30 дан ортиқ давлатнинг халқаро ҳуқуқ экспертлари Тошкентда бетакрор тарих саҳифаларига ноодатий саёҳат қилди

 

Дунёнинг 34 давлати, хусусан, Марокаш, Латвия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон каби бошқа қатор давлатлар вакиллари иштирокида замонавий чақириқлар шароитида қонун устуворлигини таъминлаш бўйича Тошкентда  ўтказилган халқаро конференция доирасида ҳуқуқ мутахассислари Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги беқиёс илмий-маърифий макон – Ислом цивилизацияси марказида тарих билан юзлашдилар.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида ташкил этилганининг 3 йиллик юбилейига бағишланган “Замонавий чақириқлар шароитида қонун устуворлигини таъминлаш: муаммо ва ечимлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция қатнашчилари Ўзбекистондаги мега лойиҳа – Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюришди. 


Ҳуқуқ экспертлари ташриф давомида Марказнинг илмий, маданий ва маънавий бойликлари билан яқиндан танишдилар.

 


Нигор Қаландарли, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (Озарбайжон):

 

– Мазкур маскан Шарқнинг чуқур маданий илдизлари, ислом цивилизациясининг бой мероси ва минтақанинг кўп асрлик тарихини уйғунлаштирган ноёб илмий-маърифий марказлигига гувоҳ бўлдим. Бу ерга биринчилардан бўлиб ташриф буюриш катта мамнуният улашди. 


Марказ музейидаги нафис фрескалар, бадиий тасвирлар ва тарихий саҳналар эрамиздан аввалги давр ва бугунги кун маданиятининг ўзига хос уйғунлашган бир кўриниши. Бу борада яратилган атмосфера инсонни тарихнинг чуқур қатламларига саёҳат қилгандек ҳис уйғотади.


Мени энг кўп ҳаяжонга солгани бу экспозициядаги Каъба ёпинчиғидир. Илгари Макка ва Каъбада бўлганман. Бу ерда Каъба ёпинчиғини кўриб, яна ўша соф ва илоҳий ҳисни туйдим. Бу туйғу ҳеч нарсага қиёсланмайди. Ислом цивилизацияси марказини ташкил этганлардан миннатдорман — улар менга шу илоҳий руҳиятни яна бир бор ҳис қилиш имконини берди.


Марказда Шарқ ва Ғарбни боғловчи маънавий кўприк сифатидаги аҳамияти ҳам беқиёс, тарихнинг турли босқичлари, маданий қатламлар ва замонавий илмий ёндашувлар уйғунлашиб, кенг миқёсдаги халқаро аудиторияга хизмат қилмоқда.

 

Ташриф чоғида делегация аъзоларига Озарбайжон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистоннинг қадимий ҳудудлари, бу ҳудудларда шаклланган юксак маданият ва тарихий мерос намуналари ҳам кўрсатилди. 

 

Нигор Қаландарлининг фикрига кўра, бу ёндашув умумий туркий тарихимизнинг яна бир ёрқин исботи.


Марказнинг ёшлар тарбиясидаги ўрнига ҳам алоҳида урғу бериб, бу ерга келган ҳар бир ёш тарихни кўради, ҳис қилади ва ўзлигини англашини ва бу келажак авлод учун бебаҳо мерослигини таъкидлади.

 

– Бу марказни бир марта кўриш билан чекланиб бўлмайди. Мен бошқа давлатлардаги ҳамкасбларимга ҳам албатта тавсия қиламан. Ўзим ҳам оилам билан яна бир бор келиб, бу ернинг бой мероси билан яна танишишни истайман, – деди озарбайжонлик ҳуқуқшунос ташриф якунида хулосаларини билдираркан.


Делегация аъзолари ушбу ташрифдан мамнунлигини билдириб, Президент Шавкат Мирзиеёв ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига муваффақият тилашди.

 

 

 

Хадича Элмадмад, Марокашнинг Касабланка Университети юридик фанлари доктори, профессор:

 

— Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилгани ҳақида эшитиб, бу ерга келганимдан жуда мамнун бўлдим. 


Марказ ичида мени энг кучли ҳаяжонга солган жиҳат — Каъба ёпинчиғи намойиш этилган экпозиция бўлди. Гўё Каъбанинг ўзи шу ерга кўчиб келгандек туюлди. Бу жуда таъсирли. Каъбани зиёрат қилиш имконига эга бўлмаганлар ҳеч бўлмаганда бу ерга келиб, унинг муқаддаслигини ҳис қилиши мумкин. Марказдаги  бу ёндашув энг эзгу ишлардан бири. 


Айтишим мумкинки, ҳозир марокашликлар Ўзбекистонни кашф этмоқда — кўпчилик сайёҳ сифатида келишни бошлаган. Мен ҳам апрель ойида келишни режалаштирган эдим. Айниқса, Имом Бухорий ва унинг “Саҳиҳ” асарлари мамлакатимизда катта ҳурмат билан ўрганилади. Шу сабабли Бухорий мақбараси ва сизнинг Марказ каби муқаддас жойларга ташриф буюриш биз учун алоҳида қадриятдир.


Бу ерга келган тажрибамни нафақат илмий фаолиятимда, балки оилам билан суҳбатларимда ҳам албатта бўлишаман. Бу ташриф мен учун унутилмас бўлди. Сизларга самимий миннатдорчилик билдираман.

 

 

Гулнар Бахтиёр қизи, Қозоғистон Республикаси Ҳуқуқий статистика қўмитаси катта прокурори:

 

— Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фикрларим ниҳоятда ижобий. Бутун Ўрта Осиё маданиятини ягона форматда, битта музейда жамлаб, чуқур трансформация асосида тақдим этиш — бу, шубҳасиз, бетакрор ғоя. Бу — ҳақиқий генийлик намунаси, бу гапни қўрқмай ишлатаман. Марказда намойиш этилган ҳар бир артефакт алоҳида ҳурматга лойиқ.


Музей экспозициясидаги танга коллекцияларига алоҳида тўхталмоқчиман. Қозоғистон тарихининг беш жилдлик нашрида қайд этилишича, қадимий тангалар ва илк валюта тизимининг шаклланиши мамлакат суверенитетининг муҳим белгиларидан бири ҳисобланади. Шу маънода, бу ерда асрлар давомида муайян ҳудуднинг иқтисодий ва маданий ривожига оид ўзига хос жиҳатлар жуда аниқ акс эттирилган.


Марказдаги экспозициялар изчил ва равшан ёритилган. Албатта, тарихни қайта яратиб бўлмайди — у такрорланмайди. Аммо археологик топилмалар, қазишмалар, илмий тадқиқотлар орқали биз унинг бўлакларини мозаика сингари йиғиб борамиз. Шу боис, ҳозир бу ерда намойиш этилган экспонатлар Ўзбекистоннинг бутун цивилизацион меросини бир маконда уйғунлаштиришга қаратилган улкан уринишдир. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган бу марказ менда жуда катта таассурот қолдирди. Ҳақиқатдан ҳайратдаман.


Музейнинг ишлаш тамойили, яъни тарихий артефактлар ва замонавий технологияларнинг уйғунлашуви — алоҳида эътирофга лойиқ. Экспонатлар нафақат кўргазма сифатида қўйилган, балки интеграция ва дигитал талқин орқали жонлантирилган. Сунъий интеллект қўлланилганини ҳам пайқадим. Замонавий техник имкониятларнинг қадимий тарих билан бундай чиройли уйғунлашуви — жуда гўзал ечим.

 

Музей инсон тафаккурида чуқур силкиниш уйғотади: кўпинча иккинчи даражали деб ҳисоблаган нарсалар аслида биринчи даражали қадриятга айланади. Вақт ўтиши билан қарашларимиз ўзгаради.


Биз бир вақтнинг ўзида Ғарбга ҳам, Шарққа ҳам мурожаат қиламиз. Аммо барибир биз шарқона маданий мерос эгаларимиз. Вазифамиз бу меросни тўғри талқин қилиш ва авлоддан авлодга етказишдир.


Бу музей ҳақида чексиз гапириш мумкин. Очиғини айтсам, мен жуда чуқур таассурот олдим. Ҳатто бундай улкан музей мавжудлигини тасаввур қилмаган эдим. Балки уни Эрмитаж билан солиштириш мумкин. Албатта, бу тўлиқ таққослаш эмас, лекин бу Марказдан олган таассуротим шунга яқин — жуда катта ва ҳайратли. Бу имкониятни берганингиз учун раҳмат.

 

 

Ғолибжон Санаварзода, юридик фанлари доктори (Тожикистон):

 

— Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидан чуқур ҳайратда қолдим. Бу марказнинг ҳар бир бўлимида нафақат ислом тарихига, балки бутун Ўрта Осиё мамлакатларининг шаклланиши ва ривожланиш жараёнига оид алоҳида, батафсил ва тизимли маълумотлар берилган. Бу ёндашув — тарихни ҳудудлар бўйича изчил кўрсатиш — мени жуда ҳайратлантирди.


Энг ёққан жиҳатлардан бири — бу ерда Саудия Арабистонидан, Маккадан олиб келинган ноёб коллекцияларнинг мавжудлиги. Улар орасида жуда кам учрайдиган, катта маънавий аҳамиятга эга экспонатлар ҳам бор. 


Бундан ташқари, марказнинг замонавий рақамлаштиришга асосланган ёндашуви мени янада ҳайратга солди. Тарихий нодир ёдгорликлар, меъморий манбалар ва қадимий нашрларнинг намойиш этилиши ва шу билан бирга контентларнинг рақамли форматда ҳам жонлантирилган. Интеллектуал технологиялар қўлланилгани, тарихий жараёнларнинг интерактив тарзда тақдим этилгани — жуда катта инновация. Бу илмийлик ва замонавийликнинг ажойиб уйғунлиги.


Шуни ишонч билан айта оламан: мен жуда мамнунман. Бу ерда жамланган бойлик — фақат Ўзбекистонга эмас, балки бутун Ўрта Осиёга, ҳатто глобал миқёсдаги илмий ва маънавий жамоатчиликка тегишли меросдир. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган ушбу марказни яратишда, уни бугунги даражага етказишда меҳнат қилган барча инсонларга чин дилдан раҳмат айтаман.