ШҲТ ва МДҲ экспертлари: “Бу марказни дунё кўриши керак!”

Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистондан ҳуқуқни муҳофаза қилиш вакиллари ҳамда ШҲТ ва МДҲ Антитеррор марказларининг 30 нафар хорижий экспертларидан иборат делегация аъзолари мамлакатимизда илмий меросни сақлаш ва рақамлаштириш йўналишида амалга оширилаётган ишларга юқори қизиқиш билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташаббуси билан нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида юртимизда ташкил этилган қўшма ўқув семинари иштирокчилари мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар, жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик механизмлари, молиявий разведка бўлинмаларининг фаолиятига оид янгиликлар билан танишмоқда.
Тадбир доирасида хорижий делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, марказ экспозицияси, қўлёзмалар фонди ва замонавий интерактив технологиялар билан яқиндан танишди. Меҳмонлар мамлакатимизда илмий меросни сақлаш ва рақамлаштириш йўналишида амалга оширилаётган ишларга юқори қизиқиш билдирди.
Михаил Колинченко, "Eurasian Group" (ЕАG) халқаро тузилмаси вакили:
“Бу ерда намойиш этилган экспонатлар, айниқса, Амир Темур ҳаётига оид нодир артефактлар менда жуда кучли таассурот қолдирди. У уч қитъани забт этган буюк саркарда бўлган. Биз молиявий хавфсизлик билан шуғулланамиз ва кўрамизки, бу масалалар ўша даврларда ҳам долзарб бўлган. Қадимий тангалар, шартномалар ва давлатлар ўртасидаги ўша давр ҳамкорлигини акс эттирувчи манбалар бизнинг ишимиз учун ҳам муҳим. Бундай улкан ва самарали лойиҳа билан Президентингизни ва халқингизни табриклайман.”
Юлия Денисова, “Council of Heads of Financial Intelligence Units” (CHFI) халқаро тузилмаси вакили:
“Бу марказда қадимий топилмалар ва қайта тикланган артефактлар замонавий технологиялар ёрдамида жуда ёрқин, тушунарли ва таъсирли тарзда намойиш этилган. Ислом маданиятининг гўзаллиги, қимматбаҳо металлардан яратилган нодир буюмлар ва санъат асарлари ҳақиқатан ҳам ҳайрат уйғотади.”
Хорижий экспертлар Ислом цивилизацияси марказини минтақадаги муҳим маданий-маърифий маскан сифатида юқори баҳолар экан, келгусида ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга тайёр эканликларини таъкидлади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа