Индонезия ва Малайзия блогерлари Ўзбекистон тарихи билан яқиндан танишди
Бугунги ахборот технологиялари тараққиёти шароитида ёшлар билим ва маълумотни асосан интернет орқали қабул қилмоқда. Виртуал олам қулай бўлсада, тарихий жараёнларни ҳис қилиш, маънавий меросни кўз билан кўриб англаш, илмий ва маданий қадриятларнинг бевосита намуналари билан танишиш инсон тафаккурига бутунлай бошқача таъсир кўрсатади.
Шу маънода, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мамлакат тарихини, бутун мусулмон дунёси тараққиётини акс эттирувчи замонавий илмий-маърифий маскан сифатида халқаро аудиториянинг ҳам эътиборига тушмоқда. Мазкур марказда қадимдан то замонавий давргача бўлган илмий кашфиётлар, маданий анъаналар, диний қадриятлар, буюк мутафаккирлар фаолияти ҳамда Марказий Осиёда шаклланган цивилизация қатламлари ёритилган.
Индонезия, Малайзия ва Канаданинг таниқли, миллионлаб кузатувчиларга эга блогерлар гуруҳи Марказга ташриф буюриб, унинг илмий-мазмуний бойлиги, замонавий технологиялар билан уйғунлашган экспонатлари ва ноёб архитектураси билан яқиндан танишди. Ташриф давомида меҳмонлар ўз таассуротлари билан ўртоқлашиб, марказнинг ёшлар маънавияти учун муҳим маскан эканини таъкидлашди.
Аниқ Ақил, Малайзия:
“Менимча, Малайзиядаги ҳар бир инсон Ўзбекистонга келиб, унинг тарихини ўрганиши керак. Бу марказ мен учун жуда интерактив тажриба бўлди. Матн ўқишдан кўра тинглаб ўрганиш менга осонроқ, гидларнинг тушунтиришлари орқали Ўзбекистон тарихи ва асрлар давом этган ислом цивилизацияси ҳақида жуда кўп маълумот олдим. Тарихни чуқур англамоқчи бўлган ҳар бир киши албатта бу ерга келиши керак.”
Надиа Аннуар, Малайзия:
“Дастлаб бу қадар катта ва мазмунли марказни кутмаган эдим. Залдан залга ўтган сайин билганларим янада кенгайди. Ислом цивилизацияси ҳақида кўп нарса биламан деб ўйлардим, аммо бу ер менга яна кўплаб янги маълумот берди.
Ҳозирги авлод ҳамма нарсани интернетдан топаман деб ўйлайди, аммо ўз кўзи билан кўриб, ҳис қилиши бу бошқа дунё.”
Сили, Канада:
“Кирган заҳотимдан бошлаб марказнинг архитектураси, безаклари ва муҳитидан завқ олдим. Ҳар бир экспонат, ҳар бир бўлим жуда бой маълумотга эга. Ўзбекистоннинг маданияти ва диний тарихи шу қадар кенг ёритилганки, бир куннинг ўзи етмайди. Қадимги даврлардан тортиб ҳозирги кунгача бўлган жараёнлар пухта ва изчил намойиш этилган. Бу марказ мен учун чинакам билим манбаи бўлди.”
Ақо Имран, Малайзия:
“Бу жой жуда қизиқарли, чунки Ўзбекистон тарихининг барча босқичлари жуда батафсил ёритилган. Айниқса, Амир Темур даврига бағишланган бўлим мени таассуротга солди. Марказнинг архитектураси жозибадор, ички дизайни эса замонавий технологиялар AI ва бошқа инновацион ёндашувлар билан бойитилган. Бу ерда илгари билмаган жуда кўп фактларни ўргандим. Ёшлар учун бу жой айни муддао улар цивилизация тараққиётини ўз кўзлари билан кўриб, англаб етишлари мумкин.”

Блогерларнинг таъкидлашича, Ислом цивилизацияси маркази тарихни ўқиб, ҳис қилиб ўрганиш имконини берувчи ноёб маскан. Тарихни кашф этишни истаган ҳар бир киши учун бу ер албатта ташриф буюришга арзийди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа