Халқаро автомобиль федерацияси (FIA) делегацияси Ислом Цивилизацияси марказига ташриф буюрди
“FIA General Assemblies Week” доирасида Миллий Олимпия қўмитаси мутасаддилари ҳамроҳлигида Халқаро автомобиль федерацияси (FIA) делегацияси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, Марказда жамланган бой тарихий ва маданий мерос билан батафсил танишди. Ташриф давомида делегация аъзоларига мамлакатимиз цивилизацияси, илмий-маданий ривожланиши ва ренессанс даврлари ҳақида кенг қамровли маълумотлар тақдим этилди.


Делегация йўналиши Исломдан аввалги даврга оид бўлимдан бошланди. Меҳмонлар бу ердаги асл нусхадaги артефактлар, қўлёзмалар ва археологик топилмалар билан танишар экан, уларнинг сақланиши ва илмий асосда намойиш этилишига алоҳида эътибор қаратди.

Париждаги FIA да фаолият юритувчи Диана Шартье ўз таассуротлари билан ўртоқлашиб, шундай деди:
“Марказда кўрганларимиз дастлабки тасаввурларимизданда ажойиб. Жуда пухта, эътибор билан тайёрлангани дарҳол билиниб турибди. Бу ерда Ўзбекистон тарихининг улкан меҳнат орқали жамлангани яққол сезилади.”


Шундан сўнг меҳмонларга Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига бағишланган экспозициялар намойиш этилди. Бўлимларда жойлаштирилган интерактив ечимлар, 3D макетлар, артефактлар, илмий кашфиётлар ҳамда замонавий технологиялар асосида тайёрланган визуал материаллар делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди.

- Ёруғлик, мусиқа ва визуал элементлар ўртасидаги уйғунлик тажрибани янада таъсирли қилади. Экспозициялар профессионал даражада, жуда мазмунли ва ўта ижодий ёндашув билан тайёрланган, - деди FIA вакили Дэвид Фресней.
Ташриф давомида меҳмонлар “Янги Ўзбекистон — янги Ренессанс пойдевори” бўлимига ҳам ташриф буюриб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, илмий-маърифий жараёнлар ва маданий ривожланиш бўйича янгича ёндашув билан танишдилар. Бу бўлим ҳам меҳмонларда кучли таассурот қолдирди. Улар экспозицияларнинг замонавий услубда, мантиқий кетма-кетликда ва юқори маданий савияда ташкил этилганини эътироф этди.
- Бу масканда қадимий тарихдан то бугунги кунигача бўлган тараққиёт жараёни жуда чуқур ва образли намойиш этилган. Тарихий артефактлар ва замонавий интерактив технологиялар уйғунлиги ташриф буюрувчини ўзига ром қилади. Мазкур марказни очилиш маросимидан олдин кўриш биз учун катта шараф бўлди, - деди австралиялик Эндрю Бишоп.

Делегация аъзолари ташриф якунида Марказ фаолияти, унинг илмий-ташкилий иши ва экспозицияларнинг замонавий йўналтирилгани ҳақида юқори фикрлар билдирди. Улар Ислом цивилизацияси марказини нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақада маданий-маърифий алмашинувни кучайтирувчи йирик интеллектуал майдон сифатида баҳолашди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа