Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Туризм форумида Ўзбекистондаги мега лойиҳа ҳақида маълумот берилди

 


Тошкентда ўтаётган “Ипак йўлида туризм” халқаро ярмаркаси доирасида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Туризм форуми бўлиб ўтиб, унда ўнлаб мамлакат вакиллари туристик ҳамкорлик, инновациялар ва маданий меросни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Форумда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилган мега лойиҳа –  Ислом цивилизацияси маркази мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди. Марказ музейи экспозицияларида сунъий интеллект асосида яратилган контентлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.


Форумда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Сенегал ва қатор бошқа мамлакатлардан туризм соҳасига масъул ташкилотлар раҳбарлари ҳамда мутахассислар иштирок этдилар. Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов маъруза қилиб, марказнинг халқаро аҳамияти ва сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

 

– Сўнгги йилларда марказ фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўндан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинди. Экспозицияларни яратишда маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирок этмоқда. Марказ музейи замонавий талаблар асосида жиҳозланиб, 250 дан зиёд тач-панеллар ўрнатилди. Буюк аждодларимизнинг сиймоси сунъий интеллект технологиялари ёрдамида аватарлар орқали жонлантирилди. Олимларимиз ишлаб чиққан илмий лойиҳалар экспозицияда кенг қўлланилмоқда, — деди Рустам Жабборов. 

 

Тадбир давомида Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Бугун форум иштирокчиларининг Марказга ташрифи режалаштирилган.