Адлия вакиллари Ўзбекистондаги мега лойиҳада тарих билан ноодатий юзлашди!


Адлия вазирлиги ва унинг 14 та ҳудудий бошқармасида нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ишлайдиган масъул ходимлар Ислом цивилизацияси марказига амалий ташриф уюштирди. Делегация аъзолари марказ музейининг экспозициялари ва замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив тақдимотлар билан бевосита танишдилар.
Ташриф доирасида музейга қадам қўйган заҳоти меҳмонларни тарих ва инновация уйғунлашган кенг макон қарши олди.

Зикрилло Маҳмудов, Адлия вазирлиги Бошқарма бошлиғи:
“Бу мега лойиҳа — Янги Ўзбекистон тарихида илк бор йўлга қўйилган беқиёс ташаббус. Китобда ўқилган тарих бир нарса, уни кўз билан кўриб, реал экспонатлар орқали ҳис қилиш — мутлақо бошқа тажриба. Бугун биз айнан шу жонлантирилган тарихни кўрдик”
Экскурсия давомида делегацияга Марказнинг асосий мақсади — ислом маданий мероси, илмий анъаналар ва Марказий Осиё алломаларининг улкан илмий меросини ҳар бир меҳмонга тушунарли, очиқ ва замонавий форматда етказиш экани ҳақида маълумот берилди.
Ҳуқуқшуносларни Қуръоннинг нодир қўлёзмалари, ўрта асрлар артефактлари, археологик топилмалар, тарихий манбалар ва интерактив мультимедиа тизимлари билан танишиш жараёни қизиқтириб қўйди. Айниқса, сунъий интеллект ёрдамида “жонлантирилган” алломалар билан мулоқот делегация учун ноёб тажриба бўлди.

Наманган вилояти Адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси Зулфия Аҳмадхўжаева бу таассуротни қуйидагича ифода этди:
“Бундай марказларни илгари фақат хорижда кўриб ҳавас қилардик. Эндиликда эса замонавий IT технологиялари билан уйғунлашган юқори савиядаги экспозицияларни кўриб, фахрландик. Каъбапўшнинг асл нусхаси биз учун айни ҳақиқий ҳис-туйғулар уйғотди — бундай экспонат ҳар давлатда ҳам мавжуд эмас”
У, шунингдек, Темур тузукларининг интерфаол форматда тақдим этилиши ҳуқуқшунослар учун муҳим манба сифатида катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади:
“Ҳар бир ҳукмдорнинг рамзлари, тангалар, шаҳарлар тарихи ҳақидаги аниқ маълумотлар юксак профессионаллик билан берилган. Бундай ёндашув ёш ҳуқуқшунослар учун ҳам катта илҳом манбаидир.”
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа