ИҲТ Бош котиби ўринбосари: “Бу марказ исломнинг асл қиёфасини дунёга кўрсатади”

 

 

Ислом ҳамкорлик ташкилоти делегацияси Президент Шавкат Мирзиёев ғояси асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини минтақадаги энг инновацион ва маърифатли илмий-маданий масканлардан бири сифатида баҳоладилар.


Давлатимиз раҳбарининг нуфузли халқаро ташкилот – Бирлашган Миллатлар ташкилотининг минбаридан туриб Ўзбекистонда қад ростлаган Ислом цивилизацияси маркази ҳақида айтган фикрлари халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотмоқда.

 


Шунингдек, бугунги кунда юртимизнинг бой тарихий мероси ва замонавий маданий янгиланишини уйғун тарзда намоён этувчи Ўзбекистондаги ушбу мега лойиҳа маърифий майдон сифатида халқаро делегацияларни ҳайратга солмоқда.


Марказга ташриф буюраётган халқаро делегациялар, олимлар ва маданий соҳа вакиллари мамлакатимизнинг илмий салоҳияти, ислом дунёсига қўшган улкан иштироки ва интеллектуал тараққиётини яқиндан кўриш имконига эга бўлмоқда.


Мамлакатимизда ўтказилган “Ипак йўлида туризм” халқаро ярмаркасида иштирок этиш учун ташриф буюрган Ислом ҳамкорлик ташкилоти делагацияси ҳам ана шулар жумласидан.


Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов делегация аъзоларига Марказнинг бунёд этилиши, экспозицияларнинг яратилиш ғояси ҳақида маълумот бераркан, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги ушбу мега лойиҳанинг илмий йўналишлари ва маърифий миссиясини батафсил гапириб берди.

 


Фирдавс Абдухолиқов таъкидлаганидек, Марказ нафақат тарихий меросни намойиш этадиган музей, балки жаҳон миқёсидаги илмий-тарихий тадқиқотлар, маданий алмашинув ва маърифий ҳамкорлик учун очиқ инновацион платформа ҳисобланади.


Ислом ҳамкорлик ташкилоти делегацияси аъзоларига шунингдек, Марказнинг асосий концептуал дастурлари, келгуси режалари ва йирик халқаро лойиҳалар ҳақида ҳам алоҳида маълумот тақдим этилди.


Нуфузли ташкилот вакиллари Марказ билан танишиш жараёнида ушбу масканда ислом цивилизацияси тарихининг замонавий услубда ёритилгани, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларининг етук алломалари мероси ноанъанавий тарзда намойишга тайёрлангани, Ўзбекистонда шаклланган қадимий илмий мактаблар ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, Янги Ўзбекистон бўлимларида юртимизнинг тараққиёт ислоҳотлари ҳақидаги экспозициялардан чуқур таассурот олдилар.

 


Делегация вакилларида катта қизиқиш уйғотган жиҳатлардан бири бу экспозицияларда тарихий мероснинг тақдим этилишидаги инновацион ёндашув бўлди. Шунингдек, 3000 йиллик тарихни ўзида мужассам этган музей экспозициясида дунёга машҳур буюк алломаларнинг юртимизда туғилганидан тортиб ҳанузгача халқаро ҳамжамиятда алоҳида эътироф этилаётган илмий, маънавий, маърифий мероси айнан Ўзбекистонга тегишли эканлиги ҳайратлантирди.


Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов делегация вакилларига қўшимча маълумот бераркан, музей нафақат сайёҳлар, балки ёш авлод учун ҳам муҳим маърифий маскан бўлиши мақсад қилинганини таъкидлади. Делегация аъзоларини ҳайратлантирган улуғ алломаларимиз ҳақидаги экспозицияларга ҳам тўхталаркан, бу Ўзбекистон энг бетакрор маданий, илмий меросга эга давлатлигининг яққол исботи эканлигини қайд этди.

 


Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг иқтисодий масалалар бўйича Бош котиб ўринбосари Аҳмад Сангендо бу масканни Ислом ҳамкорлиги ҳудудидаги энг илғор маданий марказлардан бири сифатида баҳолади. Унинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг бой илмий меросини халқаро майдонга олиб чиқиш жаҳон туризм салоҳиятини ошириш ва маърифий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

 

– Биз Ислом цивилизациясининг бу улуғ, буюк ва монументал масканида – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрганимиздан жуда мамнунмиз. Ушбу марказ барпо этилиб, унда исломнинг асл тарихи, илм- фан мероси ва буюк ютуқлари ҳужжатлаштирилгани учун Ўзбекистон Президенти, ҳукумати ва халқига чуқур миннатдорлик билдирамиз. Бу марказ нафақат тарихни қайта жонлантиради, балки ёш авлодга ўз илдизларини англаш, динини қадрлаш, исломнинг асл моҳияти — тинчлик, тараққиёт, илм- фан ва изланиш дини эканини чуқур тушуниш имконини беради. Ёшларни билимга, янгилик яратишга, мамлакати, мусулмон олами ва бутун инсоният тараққиётига ҳисса қўшишга ундайди. Марказ жуда пухта, мукаммал ва замонавий тарзда бунёд этилган. Бу ерда минглаб тарихий далиллар, экспонатлар мужассам бўлиб, уларнинг барчаси юксак савияда намойиш этилган. Ушбу ғояни илгари сурган инсонлардан, хусусан, Ўзбекистон Президентидан ва марказ жамоасидан миннатдормиз. Бу маскан исломнинг асл қиёфасини жаҳон ҳамжамиятига кўрсатадиган буюк илм-маърифат марказига айланишига умид қиламиз. Бу марказ фақат мусулмон оламига эмас, балки бутун инсониятга очиқ. Марказ нафақат Ўзбекистоннинг, балки турли минтақа ва халқларнинг тарихий тараққиёти, улар ўртасидаги алоқалар ва маданиятлараро мулоқот жараёнини ёритиб беради. Унинг аҳамияти шундаки, бу ерга келган ҳар бир киши ислом тарихи, илм-фани ва маданий мероси ҳақида ишончли, ҳаққоний ва бой манбаларга эга бўлади.


Ислом ҳамкорлик ташкилоти таркибига 57 та давлат киради. Ташкилот аъзо мамлакатлар ўртасида ҳамкорликнинг ёрқин намунаси бўлиб, биз ушбу марказ билан фаол ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз. Жумладан, тарихий тадқиқотларни ривожлантириш, ИҲТ давлатлари олимларини Ўзбекистонга таклиф қилиш, ўзбекистонлик тадқиқотчилар билан қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, ислом цивилизацияси ҳақидаги тўғри билимларни кенг ёйиш каби йўналишлардаги ишларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишга доим тайёрмиз. Биз исломнинг асл моҳияти – тинчлик, тараққиёт ва бирлик ғояларини дунёга етказиш йўлида ҳаракатдамиз. ИҲТ ушбу марказ фаолиятини тарғиб қилиш, аъзо давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш учун бор кучини сарфлайди, – дейди Аҳмад Сангендо.


Делегация аъзолари Қуръон залида намойиш этилган Усмон Мусҳафи ва 114 та ноёб Қуръон нусхаларининг жойлашувини катта қизиқиш билан томоша қилдилар. Шунингдек, улар миллий қадриятлар, жумладан, тарихдаги энг қадимий шахмат доначаларидан бири намойиш этилган экспозицияни юксак баҳоладилар.

 


Адама Ндиае, делегация аъзоси, Сенегалнинг туризмни ривожлантириш агентлиги раҳбари:

 

– Очиғи, мен Марказнинг бундай даражада улкан ва чиройлилигини тасаввур ҳам қилмагандим. Бу нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун ислом оламининг катта ёдгорлиги. Илм-фан учун ҳам бебаҳо манба. Чунки биз университетда талабаларга дарс берамиз ва ислом тарихининг илдизларини, унинг асосий босқичларини билиш биз учун жуда муҳим. Кўпинча дунёнинг айрим ҳудудларида ислом гўёки зиддиятли, можароли цивилизация сифатида талқин қилинади. Аммо бугунги ташриф бизга исломнинг асл моҳиятини янада аниқ кўрсатди: ислом – тинчлик дини, илм-фан дини. Бу диний мерос иқтисод, тиббиёт, астрономия, фалсафа, технология каби соҳаларни ривожлантиришга ундаган. Бу ерда тақдим этилган барча тарихий, илмий ва маънавий бойликлар бутун дунё илмий жамоатчилигига етказилиши лозим, деб ўйлайман. Менимча, бизнинг ҳар биримиз ўз давлатимизнинг вакили бўлиш билан бирга, ИҲТ – Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти аъзоларимиз. Биз ушбу улкан ҳамжамият доирасида давлатлар ўртасида илм-фан ривожига қандай ҳисса қўша олишимиз ҳақида ўйлашимиз керак. Бу жуда катта имконият, жуда кенг майдон. Президентингиз ташаббуси ва ғояси маҳсули бўлган ушбу Марказ музейи ўз ичига жамлаган маърифат, тарих, илм, маданият ва тараққиёт ғоялари орқали давлатларимизни яқинлаштиришда ҳам муҳим рол ўйнай олади. Бизда ноёб имконият бор: инсонлар ўртасидаги масофани қисқартириш, кўпроқ боғланиш, бир-биримиздан ўрганиш. Натижада бу ерда – Ўзбекистонда мавжуд илм-фан, тарих, қадрият ва мерос бутун дунёга тарқалади ва дунё билиб олади: исломнинг ҳақиқий қадриятлари айнан мана шу ерда, Ўзбекистонда амалда намоён бўляпти.

 


Ташриф якунида Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Марказ ўртасида келгуси режалар, туризм, маърифий алмашинув ва илмий лойиҳалар йўналишида ҳамкорликни янада кучайтириш истиқболлари ҳақида фикр алмашилди.