Euronews: “Ўзбекистоннинг меросини қайта тиклашга қаратилган саъй-ҳаракатлари узра саёҳат”

Нуфузли халқаро ахборот агентлиги – Euronews нашри Ўзбекистоннинг бой тарихий меросини тиклаш ва асраш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида мақола эълон қилди. Мақолада Тошкентда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази, унинг маънавий уйғонишдаги ўрни, Ўзбекистоннинг тарихий аҳамиятга эга ноёб артефактларни қайтариш бўйича амалга оширган беқиёс ишлари ҳамда мамлакатнинг жаҳон маданиятидаги нуфузи кенг ёритилди.
Тошкент марказида жойлашган янги, бебаҳо меъморий иншоот – Ўзбекистоннинг маънавий уйғонишининг рамзига айланди.
2026 йил март ойида очилиши режалаштирилган Ислом цивилизацияси маркази мамлакатнинг ҳозиргача амалга оширилган энг йирик маданий лойиҳаси бўлиб, у асрлар давомида шаклланган илмий алмашинув, бадиий нафосат ва диний илмий меросни намойиш этишга мўлжалланган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу ташаббусни 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясида тақдим этар экан, исломнинг инсонпарварлик асосларини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Ўтган йил сентябрь ойида БМТнинг 80-сессиясида у лойиҳа якунланишга яқинлашганини ва Ўзбекистон дунё учун ушбу маънавий-маърифий марказнинг эшикларини очишга тайёрланаётганини билдирди.
Тарихни шакллантирган макон
Ислом цивилизацияси маркази 10 гектар майдонда жойлашган бўлиб, унинг архитектураси тикланган бадиий анъаналарни замонавий муҳандислик ечимлари билан уйғунлаштиради. 65 метр баландликдаги улкан гумбаз – Ўзбекистоннинг минтақавий ва миллий бирлик рамзи сифатидаги тўртта улкан пештоқлар билан ўралган. Нозик нақшлар эса Темурийлар даври санъати ва илм-фан марказлари бўлган Самарқанд ҳамда Бухоро шукуҳини эслатади.
Ичкарида экспозициялар “Цивилизациялар, Шахслар ва Кашфиётлар” концепцияси асосида ташкил этилган. Намойишлар Исломдан аввалги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанслар, шунингдек, “Янги Ўзбекистон” босқичигача бўлган тарихни ёритади. Қўлёзмалар, керамика, ноёб металл буюмлари билан бир қаторда марказнинг энг нодир асари — VII асрга оид Усмон Қуръони бўлиб, у ЮНEСКОнинг “Жаҳон хотираси” реэстрига киритилган.
Марказнинг кўлами ниҳоятда кенг:
🔳200 минг жилддан иборат кутубхона
🔳рақамли архив
🔳реставрация лабораториялари
🔳болалар музейи
Ёшлар VR, АR ва АI технологиялари орқали астрономия, тиббиёт ва санъатни ўрганиши мумкин. Хаттотлик мактаби ва босмахона эса анъанавий илмий меросга амалий кириш имконини беради.
Финляндия Президенти Александр Стубб ташриф чоғида марказни “ҳайратомуз таассуротлар гирдоби” деб атаб, асрлар давомида шаклланган илмни замонавий шаклда жонлантиришдаги маҳоратни юқори баҳолади.
Йўқотилган мероснинг қайтиши
Марказ Ўзбекистоннинг маданий дипломатиясига ҳам янги суръат берди. Президент Мирзиёев қайта-қайта таъкидлаганидек, миллий ўзлик — хотира ва маданий илдизлар билан барқарор туради. Шу боис, хорижда сақланаётган миллий мерос намуналарини ватанга қайтариш муҳим вазифа сифатида белгиланган.
Бу мақсадда марказ директори бошчилигидаги комиссия — олимлар, шарқшунослар, санъат тарихчилари — Буюк Британия ва бошқа давлатларда кенг илмий изланишлар олиб борди. Улар Марказий Осиё тарихига оид қўлёзма ва артефактларнинг халқаро коллекцияларга қандай кириб борганини ўргандилар, аукцион уйлари, коллекторлар билан учрашиб, Ўзбекистон тарихига дахлдор нодир буюмларни таснифладилар ва идентификация қилдилар.
Оксфорд Ислом Тадқиқотлари Маркази илмий ҳамкорлик, академик алмашинув ва қўшма кўргазмалар ўтказишга тайёр эканини маълум қилди. Марказ директори Фарҳан Аҳмад Низомий Ташкентдаги лойиҳани “маънавий ва илмий уйғониш рамзи” деб атади.
Қисқа вақт ичида халқаро аукционлар ва шахсий коллекциялардан 1000 дан ортиқ энг нодир артефактлар Ўзбекистонга қайтарилди — бу мамлакат тарихидаги энг катта репатриация жараёнидир.
Улар орасида:
➖600 дан ортиқ керамика, эпиграфика, металл буюмлар, хаттотлик ва миниатюра санъати намуналари
➖ IХ асрга оид Қуръон қўлёзмалари парчалари
➖ Темурийлар даври керамика буюмлари
➖ Марказий Осиё алломалари асарлари
Шунингдек, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритилган 300 та қўлёзма илк бор кенг жамоатчиликка тақдим этишга тайёрланди.
Бугун ушбу экспонатлар Тошкентнинг Ислом цивилизацияси марказида, Буюк Ипак йўли марказида ўзининг муносиб ўрнини эгалламоқда. ЮНEСКО Бош директори Халид Ал-Анани ноябрь ойидаги ташрифда марказни “бутун дунё учун нур манбаи” деб атаб, уни “цивилизациялар чорраҳаси” сифатида юксак баҳолади.
Глобал илмий ҳамкорлик тармоғи барпо этилмоқда
Лойиҳа бошиданоқ халқаро илмий доиралар фаол иштирок этди. 20 давлатдан 400 дан ортиқ тадқиқотчиларни бирлаштирган WОSCU жаҳон жамияти марказнинг илмий ва маданий йўналишларини қўллаб-қувватлади ва 1000 га яқин нодир артефактлар, қўлёзмалар ва музей экспонатларини совға қилди. Бу буюмлар Мовароуннаҳр, Хуросон, Эрон, Ҳиндистон каби минтақалардан келиб чиққан бўлиб, Ўзбекистон тарихий меросининг ажралмас қисмидир.
Марказ шахсий коллекционерлар билан ҳам ҳамкорлик қилмоқда. Дастлабки коллекциялар 2025-йилда Тошкентда ўтказилган “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро экспертлар форуми олдидан топширилди.
40 мамлакатдан 1500 дан ортиқ мутахассис марказнинг илмий, меъморий ва маданий ривожланишига оид 800 дан ортиқ илмий ва музей лойиҳаларида иштирок этди.
Марказ директори, WОSCU раиси Фирдавс Абдухолиқов лойиҳанинг мақсади “тарихда сочилиб ётган билимлар ва меросни бир жойга жамлаш” эканини таъкидлади. Унинг айтишича, марказ ислом цивилизациясини “тинчлик, эзгулик, илм-фан, маърифат ва маънавият цивилизацияси” сифатида намойиш этишни мақсад қилган.
2026 йил очиладиган Марказ — Ўзбекистон учун янги маданий дарвоза
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази 2026 йил март ойида расман очилади. Очилиш яқинлашар экан, марказ Ўзбекистоннинг маданий дарвозаси — илмий изланишлар, халқаро ҳамкорлик ва интеллектуал уйғониш учун янги макон сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа