CNN World: "Марказий Осиёнинг умумий мероси – тараққиётга олиб борувчи йўл"

 

CNN нашри Ўзбекистонда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази ва унинг Марказий Осиёдаги маънавий-маърифий меросни тиклашдаги аҳамияти ҳақида мақола чоп этди. Материалда марказнинг VIII–XIII асрларда ҳозирги Ўзбекистон ва атроф ҳудудларда шаклланган илмий-маърифий анъаналарни сақлаш ва кенг тарғиб қилишдаги ролини, Биринчи халқаро конгрессда минтақавий олимлар, тадқиқотчилар ва маданий намояндаларни бирлаштирганини, шунингдек, нодир қўлёзмалар ва бебаҳо артефактлар орқали замонавий дунёда Ўзбекистоннинг нуфузини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар кенг ёритилган.

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилган Биринчи халқаро конгресс иштирокчилари минтақага хос маънавий ва маърифий анъаналар мероси ҳақида фикр юритиб, келажакка оид ижобий кайфиятда эканликларини таъкидладилар.


Илм-фан ва тафаккур бешиги


VIII–XIII асрларда Аббосийлар халифалиги даврида ҳозирги Ўзбекистон ва атроф ҳудудлар Ислом оламининг энг муҳим илмий марказларидан бири ҳисобланган. Айнан шу давр ва ҳудудда илм-фан, математика, астрономия, география каби соҳаларда пайдо бўлган тубдан янги ғоялар замонавий дунёқарашнинг шаклланишига асос солган.


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бу буюк илмий-манавий меросни асраб-авайлаш ва халқаро жамоатчиликка етказиш мақсадида бебаҳо артефактлар, нодир қўлёзмалар ва замонавий мультимедиавий экспозицияларни ўз ичига олган кенг миқёсли экспозицияни тақдим этмоқда.


2025 йил ноябр ойида мазкур Марказ Биринчи халқаро конгрессга мезбонлик қилди. Марказий Осиё ва Озарбайжондан ташриф буюрган олимлар, тадқиқотчилар, маданият намояндалари умумий маданий меросни муҳокама қилиш ва барқарор келажак йўлида мулоқотни кучайтириш мақсадида бир майдонга жам бўлдилар.

 

“Конгресс учун айнан Ислом цивилизацияси марказининг танланиши бежиз эмас”, — деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз табригида. “Бу бетакрор маънавий-маърифий мажмуада сизлар уч минг йилдан ортиқ тарих билан танишиб, Янги Ўзбекистоннинг замонавий ютуқлари ва келажакка қаратилган мақсадлари ҳақида янгича тасаввурга эга бўлишингиз мумкин”.

 

The Center is an intellectual space housing a history that spans more than three millennia

Уч минг йиллик тарихи мужассам интеллектуал макон


Конгресс доирасида тарихий-маданий мерос, кутубхона ва архивлар ривожи, минтақавий санъат, адабиёт ва кино соҳаларига бағишланган саккизта мавзули шўъба йиғилишлари ўтказилди. Иштирокчилар таълим соҳасидаги долзарб вазифалар, рақамли даврда ёш авлод олдида очилаётган имкониятлар ва уларнинг интеллектуал ривожи масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.


Ўзбекистонда ёшларнинг билимли, фаол ва замонавий кўникмаларга эга бўлган етук авлод бўлиб камол топишини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.


Конгресснинг маънавий рамзийлиги сифатида Марказнинг асосий залига Ислом дунёсидаги энг қадимий қўлёзмалардан бири — Усмон Қуръонининг жойлаштирилиши катта аҳамият касб этди. Иштирокчилар буни муқаддас меросга нисбатан ҳурмат, узвийлик ва ислом маданиятининг меҳр ёғи каби кабул қилдилар.


VII асрга мансуб ушбу нодир нусха асл каноник матннинг сақланиб қолган энг қадимий варианти ҳисобланади. Ҳозирда у Марказнинг 65 метрли улкан гумбази остида, минтақанинг маънавий ва интеллектуал қудратини акс эттирувчи артефактлар ўртасида муносиб ўрин эгалламоқда.

 

“Конфликт ва қарама-қаршиликлар кучайиб бораётган бугунги мураккаб шароитда тинчлик ва барқарорликни сақлаш энг муҳим вазифамиздир”, — деди Президент Шавкат Мирзиёев. “Биз барча масалаларга билим ва маърифат асосида ёндашишимиз, халқлар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашимиз, маданият ва цивилизациялар ўртасида мулоқотни кенгайтиришимиз лозим”.

 

The Uthman Qur’an is exhibited in a dedicated hall to honor the sacred heritage of Islamic civilization


Келажак барқарорлиги йўлида ҳамжиҳатлик


Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарлари учрашуви арафасида Президент Мирзиёев минтақанинг жаҳон таълими, фан ва маданиятига қўшган ҳиссасига бағишланган БМТ резолюциясини қўллаб-қувватлашга чақирди.


Мураккаб халқаро жараёнлар фонида конгресс дипломатик ва сиёсий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамият касб этди. У маданий ҳамкорлик минтақа давлатлари ўртасида ишончни мустаҳкамлашнинг самарали воситасига айлана олишини яна бир бор кўрсатди. Юзлаб делегатларни бирлаштирган конгресс Марказий Осиёнинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги беқиёс ўрнини яна бир бор намоён қилди.

 

“Марказий Осиё шунчаки географик ҳудуд эмас — у буюк ғоялар, яратувчилик ва маърифат манбаи”, — деди Ислом цивилизацияси маркази директори ва WOSCU раиси Фирдавс Абдухолиқов.

 

“Ўзбекистон Президентининг ташаббуси нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақа ва ислом оламининг маданий-тарихий меросини тиклаш ва улуғлашга қаратилган. Марказ бу олийжаноб вазифани амалга ошириш учун барча шароитларни яратади”.


2017 йилда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этила бошланган Ислом цивилизацияси маркази ҳозирда охирги тайёргарлик босқичида бўлиб, 2026 йил март ойида очилиши режалаштирилган.