CNN World: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази – маърифат ва илҳом манбаи

CNN World нашри Тошкент шаҳрида очилиши арафасида турган Ислом цивилизацияси марказини Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган энг йирик маънавий-маърифий лойиҳалардан бири сифатида ёритди. Материалда Марказнинг ислом меросини замонавий талқинда намоён этишга қаратилган концепцияси, унинг меъморий ечими, нодир қўлёзмалар ва артефактларни асраб-авайлашдаги ўрни, шунингдек, илм-фан, таълим ва маданиятни бирлаштирган халқаро интеллектуал майдон сифатидаги аҳамияти кенг ёритилган.
Қадимий тарих ва замонавий тараққиёт чорраҳаси Тошкент шаҳрида якунланган йирик маданий лойиҳалардан бири — Ислом цивилизацияси маркази очилиши кутилмоқда, мазкур Марказ Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган энг салмоқли маънавий-маърифий ташаббуслардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Ҳикмат ва маърифатга асосланган марказ
Ислом цивилизацияси маркази оддий музей мажмуаси эмас. У — Ислом меросининг жаҳон цивилизацияси ривожидаги ўрни ва аҳамиятини қайта талқин қилишга қаратилган кенг кўламли маданий-маърифий мегалойиҳа. Марказнинг асосий вазифаси — халқнинг кўҳна маданий ва тарихий меросини ўрганиш, сақлаш ва уни келажак авлодларга етказишдан иборат.
Марказни барпо этиш ғояси илк бор 2017 йили БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган. Давлат раҳбари ушбу ташаббус орқали лойиҳанинг моҳиятини қуйидагича ифодалаган:
“Энг муҳим вазифамиз — Ислом динининг ҳақиқий инсонпарварлик моҳиятини жаҳон ҳамжамиятига етказиш. Ислом инсонни яхшиликка, тинчликка, поклик ва бағрикенгликка чақирган диндир.”

Ислом цивилизацияси маркази Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзлаган қараши маҳсулидир.
Маъно ва қадриятлар меъморчилиги
Президент томонидан илгари сурилган бу муҳим ғоя орадан саккиз йил ўтиб ўзининг улкан меъморий ифодасига эга бўлди. Марказ Тошкент шаҳрининг— Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида барпо этилган.
Мажмуа 65 метрлик асосий гумбаз ва мамлакат ҳудудларининг бирлигини ифодаловчи тўрт порталдан ташкил топган. Мажмуанинг юраги — VII асрга оид ва ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритилган муқаддам Усмон Қуръони сақланадиган Қуръон залидир.
Марказ экспозицияси замонавий рақамли инсталляциялар билан бойитилган бўлиб, хронологик тартибда — исломгача бўлган даврдан бошлаб, Биринчи ва Иккинчи Ренессанслар, Янги Ўзбекистон - Янги Ренессанс асоси давригача бўлган йўлни қамраб олади.

Илм-фан, санъат ва таълим бирлашган интеллектуал майдон
Марказ илм, санъат ва таълимни бир нуқтада жамлаган интеллектуал майдон сифатида фаолият юритади. 200 мингга яқин адабиётни ўз ичига олган кутубхона, Хаттотлик мактаби, ҳунармандчилик устахоналари, реставрация лабораторияси унинг ажралмас қисми саналади.
Марказда King's Foundation анъанавий санъат мактаби, ҳамда Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган Болалар музейи фаолият юритади. Бу ерда болалар илм-фан билан ўйин, тажриба ва мультимедиа орқали танишадилар.
Марказнинг иккинчи қаватида ЮНЕСКО, ICESCO, IRCICA, Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари жойлашган.
460 ўринли халқаро конференция зали эса маданий ва илмий мулоқотларни ташкил этиш учун мўлжалланган. Марказда амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар, кашфиётлар ва маданий ташаббуслар музей экспозицияларида доимий равишда янгиланиб бориб, уни “тирик музей”га айлантиради.
ЮНЕСКО Бош директори Халед Эл-Ананий таъкидлаганидек:
“Ушбу марказ бутун инсоният учун нур ва маърифат манбаи бўлиб хизмат қилишини тилайман. У маданий хилма-хиллик, бағрикенглик, очиқлик ва Ўзбекистоннинг инсоният тараққиётидаги ўрнини ёрқин намоён этувчи маскандир.”

Хотира ва меросни тиклаш йўлида
Марказ фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири — асрлар давомида турли мамлакатларга тарқаб кетган миллий мерос намунасини юртга қайтаришдир. Ўзбекистонлик олимлар ва санъатшунослар дунёдаги етакчи аукцион уйлари, хусусий коллекциялар ва галереялар билан учрашувлар ўтказди. Натижада мингдан зиёд ноёб экспонатлар мамлакатга қайтарилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Жаҳон жамияти (WOSCU) Марказга мингга яқин қўлёзма ва артефактни тақдим этди.
Марказ хайриячилар ва хусусий коллекционерлар билан ҳамкорликни давом эттирмоқда: бу унинг халқаро мезонларга тўлиқ мос равишда ривожланиши ва тарихий яхлитлигини таъминлайди.

Бугундан бошланган келажак
Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухоликов таъкидлаганидек:
“Ҳар куни Марказга Президент Шавкат Мирзиёевга бу илм-маърифат масканини барпо этгани учун миннатдорлик билдирувчи мурожаатлар келмоқда. Ушбу марказ Ислом цивилизациясини тинчлик, эзгулик, илм ва маърифат манбаи сифатида дунёга тўғри ва замонавий талқинда танитмоқда.
Асрлар давомида тарқоқ ҳолда сақланган маънавий ва илмий мерос бугун бир маконда жамланиб, янги маъно ва бирлик касб этмоқда.
Бизнинг вазифамиз — ушбу улкан лойиҳани изчил ривожлантириб, уни маърифатли келажакни яратишга хизмат қилувчи кучли маданий-маърифий марказга айлантиришдир.”
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа