Khaleej Times: "Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази: глобал маърифий маконнинг янги мезони"

Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи нашри — “Khaleej Times” Ўзбекистонда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази ва унинг минтақадаги маънавий-маърифий жараёнлардаги ўрни ҳақида мақола чоп этди. Материалда марказнинг мусулмон дунёси меросини тиклашдаги аҳамияти, Ўзбекистоннинг тарихий артефактларни асраб-авайлаш ва халқаро илм-фан ҳамжамияти билан ҳамкорликни кучайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари, шунингдек, мамлакатнинг жаҳон маданий майдонида ортиб бораётган нуфузи кенг ёритилган.
Ислом мероси, илм-фани ва маданиятини жаҳон ҳамжамиятига тўғри ва чуқур етказишга қаратилган стратегик лойиҳа.
Тошкент шаҳрида қад ростлаган ушбу йирик маданий-маърифий комплекс бугунги кунда Янги Ўзбекистоннинг энг муҳим интеллектуал ташаббусларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Марказни барпо этиш ғояси илк бор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси минбаридан илгари сурилган бўлиб, ушбу ташаббус лойиҳанинг ғоявий асосини белгилайди.

Президентнинг ўша пайтдаги мазмунан муҳим чақириғида шундай таъкидланган эди:
“Биз учун энг устувор вазифа — Ислом динининг инсонпарварликка, тинчликка ва эзгуликка асосланган ҳақиқий моҳиятини жаҳон ҳамжамиятига етказишдир.”
Ушбу ғоя Марказ барпо этилишида бош йўналтирувчи тамойилга айланди. Ислом — фақат диний эътиқод эмас, балки илм-фан, маданият, ижод ва маърифат цивилизацияси эканини илмий-тасвирий асосда намоён этиш мақсад қилиб олинди.
ЮНЕСКО Бош директори Халед Эл-Анани 2024 йил ноябрь ойида амалга оширган ташрифи давомида Марказга алоҳида баҳо бериб, қуйидаги фикрни билдирган:
“Ислом цивилизацияси маркази — маданий хилма-хиллик, бағрикенглик ва очиқликни улуғловчи улкан майдон. У Ўзбекистоннинг инсоният тараққиётига қўшган ҳиссасининг ёрқин кўринишидир.”
Интеллектуал экотизим сифатида яратилган замонавий комплекс

Марказ Тошкент шаҳрининг тарихий-маънавий маркази ҳисобланган Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида барпо этилди. Архитектура композициясининг марказидаги 65 метрли гумбаз ва тўрт портал мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги ва маънавий бирлигини символик тарзда ифода этади.
Марказнинг асосий қимматли объекти — VII асрга оид, ЮНЕСКОнинг “Дунё маданий мероси” рўйхатига киритилган Усмон Мусҳафи сақланувчи Қуръон зали ҳисобланади.
Экспозициялар концепцияси замонавий рақамли технологиялар ва асл артефактлар уйғунлигида ишлаб чиқилган бўлиб, қуйидаги хронология асосида қурилган:
➖ Исломдан аввалги давр цивилизацияси,
➖ Биринчи Ренессанс,
➖ Иккинчи Ренессанс,
➖Янги Ўзбекистон — Янги Ренесанс пойдевори
Марказ замонавий маънавий-маърифий хаб сифатида тузилган. Унда:
➖ 200 мингдан ортиқ китобга эга кутубхона,
➖ хаттотлик ва анъанавий санъатлар мактаби,
➖ ҳунармандлик устахоналари,
➖ реставрация лабораторияси,
➖болалар учун илк интерактив “1001 кашфиёт” музейи фаолият юритади.
Шунингдек, Марказда ЮНЕСКО, ICESCO, IRCICA каби халқаро ташкилотларнинг офислари, илмий марказлар ҳамда 460 ўринли конференция зали жойлашган. Бу жиҳат уни минтақадаги йирик халқаро мулоқот платформасига айлантиради.
Мерос дипломатияси: хориждаги бойликларнинг Ватанга қайтиши
Марказ фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири — дунё давлатлари музейлари, аукцион уйлари ва хусусий коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид нодир артефактларни Ватанга қайтаришга қаратилган “мерос дипломатияси”дир.
Sotheby’s, Christie’s ва бошқа нуфузли майдонларда олиб борилган ишлар натижасида 1000 дан зиёд тарихий ашё ва ноёб экспонатлар мамлакатга қайтарилди.
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) томонидан Ислом цивилизациясига оид қарийб 1000 қўлёзма ва артефакт Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ҳадя қилинди. Шахсий коллекционерлар ва халқаро хайриячилар томонидан ҳам марказга юзлаб нодир асарлар тақдим этилди.
Марказ очилишига тайёргарлик жараёнида 40 давлатдан 1500 мутахассис иштирокида 800 дан ортиқ илмий-тадқиқот ва музей лойиҳалари амалга оширилди.

“Ҳар куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Тошкентда тинчлик, эзгулик, илм-фан, маърифат ва маънавий маданият цивилизацияси сифатида ислом тамаддунининг замонавий тушунчасини шакллантираётган дунёдаги йирик марказлардан бирини барпо этгани учун Президент Шавкат Мирзиёев номига миннатдорлик билдирилган сон-саноқсиз мурожаатларни қабул қилмоқда. Асрлар давомида тарих саҳифаларига сочилиб кетган барча бебаҳо мерос бугун яна ягона бутунлик сифатида жамланмоқда. Ислом цивилизацияси марказида ўтмишнинг ушбу маънавий чўққилари янги бирлик касб этиб, хотира, маърифат ва аллақачон бугундан, шу ерда, бизнинг орамизда бошланаётган келажак маконига айланяпти. Ушбу буюк лойиҳани янада ривожлантириб, аждодлар меросининг буюк самарасини маърифатли келажакнинг қудратли энергиясига айлантира оладиган кучли маданий-маърифий марказга айлантириш — бизнинг бурчимиздир,” — дея таъкидлади Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори ва WОSCU раиси доктор Фирдавс Абдуҳаликов.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа