Россия делегацияси: “Бу ерда тарих қалб билан ҳис қилинади”

 

 

Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси, замонавий экспозициялар ва интерактив технологиялар уйғунлашган Ислом цивилизацияси маркази юртимиздаги энг нуфузли илмий-маърифий масканлардан бири сифатида халқаро меҳмонларни қабул қилишда давом этмоқда. Навбатдаги ташриф эгаси — Россия Федерацияси Ҳукумат Раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров бошчилигидаги делегация бўлди.

 

Денис Мантуров Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган ушбу масканни кўздан кечирар экан, марказнинг концепцияси, замонавий талқиндаги экспозициялари ва тарихий меросни илмий асосда намойиш этиш услубидан чуқур таассурот олганини билдирди. Делегация аъзолари Исломдан аввалги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс экспозициялари, шунингдек “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс” бўлими билан танишиб, ҳар бир бўлимдаги илмий изчиллик ва технологик ечимларни юқори баҳоладилар.

 

 

 

Ташриф давомида делегация марказнинг ёшларни илмий изланишга жалб қилувчи таълимий лойиҳалари, рақамли архивлар ва интерактив платформаларнинг халқаро даражадаги ишланганига алоҳида эътибор қаратди.

 

Делегация аъзоси Александр Павлович Семёнов марказ ҳақида шундай фикр билдирди:

 

“Бундай марказга ташриф буюргач, инсон ўзи билан бир бўлак тарихни олиб кетади. Бу шунчаки эслаб қоладиган саҳифалар эмас — қалбда яшайдиган туйғулар. Бундай марказни яратиш — янги тарих яратишдир.”

 

 

 

Ташриф якунида Россия делегацияси марказ фаолиятини юксак баҳолаб, унинг илмий-маърифий йўналишлари икки давлат ўртасидаги маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.