Озарбайжон энергетика вазири: “Ҳар бир экспонат менда ҳайрат уйғотди”

 

Тошкент шаҳри Халқаро конгресс марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев янги энергетика қувватлари ва инфратузилма обектларини ишга тушириш ҳамда навбатдагиларининг қурилишини бошлашга бағишланган тантанали маросимда иштирок этди. Шунингдек, қатор давлатлардан келган энергетика вазирларини қабул қилди. 

 


Шундан сўнг энергетика вазирлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини кўздан кечиришди. 

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Озарбайжон Республикаси энергетика вазири Парвиз Шаҳбозов ташриф буюрди. Меҳмон Марказ фаолияти, экспозицияси ҳамда аҳамиятга молик қўлёзмалар, нодир артефактлар ва замонавий музей технологиялари билан яқиндан танишди.

 

 

 

Ташриф давомида вазир Парвиз Шаҳбозов Марказ ҳақида катта таассурот билан фикр билдириб, уни Шарқ цивилизациясининг муҳим бойликларини жамлаган бетакрор маскан сифатида таъкидлади.

 

— Бу бинога назар ташлаганимданоқ, унинг ҳақиқатан ҳам мўъжиза эканини ҳис қилдим. Жуда гўзал, жуда бой иншоот. Бу фақат Ўзбекистон тарихига эмас, балки бизнинг умумий тарихимизга тегишли. Чунки халқларимиз қардош, илдизларимиз бир, тилимиз ва динимиз муштарак. Шу боис бу ердаги ҳар бир экспонат, ҳар бир артефакт ўзимизга ҳам яқин. Энг муҳими, ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу марказ орқали Ўзбекистон, Озарбайжон ҳамда барча туркий халқларнинг қадимий ва бой маданиятини муваффақиятли намойиш этяпсиз. Бугун шу гўзал Тошкент шаҳрида, Президент ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлганимиз, Ислом тарихи билан бевосита танишганимиз, нодир экспонатлар ва бебаҳо қўл ишларини кўрганимиздан жуда мамнунман. Ростини айтсам, деярли барча экспонатлар менда ҳайрат уйғотди. Бу диёрнинг цивилизация бешиги эканини исботловчи бой намуналар “Буюк ипак йўли”ни ёрқин ва равшан тарзда акс эттириб, қадимий давлатчиликни намойиш этувчи хариталар — барчаси диққатга сазовор. Қадимий топилмалар эса алоҳида эътиборга лойиқ ўта нодир намунадир, - деди Озарбайжон Республикаси энергетика вазири Парвиз Шаҳбозов.

 

Шунингдек, меҳмон Марказнинг илмий-тадқиқот йўналишлари, халқаро ҳамкорлик дастурлари ва туркий давлатлар билан маданий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

 

Ташриф якунида Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов меҳмонга ташриф учун миннатдорлик билдирди.

 

— Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказига ташрифингиз биз учун катта шараф. Марказ барча туркий халқларнинг муштарак меросини бир масканда жамлаб, уни жаҳонга етказишни мақсад қилган. Экспозициямизни юқори баҳолаганингиз ва самимий мулоҳазаларингиз учун миннатдорчилик билдирамиз,” — деди Фирдавс Абдухолиқов.

 

 

Ташриф якунида меҳмонларга Марказнинг эсдалик тўпламлари тақдим этилди.