Германиянинг “Hanns - Seidel” жамғармасининг Марказий Осиё бўйича раҳбари: “Замонавий дунё билан уйғунлашган илмий-маърифий даргоҳ”

Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази Шарқ тафаккурининг асрлар давомида сайқалланган меросини замонавий дунё билан боғлайдиган ноёб илмий-маърифий даргоҳ сифатида жаҳон эътиборини тобора кўпроқ тортмоқда.

 

 

Шу маънода, Германиянинг “Hanns - Seidel” жамғармасининг Марказий Осиё бўйича раҳбари Константин Блашке бошчилигидаги делегациянинг ташрифи Марказнинг халқаро нуфузининг ошиб бораётганини таъкидлади. Меҳмонлар учун экскурсия ташкил қилиниб, Марказнинг илмий йўналишлари, қўлёзмалар мероси ва замонавий интерактив экспозициялари ҳақида маълумотлар берилди.

 

Делегация аъзолари қадимий қўлёзмалар, алломалар илмий мактаблари, XIV–ХV асрлардаги Иккинчи Уйғониш даври ютуқлари, Марказий Осиё илмий анъаналарининг ўрни ва замонавий тадқиқотларда қўлланилаётган ёндашувлар билан яқиндан танишди.

 

 

Германиянинг “Hanns - Seidel” жамғармасининг Марказий Осиё бўйича раҳбари Константин Блашке:

 

“Бу ердаги экспонатлар, тарихий ёдгорликлар ва уларнинг илмий шарҳлари бизда жуда катта таассурот қолдирди. Бу ерда фақат Ўзбекистон тарихи эмас — бутун Марказий Осиёнинг илм-фани, интеллектуал мероси, ислом йўлидаги тарихий жараёнлари ёритилган. Биз учун бу жуда қимматли тажриба бўлди.”

 

Константин Блашке, шунингдек, Марказнинг концептуал аҳамиятига ҳам тўхталиб ўтди:

 

“Бу маскан Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилгани унинг аҳамиятини янада оширади. Марказ минтақанинг илмий меросини дунёга илмий асосда танитишда улкан рол ўйнайди. Бу ерда жамланган тарих — ҳозирги ҳаётимизнинг маънавий ва интеллектуал илдизидир. Бундай йирик лойиҳа билан Президентингизни ва халқингизни чин қалбимдан табриклайман”.

 

Учрашув давомида қўлёзмаларни биргаликда ўрганиш, халқаро конференсиялар ташкил этиш, илмий алмашинув ва экспертлик лойиҳаларини йўлга қўйиш бўйича имкониятлар муҳокама қилинди.

 

 

Ислом цивилизацияси маркази бугун ўз олдига қўйилган вазифа — Шарқ илмий меросини замонавий фикрлаш билан уйғунлаштириб, уни глобал майдонга олиб чиқиш йўлида муҳим қадамлар ташламоқда.