Тарихий мерос ва замонавий тафаккур: ёш прокурорларнинг Ислом цивилизацияси марказига ташрифи
Тошкент шаҳрида барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган янги маънавий юксалиш, тарихий хотирани тиклаш ва ёшлар онгида миллий ифтихорни мустаҳкамлаш сиёсатида муҳим ўрин эгалламоқда. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Инсон қадри — олий қадрият”, ва бу қадриятни асраш, унинг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаш йўли аввало ёш авлод тафаккурида адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашдан бошланади.
Шу улуғ ғоя замирида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви доирасида мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган 70 дан ортиқ ёш прокурорлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими ходимлари, талабалар ҳамда соҳанинг фахрий мутахассислари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар.

Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов делегация аъзоларини самимий кутиб олиб, уларни Марказнинг асосий концепцияси, илмий-тадқиқот йўналишлари, экспозицияларнинг инновацион ечимлари ва ёшлар учун амалга оширилаётган таълимий лойиҳалар билан таништирди.
Ташриф давомида делегация аъзолари Биринчи, Иккинчи ва учинчи Ренессанс даврларига оид экспозициялар, қўлёзмалар, интерактив заллар ва қадимий артефактларни кўздaн кечириб, Ўзбекистонда шаклланган илмий мактаблар, мутафаккирлар мероси ва ислом дунёсига ҳадя қилинган улкан илмий ютуқлар билан яқиндан танишдилар.

Бош прокуратура Кадрлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ойбек Султонов ташрифнинг аҳамиятини қуйидагича таъкидлади:
“Ҳақиқатни тан олиш керак: бу каби марказнинг Президентимиз ташаббуси билан барпо этилгани улкан, тарихий аҳамиятга эга воқеа. Энг аввало, ёш мутахассисларимиз буни қадрлаши, эъзозлаши ва тарихимиз қанчалик буюк эканини чуқур англаб олиши муҳим.
Марказ нафақат давлатчилик тарихини, балки сиёсий тафаккур ва дипломатия мактабини ҳам ўргатади. Чунки бизнинг давлатчилигимиз 3000 йиллик тарих давомида фақат ўз ҳудуди билан чекланиб қолмаган, балки бошқа давлатлар билан фаол муносабатлар юритган”.
Фахрий мутахассислар — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юристлар Убайдулла Мингбоев, Ҳалим Бобоев, Тоҳир Мирзаев ҳам экспозициялар билан танишув чоғида ўз таассуротларини баён этар экан, Марказнинг миллий худуддаги эмас, балки бутун ислом дунёсидаги аҳамиятини алоҳида эътироф этдилар.
Тоҳир Мирзаев ўз фикрларида шундай деди:
“ Бугун мен жуда хурсандман. Шахсан мен учун бу кун катта янгилик ва янги таассуротлар куни бўлди. Билимларим янада бойиди. Ўзбекистон тарихи ҳақида аввал ҳам кўп маълумотларга эга эдим ва доимо ғурурланиб юрганман. Аммо бугун Ислом цивилизацияси марказига келиб, чин маънода ҳайратда қолдим - кўрганларим мени лол қолдирди.
Европа давлатларидаги музей ва тарихий марказларга борганимда доимо ўйлардим: “Нега Ўзбекистонда ҳам шундай йирик, замонавий ва батафсил кўргазмалар бўлмайди?” Албатта, бизда тарихий бойликлар кўп, лекин улар турли жойларда, алоҳида-алоҳида тақдим этиларди.
Бугун эса Президентимиз ташаббуси билан яратилган бу улкан марказда тарихимиз бир жойда, тартибли, замонавий ва жуда таъсирли шаклда намойиш этилаётганини кўриб, яна бир бор фахр туйдим. Ўзбеклигимдан янада кўпроқ ғурурланиб кетдим”.
Ташриф нафақат тарихи ва илмий мерос билан танишув, балки ёш мутахассисларнинг ҳуқуқий онги, миллий ўзлигини англаши ва маънавий дунёқарашини бойитишда муҳим аҳамият касб этди. Марказ томонидан делегацияга махсус эсдалик совғалари ҳам тақдим этилди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа