазмуни ва илмий-маърифий йўналишлари билан яқиндан танишиш мақсадида амалга оширилди.

 

 

 

Меҳмон марказ экспозициялари билан танишар экан, Исломдан аввалги давр цивилизациялари, ислом цивилизациясининг шаклланиши ва тараққиёти, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, шунингдек, Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори бўлимлари доирасида миллий ва умуминсоний қадриятларни ўзида мужассам этган тарихий мерос намуналарига алоҳида эътибор қаратди.

 

Экспозицияларда минтақанинг илм-фан, маърифат, давлатчилик ва маданий тараққиёти босқичлари замонавий музей технологиялари асосида намойиш этилган.


Ташриф давомида марказда сақланаётган нодир қўлёзмалар, хусусан, Қуръони каримнинг турли даврларга оид қўлёзма нусхалари, ислом илм-фани намояндаларининг асарлари ҳамда тарихий ҳужжатлар меҳмонда катта қизиқиш уйғотди. Экспозицияларнинг илмий асосланганлиги, тарихий воқеликларни изчил ва аниқ тарзда ёритиб бериши юқори баҳоланди.

 

Сайид Жавод Жаҳромий марказ фаолияти ҳақида ўз фикрларини билдириб, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан тарихий-маданий меросни асраш, ўрганиш ва уни жаҳон ҳамжамиятига тақдим этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга юксак баҳо берди. Унинг таъкидлашича, мазкур марказ нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун умумий бўлган тарихий хотирани мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида ўзаро англашув ва маънавий яқинликни кучайтиришга хизмат қилади.

 

- Ушбу ташриф менда катта ҳайрат ва чуқур таассурот уйғотди. Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мазкур марказни барпо этиш ва ривожлантириш йўлида киритилган юксак эътибор ва сармоя учун алоҳида миннатдорлик билдириш лозим. Мазкур кўргазма инсонда фахр ва ғурур туйғусини уйғотади. Чунки у ушбу минтақанинг қадимдан илм-фан соҳасида эришган улкан ютуқларини ҳамда жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссасини яққол кўрсатиб беради. География, тиббиёт ва бошқа кўплаб фан соҳаларидаги ютуқлар аниқ ва тушунарли тарзда акс эттирилган. Марказда сақланаётган қўлёзмалар ниҳоятда нодир ва бебаҳо бўлиб, Муқаддас Қуръон ҳамда унинг турли даврларга мансуб қўлёзма нусхалари чуқур таассурот қолдирди. Тарихий жараёнларни баён этиш услуби эса ниҳоятда пухта, илм ва аниқлик билан ташкил этилган, - деди Эрон Товар биржаси компанияси ижрочи директори Сайид Жавод Жаҳромий. 

 

 

Шунингдек, меҳмон Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги чуқур тарихий, маданий ва маънавий муштаракликлар марказ экспозицияларида яққол акс этганини қайд этди. Ушбу муштаракликлар икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш, илмий тадқиқотлар ва маърифий лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам асос эканини таъкидлади.