Дмитрий Вихруков: “Бу илмий-маърифий иншоот Ўзбекистоннинг катта ютуқларидан бири”
Ўзбекистон пойтахтида қад ростлаган Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда замонавий тафаккур ва маданий янгиланиш тимсолига айланиб бормоқда.
Турли давлатларнинг расмийлари, тадқиқотчилари ва зиёлилари учун бу маскан Ўзбекистон тарихининг ёрқин нигоҳи, илм-фан ва маънавият уйғунлигининг жонли намунаси сифатида қизиқиш уйғотмоқда.

Мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазирлиги делегацияси ҳам Марказ фаолияти билан яқиндан танишди. Делегация аъзоларига Марказ музейидаги тарихнинг турли босқичларига бағишланган экспозициялар, қадимий ва ноёб қўлёзмалар ҳамда замонавий интерактив экспозициялар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Дмитрий Вихруков, Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари:
– Агар музей ҳақида гапирадиган бўлсам, энг аввало, унинг кўлами ва нафислиги кишини ҳайратга солади. Бу ерда улкан тарихий мерос замонавий технологиялар билан уйғунлашган ҳолда ўта пухта намойиш этилган. Ўтмишнинг буюк саҳифаларини келажак билан боғлай олган бундай макон ўзида катта маъно ва руҳни мужассам этган. Марказ бизда жуда кучли таассурот қолдирди. Президентингиз раҳнамолигида бундай илмий-маърифий иншоотнинг яратилиши — Ўзбекистоннинг катта ютуқларидан биридир. Шубҳасиз, бу жой дунёнинг турли бурчакларидан келувчи меҳмонларни ҳайратга солади.
Ташриф давомида делегация Марказнинг маърифий салоҳияти, инновацион экспозициялари ва халқаро аҳамиятга эга илмий платформа сифатидаги имкониятларини юқори баҳолаб, келажакда ҳамкорликни кенгайтириш истагини билдирдилар.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа