Ислом цивилизацияси маркази Истанбулдаги I Халқаро қўлёзмалар симпозиумида эътибор марказида бўлди

Истанбулда ўтган I Халқаро қўлёзмалар симпозиуми жаҳоннинг турли бурчакларидан келган олимларни бир нуқтада жамлади. Бу интеллектуал майдонда эса Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўзининг бой мероси, замонавий илмий ёндашувлари ва янгиликка тўла тажрибалари билан алоҳида диққат марказида бўлди.
Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган халқаро қўлёзмалар симпозиумида 20 дан ортиқ давлатдан 100 дан зиёд мутахассис, тарихчи ва қўлёзмашунос олимлар иштирок этди. Бу жараёнда Ислом цивилизацияси маркази ўзининг илмий салоҳияти ва халқаро ҳамкорликка очиқ ёндашуви билан симпозиумнинг энг муҳим иштирокчиларидан бири бўлди.
Симпозиумнинг асосий мақсади — қўлёзмаларни сақлаш, ўрганиш ва рақамлаштириш бўйича халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тарихий-маданий меросни келажак авлодларга етказиш йўналишларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Симпозиум очилиш маросимида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг тадбир иштирокчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Табрикда маданий ва илмий ҳамкорликни кенгайтириш, қўлёзмаларни асраб-авайлаш ва уларни келажак авлодларга етказишнинг аҳамияти алоҳида қайд этилди.

Тадбир доирасида Ислом цивилизацияси маркази тақдимоти бўлиб ўтди. Марказ илмий котиби Рустам Жабборов томонидан марказдаги қўлёзмаларни сақлаш ва ўрганиш ишлари, амалга оширилаётган лойиҳалар, илмий экспедициялар, рақамлаштириш жараёнлари ва халқаро ҳамкорлик тизими ҳақида батафсил маълумот берилди.
Рустам Жабборов Ўзбекистон давлат сиёсатида қўлёзмаларга эътибор ҳам алоҳида ўрин тутишини таъкидлади:
— Янги Ўзбекистонда илм, таълим ва маданият соҳалари мисли кўрилмаган даражада қўллаб-қувватланмоқда. Маданий меросни асраб-авайлаш ва дунёга кенг тарғиб этиш давлат сиёсатида устувор йўналишга айланган.
Шунингдек, Рустам Жабборов Ислом цивилизацияси маркази ҳам Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, 2018 йилдаги тамал тоши қўйиш маросимида давлат раҳбарининг “Бу марказнинг мақсади — ислом маърифати ва билимини чуқур ўрганиш, аждодларимиз меросини халқимизга ва жаҳонга етказишдир”, деган таъкидини алоҳида эслатиб ўтди.
Тадбир доирасида марказдаги тарихий қўлёзмалар ва экспонатлар ҳақида видеоролик намойиш этилди.
Марказ илмий котиби, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий илмий марказларининг ташкил этилиши ҳам Ўзбекистондаги қўлёзмаларни ўрганиш экотизимини янада мустаҳкамлаганини қайд этди.
Симпозиум доирасида иштирокчилар қўлёзмалар билан ишлаш, сақлаш технологиялари, замонавий тадқиқот усуллари, қўлёзмаларни рақамлаштириш ва метадата тизимларини жорий этиш борасида фикр алмашди.
Тадбир иштирокчилари Ромий, Сулаймония ва Боязид кутубхоналарига амалий ташрифлар уюштириб, Туркияда сақланаётган қадимий қўлёзмаларнинг ҳолати, уларни тиклаш ва муҳофаза қилиш амалиёти билан яқиндан танишди.

Шунингдек, Ўзбекистон-Туркия ўртасида бу соҳа вакиллари иштирокида икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик лойиҳалари бўйича учрашувлар ҳам ўтказилди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа