Россия Федерацияси Бошқирдистон Республикаси раҳбари Радий Хабиров Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

 

 

 

Ўзбекистоннинг энг муҳим илмий-маърифий марказларидан бири — Ислом цивилизацияси маркази мунтазам равишда халқаро делегациялар эътиборида бўлиб келмоқда. Шу жумладан, Россия Федерацияси Бошқирдистон Республикаси раҳбари Радий Хабиров бошчилигидаги юқори мартабали делегация ҳам Марказга ташриф буюриб, бу ерда жамланган илмий мерос, замонавий технологиялар билан яқиндан танишди.

 

Делегация аъзолари Марказнинг “Исломдан аввалги давр”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс”,  “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори”, “Қуръони Карим зали” бўлимларидаги нодир археологик топилмалар, рақамлаштирилган қўлёзмалар, сунъий интеллект асосида яратилган кўргазмаларни катта қизиқиш билан кўздан кечирди.

 

 

 

Айниқса, милоддан аввалги I–II минг йилликларга оид нодир артефактлар, ёш авлод учун мўлжалланган интерактив ўқув зоналари ҳамда Марказнинг асосий бебаҳо ёдгорлиги — Усмон Қуръони делегация таркибида катта таассурот қолдирди.

 

Ташриф якунида Бошқирдистон раҳбари Радий Хабиров ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

 

“Мен бир неча йилдан бери Ўзбекистонда бундай улкан Ислом цивилизацияси маркази барпо этилаётгани ҳақида эшитиб юрганман. Тахминан олти ой аввал бино ташқи кўринишини кўрганимда ҳам ҳайратга тушган эдим. Аммо ҳозир бу ернинг ички мазмунини кўриб, ўша таассуротларим янада чуқурлашди.

 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказ ҳақидаги фикрларини ўқиб қолдим: “Марказнинг асосий вазифаси — Исломнинг ҳақиқий гуманистик ва маърифий моҳиятини кўрсатишдир.” Бу жуда чуқур ва долзарб ёндашув. Бугун бу фикрнинг нечоғли тўғри экани ўз тасдиғини топди.

 

Ҳали Марказ расмий очилмаган бўлишига қарамай, уни кўриш имкониятига эга бўлганимдан миннатдорман. Ростини айтсам, ҳаётимда бундан ажойиброқ илмий-маърифий мажмуани кўрмаганман.

 

Бу ерда замонавий технологиялар билан классик музей санъати жуда уйғунлашган. Айниқса, болалар учун яратилган интерактив воситалар алоҳида эътиборга лойиқ — бу бугунги авлод тарбияси учун ниҳоятда муҳим.

 

Мени айниқса “Исломдан аввалги давр” бўлими қизиқтирди. Чунки ўша даврларга оид топилмаларни сақлаш ва намойиш қилиш жуда мураккаб иш. Бироқ бу ерда милоддан аввалги минг йилликларга оид экспонатлар бор. Инсоният тараққиётининг илк босқичлари жуда пухта ёритилган.

 

Шунингдек, мен учун шахсан қадрли бўлган мавзу — Амир Темур ва Темурийлар даври. Ўзбекистонда шу даврга оид жуда кўп ёдгорликларни кўрганман ва уларни ўзим алоҳида ўрганиб келаман.

 

Албатта, Марказнинг дурдонаси — Усмон Қуръони. Бу Қуръоннинг бир неча йил давомида Уфа шаҳрида сақлангани бизнинг тарихимизнинг бир бўлаги. Туркистон халқлари мурожаат қилганидан сўнг, биз уни тарихий адолат юзасидан ўз жойига қайтардик. 1920 йиллар бошларидан бошлаб Тошкентга кўчирилган бу бебаҳо нусха бугун Марказнинг энг улуғ ёдгорлигидир.

 

Ташриф давомида музей директори билан илмий ва маданий ҳамкорлик бўйича келишув тузишга келишдик. Марказ очилгач, биз амалий ҳамкорликни бошлаймиз. Бошқирдистондан музей мутахассисларини юборамиз, тажриба алмашамиз — чунки ҳар қандай катта музей аввало илмий марказдир.

 

Очиғи, мен бугун кўрганларимдан хулоса қилдим: Тошкентда ҳақиқий туристик дурдона пайдо бўлган. Ўзбекистонга келган ҳар бир инсон айнан шу Марказни кўриши шарт. Ҳатто 2–3 кунлик сафар бўлса ҳам, камида бир кунни шу ерга бағишлаш керак. Чунки бундай масканлар одамнинг тафаккурини ўзгартиради, ёшлар учун эса улкан мактабдир.”