Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан фермерлар учун маънавий-маърифий саёҳат ташкил этилди

 

 


Ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанбасида мамлакатимизда кенг нишонланадиган Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан республика бўйлаб фаолият юритаётган фермерлар, аграр соҳа мутахассислари ва фахрийлари учун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига махсус маънавий-маърифий саёҳат уюштирилди. Тадбир соҳа вакиллари учун тарихий мерос билан яқиндан танишиш, уни замонавий талқинда ҳис қилиш ва ёшлар учун ибрат бўладиган маърифий маконни кўриш имконини яратди.


Меҳмонлар Марказдаги Исломдан аввалги даврларга оид экспозициялар, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс алломаларининг илмий мероси, қадимий шаҳарлар ва цивилизация ўчоқлари, шунингдек, Янги Ўзбекистон тараққиётига бағишланган бўлимлар билан танишдилар. Замонавий мультимедиали технологиялар, интерфаол жонлантирилган тарихий образлар ва сунъий интеллект асосидаги экспозициялар иштирокчиларга ўтмиш ва бугунни боғловчи ноёб тажриба улушлади.

 

Наманган вилояти Уйчи туманидаги “Барногул Зиё Файз” фермер хўжалиги раҳбари Раънохон Қориева Марказ ҳақидаги таассуротларини қуйидагича баён қилди:

 

“Ислом цивилизацияси марказига кирганимда ўзимни гўё бошқа оламга тушиб қолгандек ҳис қилдим. Сунъий интеллект орқали Амир Темур, Улуғбек Мирзо каби алломаларга савол бериб, жавоб олиш имконияти — бу инсон учун ўчмас тажриба. Тарихнинг бундай жонлантирилиши руҳиятга куч, қалбга ғурур бағишлайди. Президентимизга шундай имконият яратилгани учун миннатдорчилик билдираман. Албатта, фермерларимиз ва ёшларни ҳам бу ерга олиб келамиз”.


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари Шуҳрат Тешаев Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳақида шундай деди:

 

“Бу масканга кирган инсон қадимги даврлардан тортиб Темурийлар даври ва Ренессанс алломалари фаолиятигача бўлган улкан тарихий манзарани изчил тарзда кўради. Аждодларимиз астрономия, тиббиёт, математика, геология каби мураккаб фанларда минг йил илгариёқ жаҳон пешқадамларидан бўлганини бу ерда яна бир бор англадик. Қуръони Каримнинг қадимий нусхаси, Каъбатуллоҳга оид экспонатлар халқимиз буюк тарихга эгалигини исботлайди. Президентимиз таъкидлаганидек, келажакни ўзимиз барпо этамиз ва Ўзбекистоннинг порлоқ истиқболига ишончимиз комил”.

 


Фарғона вилояти “Ихтисослашган Қува Анори Кластери” МЧЖ раҳбари Мастурахон Сайфиддинова марказдаги кўрганларидан чуқур таъсирланганини таъкидлади:

 

“Бу ерда Аҳмад Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Хоразмий каби улуғ алломаларнинг илм-фан ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини янада терaнроқ англадим. Уларнинг мероси туфайли биз бугун дунё тараққиётидан орқада қолмаётган миллат сифатида ўз ўрнимизни топдик. Аждодларимизнинг мероси фарзандларимиз учун энг катта бойликдир”.


Ислом цивилизацияси марказига ташриф фермерлар ва аграр соҳа ходимларининг тарихий хотираси, маънавий дунёқараши ва миллий ғурурини янада бойитди. Улар аждодларимизнинг улкан мероси, Ренессанс даврларининг буюк кашфиётлари ва замонавий талқиндa яратилган экспозициялар орқали тарихни нафақат кўрдилар, балки уни қалбан ҳис қилдилар. Мультимедиали ечимлар, сунъий интеллект асосидаги мулоқотлар ва нодир артефактлар уларда илҳом ва юртга муҳаббат туйғусини мустаҳкамлади.

 

 


Ушбу ташриф фермерлар учун маънавий ҳордиқ бўлибгина қолмай, уларнинг ўз фаолиятида тарихий ва маънавий меросга ҳурмат билан ёндашишида муҳим туртки бўлди. Саёҳат Ўзбекистоннинг учинчи Ренессанс сари дадил қадам ташлаётганини яна бир бор яққол намоён этди.