Ипак мероси бўйича икки томлик китоб-альбом яратиш лойиҳаси тасдиқланди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтган кенгайтирилган илмий кенгашда Марказнинг йирик илмий-нашр лойиҳаси — ипакчилик цивилизациясига бағишланган икки томлик китоб-альбом тайёрлаш масаласи асосий кун тартибига қўйилди. Йиғилишда Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов ва илмий кенгаш аъзолари иштирок этди.


Муҳокамада икки йўналишда тайёрланаётган нашрлар — «Ипак: Санъат ва Мерос» ҳамда «Ипак: Тарих, Маданият ва Технология» номли томлар учун боблар тартиби, илмий ёндашув, визуал концепция ва фотосуратлар бўйича таклифлар атрофлича кўриб чиқилди. Санъатшунослик фанлари доктори, профессор Холида Камилова сўзга чиқиб, ушбу томлар ҳақида батафсил маълумот берди.

– Лойиҳа жуда ҳам ажойиб, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида шунга ўхшаш лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Юртимизни бутун дунёга танитган маҳсулотлардан бири бу – ипак. Шунинг учун ҳам бу мавзуни имкон борича кенг ёритиш лозим, - деди тарих фанлари доктори, профессор Абдумажид Мадраҳимов.
Биринчи том (Тарих, маданият ва анъаналар)да ипакнинг пайдо бўлиши, қадимий цивилизациялар ва Буюк Ипак йўлидаги ўрни, Ислом олами ва Ренессанслар давридаги ривожланиши, орнаментлар, рамзлар ҳамда анъанавий ипак кийимлари ёритилиши белгиланди.
Иккинчи том (Замонавийлик, технология ва келажак)да эса замонавий ипак ишлаб чиқариш, Ўзбекистоннинг бу соҳадаги глобал марказ сифатидаги роли, мода ва дизайнда ипакнинг қўлланилиши, интерьер ва санъатдаги қиймати, инновацион тенденциялар ҳамда келажак истиқболлари қамраб олиниши муҳокама этилди.
Шунингдек, китоб-альбомларга қўшимча илова сифатида ипакчилик тарихи хронологияси, Ипак йўллари хариталари, орнаментлар каталоглари, усталар портретлари, терминлар луғати, шунингдек, дунё музейлари ва коллекциялари рўйхати киритилиши мақулланди.
Йиғилиш якунида мазкур икки томликни тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлари шакллантирилиб, бўлимлар кесимида аниқ вазифалар юклатилди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа