Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бутун дунёга тарих ва маданиятни асрашнинг янги йўлини кўрсатмоқда – ЕИ ва Марказий Осиёнинг 100 дан ортиқ мутахассислари эътирофи
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган ва бутун мусулмон оламида катта қизиқиш уйғотаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази глобал миқёсда ҳам маърифат, илмий тадқиқот ва цивилизациялараро мулоқотнинг янги рамзи сифатида кенг эътироф этилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан туриб мазкур марказнинг жаҳон илм-фани ва ислом маданияти ривожидаги ўрнини алоҳида таъкидлагани бежиз эмас — бу маскан замонавий инновациялар билан қарийб 3000 йиллик илмий-маънавий меросни бирлаштирган беқиёс мажмуа сифатида халқаро доирада тобора катта эътибор қозонмоқда.
Марказ нафақат тарихий қўлёзмаларни сақловчи илмий хазина, балки ислом дунёси ривожининг янги интеллектуал платформаси, маданий дипломатия маркази ва туризм салоҳиятини оширувчи стратегик макон сифатида ўз нуфузини кенгайтирмоқда.
Тошкентда ўтказилган “Ипак йўлида туризм” халқаро ярмаркаси доирасида Европа Иттифоқи (ЕИ) ва Марказий Осиёдан мамлакатимизга ташриф буюрган 100 дан ортиқ туризм соҳаси мутахассислари ҳам Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Делегация аъзоларига ташриф давомида Марказнинг концептуал экспозициялари, стратегик мақсадлари, илмий-тадқиқот йўналишлари ва халқаро ҳамкорлик дастурлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Жаиме Маяки, “UN Tourism” халқаро туризм ташкилоти директори:
– Ислом цивилизацияси маркази – ҳақиқатан ҳам ноёб маскан. У шунчаки музей эмас, балки ислом тарихи ва цивилизацияси меросини ўрганишга қаратилган илмий-тадқиқот ва маданий платформа. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан бунёд этилган бу марказ нафақат минтақа, балки жаҳон миқёсида ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Марказнинг кўп қирралилиги уни ўзига хос қилади: бу ерга сайёҳлар билан бирга олимлар ва исломшуносликка қизиққан мутахассислар ҳам келиши табиий. Айниқса, Ипак йўли тарихи билан боғлиқ артефактларнинг жамланиши – барча давлатлар учун бебаҳо мерос. Шу боис Ипак йўли, исломшунослик ва Марказий Осиё маданиятига қизиққан ҳар бир инсон учун бу жой алоҳида манзил бўла олади. Марказ илмий ёндашув, тарихий манзара ва замонавий мультимедиа ечимларини ўзида уйғунлаштиргани билан ажралиб туради. Тўғриси, бу ер менга жуда кучли таассурот қолдирди.
Кўплаб мамлакатларда бўлганман, аммо бундай марказни биринчи марта кўрдим. Ишончим комилки, Ўзбекистон айнан шу лойиҳа орқали халқаро миқёсда янада катта эътибор қозонади. Бу ташаббус билан Ўзбекистонни чин дилдан табриклайман.
Марказ мусулмон олами учун ҳам улкан аҳамиятга эга. Ислом ҳақида тўғри ва ижобий тасаввурни беришда бу жой муҳим роль ўйнайди. Илмий-тадқиқот фаолияти эса олимлар учун катта имконият яратади: улар бу ерда исломнинг турли халқлар ва маданиятларга кўрсатган ижобий таъсирини чуқур ўрганиши мумкин.
Марказ бўлимларида тарихий жараёнлар замонавий технологиялар, жумладан, сунъий интеллект асосида ишланган визуал материаллар орқали жонли ва аниқ намойиш этилган. “Ўтмиш–бугун–келажак” концепциясининг уйғунлиги марказнинг энг катта ютуғи, деб ҳисоблайман.

Делегация аъзоси, Европа курортлар ассоциациясининг вице-президенти Мартин Плачи эса Марказдаги мультимедиали тизимларни юқори баҳолаб, тарихни рақaмли ва интерфаол шаклда талқин қилиш бугунги авлод учун жуда муҳим эканини таъкидлади.
– Бу менинг Ўзбекистонга, хусусан, Тошкентга илк бор келишим. Сизнинг ниҳоятда гўзал музейингизни кўздан кечирдик. Аммо “гўзал” сўзи бу жой учун етарли эмас, музей ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли даражада ажойиб.
Марказ музейи экспозицияларидаги мультимедиали проекциялардан жуда катта таассурот олдим. Бугунги ёш авлод тарихни ҳам рақамли ва жонли тарзда кўришни истайди. Бу ерда айнан шундай ёндашув қўлланилган: тарих шунчалик оригинал ва замонавий шаклда намойиш этилганки, ўзингизни гўё ўша давр ичида юргандек ҳис қиласиз. Менимча, Президентингизнинг бу ташаббуси жуда катта ютуқ. Сизларни чин дилдан табриклайман.

Мона Бжорклунд, Европа Комиссиясининг Мобил ва транспорт масалалари бўйича бош дирекцияси директори:
– Бу марказ менда ниҳоятда катта таассурот қолдирди. Бу ерга ташриф буюриш имконияти берилганидан чин дилдан миннатдорман. Марказ Марказий Осиёнинг буюк тарихини, Ўзбекистоннинг ва Ипак йўлининг меросини жуда ёрқин ва замонавий шаклда намоён этади. Ҳар бир меҳмон бу ерда нафақат тарихни кўради, балки уни ҳис қилади. Мени айниқса экспозицияларнинг замонавийлиги ва интерактивлиги ҳайратга солди, бу жуда ноёб ва эсда қоларли тажриба бўлди.
Аввал Марказ ҳақида эшитмаган эдим, делегация таркибида ташрифимиздан олдин у ҳақида ўқиб чиқдим ва шу орқали дастлабки маълумотларга эга бўлдим. Аммо ўзим кўрганларим кутганимдан анча улкан ва таъсирли бўлиб чиқди.
ЕИ ва Марказий Осиёдан ташриф буюрган делегация аъзолари Марказнинг халқаро ҳамкорликка очиқлиги, илмий алмашинув ва қўшма лойиҳалар учун яратилаётган имкониятларни юқори баҳоладилар.
Шунингдек, делегация аъзолари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бутун дунёга тарих ва маданиятнинг янги йўлини кўрсатадиган маърифий маскан бўлишини эътироф этишди.
Делегация вакилларига кўра, келгусида ИҲТ, БМТ Туризм ташкилоти, ICESCO ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар билан қўшма тадқиқотлар, маърифий дастурлар ва илмий алмашинувлар йўлга қўйилади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа