“Бетакрор ахборот майдони” – Хитой маданият арбоблари хулосаси

 

 

Хитой халқаро маданий коммуникация маркази раиси Лун Юсян бошчилигидаги делегация – Ван Цзиньюань, Тан Жиали, Ли Цзюньсянь, Вон Чин Хун, Лам Чи Кин ҳамда ҳайъатнинг бошқа аъзолари Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази экспозициялари билан яқиндан танишишди.

 

Хитой делегациясида Ўзбекистон Президенти ташаббуси ва ғояси асосида ташкил этилган марказнинг меъморий қиёфа ва экспозиция услуби катта таассурот қолдирди.
Делегация вакиллари Марказ биносига кирган илк лаҳзаларданоқ миллий анъаналар ва замонавий меъморий ечимлар уйғунлиги, заллар ўртасидаги мантиқий боғланиш ва экспозициялар тақдимотининг замонавий услубини юқори баҳолади.

 

Марказ билан танишув музейнинг “Исломдан аввалги давр”га бағишланган экспозициядан бошланди. Цивилизация ва кашфиётлар девори, 80 минг йиллик тарихдан дарак берувчи тош буюмлар, қадимий маданият қатламларига оид артефактлар, сунъий интеллект технологияси ёрдамида яратилган Фарғона отлари инсталляцияси меҳмонларни ҳайратлантирди.

 

 

 

Биринчи ва Иккинчи Ренессанс экспозицияларида эса делегация аъзолари Ўзбекистон заминида шаклланган илмий муҳит, математиклар, табиблар, файласуфлар ва тарихчиларнинг бой илмий мероси билан танишишди.


Қадимий қўлёзмалар, хаттотлик анъаналари, рангтасвир билан безатилган манбалар, тангашуносликка оид топилмалар, IX–XII асрлар илм-фан ютуқлари делегациянинг диққат марказида бўлди.

 

Амир Темур даври экспозициясида эса нодир асарлар, қадимий шахмат доначалари, давлатчилик рамзлари ҳам меҳмонларни бефарқ қолдирмади.

 

Марказ музейи билан танишувнинг навбатдаги манзили бу «Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори» экспозицияси бўлди. Унда мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар, илм-фан ва таълимдаги инновацион ёндашувлар, маданият ва маърифатга қаратилган эътибор акс эттирилган. Делегация аъзолари бу экспозициясини “Ўзбекистоннинг бугунги стратегик ривожланиш йўлини акс эттирувчи муҳим кўзгу” дея эътироф этди.

 

Марказнинг “юраги” бўлган “Қуръон зали”да жамланган қадимий қўлёзмалар, нодир Қуръон нусхалари, хаттотлик услуби ва қоғоз тайёрлаш анъаналари ҳақидаги маълумотлар меҳмонларни янада ҳайратлантирди. Экспозициялардаги маълумотларнинг 10 тилда, жумладан, хитой тилида ҳам тақдим этилгани делегацияда алоҳида мамнунлик уйғотди.

 

Лун Юсян, делегация раҳбари:

 

“Ислом цивилизацияси марказида мени энг ҳайратга солган жиҳат — турли цивилизациялар, илм-фан ва маданият намуналарининг бетакрор уйғунлашганидир. Президент Шавкат Мирзиёевнинг тарихни авлодлар хотирасига етказиш ва Ўзбекистоннинг Ислом маданияти меросини жаҳонга тарғиб қилиш борасидаги бу саъй-ҳаракатлари юксак эътирофга лойиқ. Марказ халқаро ҳамкорлик ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлайдиган бетакрор ахборот майдони вазифасини ўтайди.”

 

 

Делегация аъзолари ташриф давомида Ўзбекистон цивилизация мероси, унинг тарихий ривожи ва бугунги тараққиёт йўлидаги изчилликни яққол ҳис этганини таъкидлади.