Euronews: “Марказий Осиё ва Озарбайжон: умумий маданий мерос — умумий келажак”

 

Нуфузли халқаро ахборот агентлиги – Euronews нашрида Марказий Осиё ва Озарбайжоннинг умумий маданий мероси ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилган халқаро конгресс ҳақида мақола эълон қилинди. Материалда минтақанинг асрлар давомида шаклланган маънавий-маърифий мероси, унинг бугунги глобал вазиятдаги аҳамияти ва Ўзбекистоннинг маданий дипломатия соҳасидаги етакчи ўрни кенг ёритилган.

 

Маданият — цивилизация хотираси. У чегаралардан ошиб ўтади, сиёсий ўзгаришлардан омон қолади ва авлодлар ҳамда халқларни бирлаштиради.

 

Айнан шу ғоя Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтган “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” халқаро конгрессида Марказий Осиё ва Озарбайжондан келган олимлар, тарихчилар, сиёсий арбоблар ва маданият вакиллари муҳокамаларига асос бўлди.

 

Делегатлар Тошкентда йиғилиб, минтақанинг асрлар давомида шаклланган маърифатпарварлик анъаналари ва бугунги кун учун унинг аҳамиятини ёритиб бердилар. Бу ғоя конгресснинг якуний декларациясида расман мустаҳкамланди.

 

Умумий меросга таянадиган минтақавий ўзлик

 

Геосиёсий тангликлар, халқаро келишмовчиликлар ва чегаралардаги можаролар кучайиб бораётган бир даврда иштирокчилар Марказий Осиё ва Озарбайжон бўйлаб қарийб 100 миллион одамни боғлаб турувчи чуқур маданий пойдеворни алоҳида таъкидладилар.

 

Тадбир аҳамияти марказнинг бош залига Усмон Қуръони — дунёдаги энг қадимий ва эъзозланган қўлёзма Қуръон нусхаларидан бирининг ўрнатилиши билан янада ортди. Делегатлар бу лаҳзани чуқур рамзий маънога эга деб таърифладилар.

 

Тадбир очилишида ўқиб эшиттирилган табрикда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлади:

 

“Бугунги ўта мураккаб даврда, дунёнинг турли бурчакларида қарама-қаршиликлар ва можаролар кучайиб бораётган бир пайтда, барчамиз учун энг долзарб вазифа тинчлик ва барқарорликни сақлаш бўлиб қолмоқда. Биз ҳар бир масалага билим ва маърифат билан ёндашишимиз, халқлар ўртасида тотувликни мустаҳкамлашимиз, маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни кенгайтиришимиз зарур.”

 

Дипломатик аҳамият ва маданий ҳамкорлик

 

Президент Мирзиёев ўз мурожаатини Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саммити арафасида йўллади. Унда у Бирлашган Миллатлар Ташкилотига Марказий Осиё ва Озарбайжоннинг жаҳон таълими, фан ва маданиятига қўшган умумий ҳиссасини эътироф этувчи махсус резолюцияни қўллаб-қувватлаш чақириғини илгари сурди.

 

Бу вақт танлови конгрессга қўшимча сиёсий аҳамият бағишлаб, маданий ҳамкорлик минтақавий ишонч ва ўзаро интеграцияни мустаҳкамлашда муҳим восита эканини яна бир бор тасдиқлади. Бу жараёнда Ўзбекистон етакчи рол ўйнаётгани қайд этилди.

 

Жаҳон цивилизациясига тарихий ҳисса

 

Нутқ сўзлаганлар Марказий Осиё ва Озарбайжоннинг жаҳон цивилизациясини шакллантиришдаги улкан ролини ҳам эсга олдилар. VIII–XIII асрлардаги Ислом Уйғониш даврида бугунги Марказий Осиё ва Озарбайжон ҳудудлари илм-фан ва тафаккур марказларидан бири бўлган.

 

Беруний, Ибн Сино, Форобий, Алишер Навоий, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек каби алломалар математика, астрономия, фалсафа, тиббиёт, илоҳиёт ва адабиёт соҳаларини тубдан ўзгартирган илмий кашфиётлар яратдилар.

 

Бу мерос ҳақида сўз юритар экан, Марказ директори ва WOSCU раиси доктор Фирдавс Абдухолиқов делегатларга шундай деди:

 

“Марказий Осиё шунчаки бир минтақа эмас. Бу — буюк ғоялар ва ижодиёт бешигидир. Ўзбекистон Президентининг ташаббуси нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун минтақанинг ва Ислом оламининг маданий-тарихий меросини тиклайди, асрайди ва улуғлайди. Бизнинг Марказ бу юксак мақсадни рўёбга чиқариш учун барча зарур шароитларни яратади.”

 

Ислом цивилизацияси маркази

 

2017 йилда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан қурилиши бошланган ва 2026 йил март ойида очилиши режалаштирилган Ислом цивилизацияси маркази Тошкентнинг маънавий юраги бўлган Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида жойлашган. Усмон Қуръони ҳозирда 65 метрли гумбаз остидаги бош залда марказий ўринни эгаллаган бўлиб, унинг атрофида минтақанинг илмий ва бадиий меросини акс эттирувчи нодир артефактлар жойлашган.

 

Марказдаги экспозициялар Марказий Осиёнинг қадимги цивилизациялардан бошлаб Биринчи ва Иккинчи ислом ренессанси алломалари орқали бугунги таълим, фан ва илмий тадқиқотлар ислоҳотларигача бўлган тарихини ёритади. Делегатлар марказни тарих ва замонавий ўзлик бирлашиб, янги маъно ва ғояларнинг туғилишига имкон берувчи кенг маданий-маърифий макон деб таърифладилар.

 

Чегаралардан ошадиган бирлик

 

Конгресс давомида айнан мана шу бирлик руҳи сезилиб турди. Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон вакиллари замонавий сиёсий чегаралардан анча олдин шаклланган чуқур маданий ришталар ҳақида сўзлаб бердилар.

 

Конгресс, шунингдек, минтақада илмий ва маърифий анъаналарни тиклаш борасида Ўзбекистоннинг кенг кўламли саъй-ҳаракатларини ҳам ёритди. Сўнгги йилларда юзлаб янги мактаблар очилди, олий таълим муассасалари сони икки баробардан кўпайди, Имом Бухорий ва Имом Матуридий каби алломаларга бағишланган янги илмий марказлар ташкил этилди.

 

Умумий маънавий мерос — умумий келажак сари

 

Марказий Осиё ва Озарбайжоннинг Ўзбекистонда тикланган маънавий марказ атрофида бирлашиши уларнинг умумий маданий меросини яна бир бор тасдиқлабгина қолмай, узоқ муддатли ҳамкорлик ва минтақавий тараққиёт учун янги майдон яратади.