Озарбайжон Президенти ёрдамчиси: “Ўзбекистон бугун дунё ҳавас қиладиган маскан яратди”

 

 

Озарбайжон Республикаси Президентининг ёрдамчиси Анар Алекперов Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти, унинг илмий-маърифий йўналишлари ва қисқа фурсатда эришилган ютуқлар билан яқиндан танишди. Ташриф доирасида у экспозициялар бўйлаб саёҳат қилиб, ҳар бир залдаги тарихий манбалар, мултимедия ечимлари ва меъморий консепсиянинг юксак даражада бажарилганини алоҳида эътироф этди.

 

Анар Алекперов ўз таассуротларини баён этар экан, қуйидаги фикрларни билдирди:

 

“Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан яқиндан танишиб, қисқа муддатда эришилган натижаларга гувоҳ бўлдик. Нега ъқисқа муддатъ дейман? Чунки экспозисиялар бўйлаб юрганингизда, бундай улкан ишларни яратиш учун одатда ўнлаб йиллар талаб этилади, деган фикр ўз-ўзидан пайдо бўлади.

 

Марказ мутахассислари контент устида йиллар давомида жонбозлик билан меҳнат қилгани яққол сезилади. Тақдим этилган материалларни диққат билан кўриб чиқдим — бинонинг архитектураси ҳам, экспозисияларнинг ҳар бир элементи ҳам ҳақиқатан ҳайратланарли.

 

Бундай масканни барпо этган барчага чуқур миннатдорчилик билдираман. Биз кўп мамлакатларда саёҳат қилганимизда шундай иншоотларга ҳавас билан қарардик, ъбизда ҳам шунақаси бўлса эдиъ, деб ўйлардик. Бугун эса Президентингиз ташаббуси билан бу орзу рўёбга чиқди ва бетакрор марказ барпо этилди.

 

Ишончим комилки, марказнинг диний-маънавий аҳамияти беқиёс. Бироқ бу ерга келган ҳар бир инсон — кичик боладан тортиб, илмий изланиш олиб бораётган мутахассисларгача — ўзи учун жуда кўп қизиқарли маълумот топади. Фикримча, Тошкентга келадиган сайёҳлар учун ҳам бу маскан энг муҳим маданий йўналишлардан бирига айланади.


Яна бир бор сизларни бу улкан бунёдкорлик билан табриклайман.”

 

 

Алекперовнинг таъкидлашича, Ислом цивилизацияси маркази қисқа муддатда нафақат илмий-маърифий, балки маданий-ижтимоий марказ сифатида ҳам ўз нуфузини мустаҳкамлади. Бу ердаги экспозисиялар, рақамлаштирилган манбалар, интерактив таълимий ечимлар ва архитектуранинг ўзига хослиги Ўзбекистоннинг тарихий меросга бўлган чуқур эътибори ва давлат раҳбарининг ташаббускор сиёсатидан дарак беради.