Ўзбекистонда Ислом цивилизация марказининг рамзий концептуал асослари бўйича монографиянинг биринчи жилди тайёрланди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизация марказида марказ биносининг рамзий ва концептуал безакларини ўрганиш ва уларни кенг аудиторияга етказишга қаратилган йирик илмий-нашр лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳанинг асосий мақсади марказ биносининг ташқи ва ички безакларини оддий эстетик кўринишдан ташқари, уларнинг рамзий ва мантиқий ечимини очиб бериш ва кенг оммага етказишдан иборат.

Ушбу лойиҳа ва монографиянинг мазмун жиҳатлари Ислом цивилизация марказида ўтказилган илмий кенгаш жараёнида кўриб чиқилди ва муҳокама қилинди. Йиғилишда марказ директори ва илмий кенгаш аъзолари лойиҳанинг мақсад ва вазифалари, боблар тартиби, визуал концепцияси масалаларини атрофлича муҳокама қилишди.
Шу мақсадда тайёрланган “Рамзий концептуал асослар” номли монографиянинг биринчи жилди нашрга тайёр бўлиб, унинг бир нусхаси нашриётда чоп этилди. Ушбу жилдда ҳар бир нақш ва рамзнинг тарихий, маданий ва фалсафий маъноси таҳлилий тарзда ёритилган.

— Рамзларни тўлиқ тушуниш учун махсус билим ва рамзлар алифбосини яхши билиш талаб этилади. Шунинг учун ушбу монография олимлар ва илмий тадқиқотчилар учун қўлланма сифатида хизмат қилади, бинонинг ҳар бир қисми — дарвоза, эшик, минора ва залларнинг рамзий мантиғини очиб бериш имконини беради, - деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг илмий ходими Саидахбор Булатов.
Монографиянинг биринчи жилди турли университет ва илмий марказларга тақдим этилди ва олимлардан ижобий фикрлар ва тақризлар олинди. Шу асосда келгусида иккинчи, учинчи ва тўртинчи жилдларни тайёрлаш режалаштирилмоқда. Ушбу жилдлар 4 та тилда — ўзбек, рус, инглиз ва араб тилларида нашр этилиши режалаштирилган.
Монографиянинг умумий ҳажми тахминан 300 бет атрофида нашр қилинади. Шу билан бирга, қўлланиши қулай ва эсдалик сифатида тақдим этилиши учун кичкина форматдаги вариант ҳам тайёрланмоқда. Бу форматлар нафақат визуал жиҳатдан, балки ҳар бир нақшнинг таҳлилий ва рамзий маъносини чуқур англаш учун мўлжалланган.
Лойиҳанинг илмий аҳамияти шундаки, у марказнинг биноси ва безакларини нафақат санъат ва дизайн нуқтаи назаридан, балки тарихий, рамзий жиҳатдан ҳам ўрганиш имконини беради. Бу эса келгусида илмий тадқиқотчилар учун методологик асос ва манба бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, монография марказга ташриф буюрадиган ҳар бир меҳмон — болалардан тортиб катталаргача — бинонинг маънавий ва фалсафий мазмунини тўлиқ англаб, унинг рамзий ечимларини тушуниш имконига эга бўлади.
Муаллифлар таъкидлашича, ушбу монография асосида келгусида видеороликлар, фильмлар ва илмий нашрлар ҳам тайёрлаш мумкин бўлади. Шу тарзда Ислом цивилизация марказининг рамзий ва концептуал безакларини кенг аудиторияга етказиш ва уларнинг маънавий қийматини очиб беришда ушбу нашрнинг аҳамияти катта ҳисобланади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа